Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:21

Марказий Осиë АҚШ учун 2014 йилдан сўнг ҳам муҳимлигича қолади


Роберт Блейк.
Роберт Блейк.

Озодлик мухбири билан суҳбатда АҚШнинг бу минтақага нисбатан сиëсати мутасаддиларидан бири Роберт Блейк шундай баëнот берди.

АҚШ 2001 йилда халқаро террорчилик маркази сифатида Афғонистондаги жанггари гуруҳларга уруш бошлаганидан бери унга туташ Марказий Осиë Вашингтон ташқи сиëсатида устивор аҳамият касб этган минтақага айланди.

Орадан ўн йилдан кўпроқ вақт ўтиб¸ бугун АҚШ етакчилигидаги НАТО қўшинлари Афғонистондан чиқишга ҳозирлик кўраëтган экан¸ Марказий Осиë ҳукуматларини бу кетишнинг ўзларига қандай таъсир кўрсатиши¸ Вашингтон харитасидаги ўз аҳамиятининг қанчалик ўзгариши ўйлантирмоқда.

АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиë бўйича ëрдамчиси Роберт Блейк билан суҳбатда Озодлик мухбири ана шу хавотирлар билан боғлиқ саволларга жавоб излади.

Озодлик: АҚШнинг Марказий Осиëга нисбатан жорий стратегияси танқидчилари¸ Афғонистон урушидаги иттифоқчилиги боис Вашингтон бу минтақадаги инсон ҳақларининг аяанчли вазиятига кўз юмиб келмоқда¸ деб таъкидлашади.

Аммо сиз кейинги чиқишларингизда бунинг аксини тасдиқлашга уриндингиз. АҚШнинг Марказий Осиë ҳукуматлари билан хавфсизлик соҳасидаги иттифоқчилиги¸ сиз таъкидлаган каби¸ инсон ҳақлари соҳасида ҳам қандайдир илгари силжишга хизмат қилдими?

Роберт Блейк: Марказий Осиë ҳукуматлари билан нафақат Шимолий таъминот тармоғи ва хавфсизлик¸ балки кенг кўламли ҳамкорлигимиз АҚШ ва бу ҳукуматлар ўртасидаги ўзаро ишончни кучайтиришга ëрдам берди.

Айрим ҳолларда бу ҳамкорлик инсон ҳуқуқлари соҳасида сал бўлса-да прогрессга олиб келди. Аммо мен бунга ортиқча урғу бермаган бўлардим.

Менимча¸ Марказий Осиë ҳукуматлари Афғонистондаги вазиятдан жиддий хавотирда ва шу боис кучайиб бораëтган исломий таъсирнинг ўз ҳудудларидаги вазиятидан кўз узмай келаëтирлар. Ана шу сабаблар боис¸ минтақадаги айрим ҳукуматлар ўз тузумларини биз умид қилган даражада тезроқ очмаëтирлар.

Аммо нима бўлишидан қатъий назар¸ бизнинг Марказий Осиë ҳукуматлари билан кучайган ҳамкорлигимиз инсон ҳақлари ва ислоҳотлар борасида яхшироқ мулоқот қилишимизга йўл очди. Бугун биз улар билан жуда¸жуда очиқ сўзлашувлар олиб бораëтирмиз. Сизга очиқ айтадиган бўлсам¸ биз Марказий Осиë ҳукуматлари билан¸ масалан¸ диний эркинликлар¸ëхуд матбуот эркинлиги доирасини кенгайтиришнинг нима учун улар манфаатига хизмат қилиши ҳақида гаплашаяпмиз. Биз инсон ҳақларига кўпроқ ҳурмат кўрсатиш улар истаëтган барқарорликка хизмат қилишига ишонамиз.

Биз яқин ҳамкорликни бошлаганимиздан бери Ўзбекистонда айрим диссидентлар қамоқдан озод этилди. Бу одамлар ҳақида биз Тошкент ҳукумати билан шовқин-суронсиз гаплашдик. Бу каби мисоллар кўп¸ аммо уларга ортиқча урғу бериш фикридан йироқман.

Минтақадаги инсон ҳуқуқлари вазиятида катта ўзгариш бўлмади¸ аксинча кўп ҳолларда бу вазият ëмонлашди. Шу боис бу масала ҳамон Марказий Осиë ҳукуматлари билан муносабатларимиз кун тартибида қолмоқда.

Озодлик: Бугун Марказий Осиëнинг аксар ҳукуматлари АҚШ 2014 йилда ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиққач¸ унинг минтақага нисбатан сиëсатини қай томонга ўзгаради¸ деган саволга жавоб изламоқда. Сал олдинга кетиб бўлса-да¸ шу саволга жавоб бера оласизми?

Роберт Блейк: Икки йилдан кейин муносабатларда ним ўзгариши ҳақида гапириш ҳамиша хатарли иш. Аммо шундан бўлса-да¸ АҚШ 2014 йилдан кейин ҳам Марказий Осиë¸ шунингдек Афғонистонга катта эътибор беришда давом этади¸ деб айта оламан.

Минтақанинг аксар ҳудудларида АҚШ қўшинларининг 2014 йил охирига бориб Афғонистондан чиқарилиши Вашингтон бу минтақани ўз ҳолига ташлаб қўяди¸ деган қабилда нотўғри тушунилмоқда.

АҚШ Афғонистон билан узоқ муддатли шерикчилик¸ айниқса¸ иқтисодий ҳамкорликни давом эттираверади.

Бундан ташқари¸ Афғонистонда аксил-террор амалиëтлари ва маҳаллий ҳарбийлар билан машғулотлар ўтказиш учун АҚШ нинг чекланган ҳарбий қўшинлари қолишда давом этади. Ҳозирда бу қўшинларнинг аниқ вазифасини белгилаш юзасидан Кобул ҳукумати билан музокаралар бормоқда.

Худди шундай¸ биз Марказий Осиë ҳукуматлари билан кучли ҳамкорликни давом эттираверамиз. Зотан бу минтақанинг барқарор ва иқтисодий жиҳатдан ривожланган бўлиши¸ қолаверса минтақавий интеграциянинг амалга ошиши АҚШ учун ўта муҳимдир.

Менимча¸ ҳозирда бу борада жиддий имкон мавжуд ва эндигина бошланган бу жараëн 2014 йилдан сўнг ҳам давом этади.

Озодлик: Афғонистондан АҚШ қўшинлари чиқиб кетганидан сўнг Марказий Осиë юзма-юз бўладиган энг йирик таҳлика¸ Сизнингча¸ нима? Минтақа давлатлари бу таҳдидни бартараф этишга тайëрми?

Роберт Блейк: Мен 2014 йилдан кейинги вазиятни башорат қилишга ҳаракат қилишни истамайман. Бу савол жавобини билмаймиз. Аммо биз Афғонистонда хавфсизлик борасида амалга оширилаëтган бу муҳим ўтиш даврини қўллаш учун қўлимиздан келган ишни қилаëтирмиз.

Бу борада Афғонистонда хусусий секторни ривожлантириш¸ минтақавий алоқадорликни яратиш ўта муҳимдир. Марказий Осиëдаги дўстларимиз минтақавий истиқболга қаттиқ ишонадилар ва Афғонистондаги барқарорликка ҳисса қўшишни истайдилар.

Озодлик: Россия матбуотида АҚШ қўшинлари ва ҳарбий техникасининг Афғонистондан олиб чиқилиши йўналишига оид айрим зиддиятли маълумотлар чиқмоқда. Айрим нашрлар¸ бу йўналишнинг Ўзбекистон ҳудудидан ўтишини ëзмоқда¸ бу ҳақиқатан ҳам шундайми.

Яна айрим нашрлар¸ АҚШ ҳарбий техникаси бир қисмининг Ўзбекистонда қолиши ҳақида хабар тарқатди. Тошкент ҳукуматининг репрессив табиатидан келиб чиққан ҳолда¸ бундай хабар айримларда ташвиш уйғотмоқда. Бу гаплар тўғрими ?

Роберт Блейк: Мен хавфсизлик нуқтаи назаридан келиб чиқиб¸ АҚШ қўшинларининг қайси йўналишда олиб чиқилишга оид маълумот бера олмайман. Аммо АҚШ қўшинлари Афғонистондан олиб чиқилар экан¸ бу ерга олиб келинган Америка ҳарбий техникасининг ҳаммаси Афғонистонда қолмаслиги аниқ¸ зотан бунча қуролнинг афғонларга кераги йўқ.

Шу боис ортиқча ҳарбий техниканинг қайсидир қисми Шимолий таъминот тармоғи ўтувчи мамлакатларда қолади. Бу жараëннинг қандай бўлишини АҚШ Мудофаа вазирлиги Марказий Осиë ҳукуматлари ўзаро сўзлашувлар орқали ҳал қиладилар.

Бу жараëнда ўзига хос чекловлар бор ва биз жанговар қуролларни Ўзбекистонда қолдиришни истамаймиз. Минтақада қолдириладиган ҳарбий техника асосан мудофаа характерида бўлади ва бу ҳукуматларга АҚШ билан ҳамкорликдан туғилган эҳтимолий таҳликалардан ўзларини ҳимоя қилиш имконини беради.
XS
SM
MD
LG