Линклар

logo-print

Воронеждаги дизентерия эпидемиясига ўзбекларнинг алоқаси йўқ


Воронеж вилоятида иккита корхона ишчиларининг дизентерия билан касалланганлигида ўзбек муҳожирлари айбланмоқда. Бироқ, эпидемиология назоратини олиб борувчи Роспотребнадзор идорасининг бу иддаолари маҳаллий прокуратура ўтказган текширув натижасида ўз исботини топмади.

2012 йилнинг февралида Воронеж вилояти Лиски туманида жойлашган “Лискибройлер” ва “Лискимонтажконструкция” корхоналарининг 62 ишчиси дизентерия билан касалланган эди.

Текширув ниҳоясига етмасдан Лиски шаҳрида эпидемиологик вазият учун жавобгар Роспотребнадзор юқумли касалликни тарқатишда ўзбек муҳожирларини айблади.

Идора расмийлари “инфекция корхона ишчиларига юқишидан аввал, мигрантлар дизентерия билан касаллангани аниқлаган”, дея иддао қилди.

Воронеж вилояти бўйича Роспотребнадзор бошқармаси раҳбари Михаил Чубирко эпидемия сабабчилари аниқланиб, уларга нисбатан тегишли чоралар кўрилгани хусусида ҳисобот беришга шошилди.

- У ерда тиббиёт ходимларининг ҳам айби бор. Ҳамма айбдорлар тегишли жазосини олди – маъмурий жавобгарликка тортилди. Айбдорларга нисбатан 15 тага яқин протокол тузилди. Теширувга прокуратурани ҳам жалб қилдик, деди Михаил Чубирко.

Роспотребнадзор ўтказган тафтиш давомида барча касалланганлар сув музлатгич ва водопровод кранидан олинган сув ичгани аниқланган. Шунингдек, идоранинг расмий сайтида келтирилган ҳисоботда “Лискибройлер” ва “Лискимонтажконструкция” корхоналаридаги таъмирлаш ишларига меҳнат муҳожирлари жалб қилингани қайд этилган.

Эпидемиологлар дизентерия сув қувурларини таъмирлаган ўзбеклардан юққанини иддао қилди.

“Бу шахсларнинг олдин ичак касалликлари билан касаллангани ва уй шароитида даволангани аниқланган”, дейилади ҳисоботда.

Бир неча кун давомида маҳаллий эпидемиологлар заводларда дезинфекция ишларини олиб борди ва инфекция ўчоқлари бартараф этилгани ҳақида ҳисобот берилди.

Лекин, бу ишчиларни заводга олиб келган “АШТ-Строй” корхонаси директори Қудрат Кенжаев Озодликка воқеа тафсилотларини гапирар экан, “биз ҳеч қандай қувур таъмирлашга жалб қилинмаганмиз”, дейди.

- Биз шу заводда қурилиш ишларини қиламиз, унақа водопровод ишларини қилмаймиз. Бизнинг боллар бўлгани йўқ касал, аввалига 10-15 ўрислар касалхонага мурожаат қилган, корхона фелдшерига мурожаат қилган яна 5-6 таси. Уларнинг диагнози бир хил – дизентерия, лекин касаллик таёқчалари ҳар хил экан. Яъни, улар бир жойдан касалланмаган. “Лискибройлер” товуқ заводи ва “Лискимонтажконструкция” заводларида касаллик параллел бошланган, чунки овқат бир жойдан ейилади ва тарқатилади. Битта заводда 1200, наргисида 600 тача ишчиси бор. Шулардан жами 300 тачаси касалланган. Худо кўрсатмасин “скорий” чақирадиган бўлса, жиноий иш бўйича статья қўйилади. Шунинг учун ишчиларнинг кўпи уйида ётиб ўзини-ўзи даволади,- дейди, Қудрат Кенжаев.

Корхона раҳбарининг сўзларига кўра, у бошқараётган корхонада асосан Ўзбекистон ва Тожикистондан келган меҳнат муҳожирлари ишлайди ва уларнинг яшаши ва меҳнат қилиши учун барча шароитлар яратилган.

Қудрат Кенжаев ўзининг корхонасида ишлаётган меҳнат муҳожирларининг деярли барчасига маҳаллий ФМС томонидан ишга руҳсат берувчи тиббий маълумотнома берилганини қўшимча қилди.

Воронеж вилояти Лиски туманида қарйиб 10 йилдан буён фаолият олиб бораётган "АШТ-Строй" ширкати директори Қудрат Кенжаев расмийларнинг дизентерия ва бошқа юқумли касалликларга айнан марказий-осиёлик мигрантларни боғлаши асоссиз эканини прокуратура текшируви инкор қилганини айтади.

- Куни кеча суд бўлди. Бизнинг фаолиятимиз 45 кунга вақтинчалик тўхтатилди. “10 мингдан 20 минг рублгача жарима бўлади”, деди. Прокуратура эса бизга “Мигрантлар қонуний асосда ишлаяптими?”, деган саволни қўйди, холос. Товуққа бериладиган нарсалар бор. Мароккодан балиғнинг майдаланган суяги, уни келади. Ундан ташқари яна бошқа биодобавкалар, антибиотиклар келади. Прокуратура ёзибдики, касаллик мана шу озуқадан чиққан. “Касаллик сувдан чиқди деса”, уни бутун заводга беради технический сифатида ҳам. Иккинчидан, “окорочкодан чиқди”, дейдиган бўлса ҳеч ким олмай қўяди, корхонаси банкротга учрайди. Учинчиси, бу заводни сотиб олмоқчи бўлган конкурентлар махсус қилган бўлиши ҳам мумкин, дейди маҳаллий идоралар босими остида қолган тадбиркор Қудрат Кенжаев.

Озодлик мухбири Қудрат Кенжаев бошқараётган “АШТ-Строй” ширкатига қарашли ишчилар ётоқхоналари ва фермаларидаги вазиятни бевосита кўриш имконига эга бўлди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG