Линклар

Россия Бош вазири Владимир Путин 4 март кунги президент сайловида ғолиб чиққанига қарши 10 март куни Москвада норозилик намойиши уюштирилди. Бироқ норозилик акциясида кутилганидан анча кам одам қатнашди.


Ҳукумат Россия мухолифатига Москва марказидаги Новий Арбат майдонида 50 минг кишилик намойиш ўтказишга рухсат берган.



Россия полицияси маълумотига кўра, маҳаллий вақт билан соат 14га қадар Москвадаги намойишда “қарийб 10 минг одам” иштирок этган.

Бошқа хабарларга кўра, уч соатча давом этган норозилик акциясида 10 мингдан 30 минггача одам қатнашган.

Россия мухолифати томонидан ташкиллаштирилган намойиш бошланишидан олдин Новий Арбатда хавфсизлик чоралари кучайтирилди.

Митинг ўтадиган майдон атрофига тўсиқлар ўрнатилди. Осмонда камида битта вертолёт парвоз қилди.

- Мен Новий Арбатга тахминан 19 та автобус ва юк машинасида полиция ходимлари олиб келинганини кўрдим. Осмонда вертолёт парвоз қилди. Москва осмонида учиш таъқиқлангани инобатга олинса, бу полицияга тегишли вертолёт эканини тахмин қилиш мумкин, - деди Озодликнинг Москвадаги мухбири Том Балмфорс.

Намойиш ташкилотчилари матбуот котиби рус миллатчиларининг Эски Арбат кўчаси томон юриш бошлаш уриниши хавфсизлик ходимлари томонидан тўхтатилганини айтди.

4 март куни ўтказилган президент сайловида Бош вазир Владимир Путин сайловчиларнинг 63 фоиз овозини олган. Мухолифат сайлов натижалари Путин фойдасига соҳталаштирилганини таъкидлаб келмоқда.

Мухолифат лидери Владимир Рижков шанба кунги митинг иштирокчиларига сайлов “ноқонуний бўлгани”ни яна бир карра таъкидлади.



Митингда иштирок этганларнинг аксари сайловда учинчи ўринни эгаллаган Михаил Прохоров тарафдорлари экани айтилмоқда.

Москвалик 49 яшар тадбиркор Сергей 10 март кунги тадбир сайловдан кейин ўтказилган норозилик намойишидан анча кичкина бўлганидан хавотирда эмаслигини айтди.

- Мени митингда одамлар кам қатнашгани ташвишга солмайди. Кўчадаги фаоллик сусая бориши кутилаётган эди. Бу ерга келаётган одамларнинг шахсий юмушлари кўп. Кимнингдир ўз бизнеси бор. Кимнингдир бошқа ишлари бор. Биз ҳар ҳафта майдонга кела олмаймиз, - дейди Сергей.

Норозилик акцияси давомида ўнга яқин одам қўлга олинди.

Улар орасида Пушкин майдони томон рухсат этилмаган юриг ўтказишга уринган “Сўл фронт” ҳаракати мувофиқлаштирувчиси Сергей Удалцов ҳам бор.

Жамоа тартибини бузганлик учун у 15 кунга озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Озодлик мухбирига кўра, “Ҳалол сайловлар учун” шиори остида ўтказилган Арбатдаги намойишда турли соҳада фаолият юритаётган одамлар иштирок этган.

Россияликларга яхши таниш бўлган Ксения Собчак намойиш қатнашчиларига Россия мухолифати ҳукуматга қарши норозилик акцияларни тўхтатиб, ўз дастурини тақдим қиладиган вақт келганини айтди.

Москвада 5 март куни ўтказилган намойишда тахминан 20 минг одам қатнашган. Қарийб 200 намойишчи полиция томонидан ҳибсга олинган. Санкт Петербург шаҳрида 300га яқин намойишчи қўлга олинган эди.

Россия пойтахтида 10 март куни уюштирилган митинг қатнашчиларидан бири архитектура бўйича тарихчи Екатерина Россия демократия сари қадам ташлай бошлаётганига умид билдирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG