Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:23

Қирғизистон ташқи қарзини Афғонистон орқали узмоқчи


Қирғизистон молия вазири Акилбек Жапаров ўз мамлакати ташқи қарз ҳисобидан Афғонистонга маҳсулот етказиб бериши мумкинлигини айтди.
Қирғизистон молия вазири Акилбек Жапаров ўз мамлакати ташқи қарз ҳисобидан Афғонистонга маҳсулот етказиб бериши мумкинлигини айтди.

Қирғизистон ўз ташқи қарзини Афғонистонда тинчлик ўрнатиш дастурида иштирок этиш орқали тўламоқчи.

Бу ҳақда Қирғизистон молия вазири Акилбек Жапаров маълум қилди. Унинг айтишича, бугунги кунда мавжуд бўлган маълумотларга кўра, Қирғизистоннинг ташқи қарзи 3 миллиард доллар атрофида.

- Бугунги кунда Афғонистонда тинчлик ўрнатиш ва бу мамлакатни ривожлантириш борасида БМТнинг бир қатор дастурлари мавжуд. Қирғизистон мана шу дастурларга қўшилиши керак. Чунки дастурларга қўшилиш орқали биз ташқи қарзимизни узишимиз мумкин, -деди Акилбек Жапаров.

Молия вазири халқаро ташкилотларга тўланадиган қарзнинг ўрнига Қирғизистон Афғонистонга бир қатор маҳсулотларни етказиб бериши мумкинлигини билдирди. Агар шундай қилинса, қарз учун тўланадиган пул миқдори Қирғизистонннинг ўзида қолади ва қирғиз иқтисодини ривожланишига хизмат қилади.

- БМТ қошида бир қанча жамғармалар тузилган. Бу жамғармаларга халқаро ташкилотлар ва бой давлатлар пул ўтказишади. Қирғизистон эса бу жамғармага пул ўтказиш ўрнига мамлакатда ишлаб чиқарилган қурилиш материаллари ва озиқ-овқат маҳсулотларини Афғонистонга жўнатади. Бу Қирғизистон учун жуда қулай бўлар эди. Чунки ташқи қарзимиздан ҳам қутиламиз, иқтисодимиз ҳам ривожланади, -деди Акилбек Жапаров.

Мустақил иқтисодчилар ва сиёсатшунослар Қирғизистон молия вазири киритаётган таклиф мамлакат учун фойдали эканини эътироф этган ҳолда, қирғиз маҳсулотлари рақобатга бардош бера олмаслигини билдиришмоқда. Шунинг учун ҳам Афғонистонга ташқи қарз эвазига Қирғизистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни етказиб бериш ғояси амалга ошмай қолиши мумкин.

- Афғонистонга озиқ-овқат маҳсулотлари асосан Покистон ва Хиндистондан келади. Бу маҳсулотлар консерваланган. Шунинг учун ҳам Қирғизистон бу икки давлат билан рақобат қила олмайди. Афғонистонда йўл, мактаб, касалхона ва кичик ГЭСларни қуриш бўйича лойиҳалар мавжуд. Лекин бу лойиҳалар учун ҳам сифатли қурилиш материаллари танлаб олинади, -деди сиёсатшунос Ўрўзбек Молдалиев.

Қирғизистон жорий йилда уч миллиард долларлик қарзининг 106 миллион долларини тўлашни режалаштирган.
XS
SM
MD
LG