Линклар

Футбол бўйича 2014 йилги жаҳон чемпионати саралаш ўйинларининг 4-босқичида Ўзбекистон қайси жамоалар билан беллашиши аниқланди. Куала-Лумпурда ташланган қуръа натижаларига кўра, “А” гуруҳида Ўзбекистон терма жамоаси билан Жанубий Корея, Эрон, Қатар ва Ливан командалари ўйин кўрсатади. Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош тренери Вадим Абрамов Озодлик билан суҳбатда ўз шогирдлари рақибларига муносиб ўйин кўрсата олишига шубҳа билдирмаслигини таъкидлади.

Осиё Футбол конфедерациясининг Куала-Лумпурдаги бош қароргоҳида жума куни ташланган қуръа 2014 йилги Жаҳон чемпионати саралаш ўйинларининг 4-босқичида Ўзбекистон терма жамоаси “А” гуруҳида Жанубий Корея, Эрон, Қатар ва Ливан терма жамоалари билан беллашишини аниқлаб берди.

Осиё қитъасидаги миллий жамоалар ўртасида ўтказиладиган 4-босқич саралаш ўйинларида яна бир гуруҳда бешта команда беллашади. “В” гуруҳига Австралия, Япония, Иордания, Ироқ ва Оман терма жамоалари тушди.

Иккала гуруҳдан иккитадан команда Бразилияда 2014 йилда ўтказиладиган чемпионатга йўлланма олади.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийси Вадим Абрамов, қуръа ташлаш тадбиридан кейин Озодликка берган интервьюсида, иккала гуруҳ таркиби бўйича бир хил имкониятга эга, деган фикрни билдирди. Аввалги босқичдаги ўйинларга кўра, Ўзбекистон термаси ўз гуруҳидаги рақибларига қарши яхши ўйин кўрсата олишига ишонаман, дейди тренер.

- Принципда, иккала гуруҳ ҳам имкониятлар бўйича мутлақ бир хилдир. Биз қандай ўйин кўрсатишимиз, бошқа масала. Тайёргарлик яхши бўлса, шунга яраша ўйнаймиз. Менимча, рақбиларимизни доғда қолдириш имконларимиз кўп. Ҳар қалай, аввалги ўйинларимиз улардан заифроқ эмаслигимизни кўрсатди, менимча. Фақатгина тўғри тайёрлансак, бўлди,- дейди Вадим Абрамов.

Вадим Абрамов ўз шогирдлари яхши ўйин кўрсата олишига ишонади.

Вадим Абрамов ўз шогирдлари яхши ўйин кўрсата олишига ишонади.

Осиёдаги саралаш ўйинларининг 3-босқичида “С” гуруҳида Ўзбекистон терма жамоаси биринчи ўринни эгаллаб, кейинги босқичга йўлланма олди. Ўзбек футболчилари сўнгги ўйинда Япония командасини 1:0 ҳисобида мағлуб этиб, 16 очко тўплашга муваффақ бўлди.

Вадим Абрамов шу билан бирга “А” гуруҳига тушган рақиб командалар маҳоратини ҳам камситмаслик лозим ва ҳар бир ўйинга жиддий тайёргарлик кўришимизга тўғри келади, дея давом этади.

- Имконларимиз қолган жамоалар билан бир хил. Ҳаммаси бу имкондан қандай фойдалана олишимизга боғлиқ бўлади. Яхши ўйинга тайёр бўлиб туришимиз керак. Менимча, гуруҳимизга тушган командалардан кучсизроқ эмасмиз, дейди Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийси Вадим Абрамов.

4-босқич доирасида Ўзбекистон термаси биринчи ўйинни Эрон командаси билан жорий йил 3 июн куни Тошкентда ўтказади.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё саралаш ўйинларида фавқулодда яхши ўйин кўрсатиб келмоқда. Бироқ Эрон билан бўладиган учрашувда жамоанинг асосий ўйинчиларидан бири - ярим-ҳимоячи Сервер Жепаров билан бирга Шавкатжон Муллажонов, Санжар Турсунов, Ислом Тўхтахўжаев ва Вагиз Галиулинлар қатнаша олмайди. ФИФА Тартиб-интизом қўмитаси бу футболчиларни “Ҳалол ўйин” принципларини бузганликда айблаб, келгуси иккита ўйинда четлатган.

Бразилияда 2014 йилда бўладиган Жаҳон чемпионатига икклла гуруҳдан иккитадан команда чиқади. Ўзбекистон жамоасининг саралаш босқичида яхши ўйин кўрсатиб келаётгани ўзбекистонлик футбол ишқибозларида некбинлик туғдирмоқда.

Ўзбекистон терма жамоасининг Бразилияга йўлланма олиш имконлари ҳақида хаваскор футбол шарҳловчиси Содиқжон Нўъмоновдан сўрадик.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG