Линклар

logo-print

Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида табиий газ учун аҳолидан асоссиз равишда пул ундириш ҳолатлари кўпаймоқда.

Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига келиб
тушаётган шикоятлар шундан далолат бермоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳри 21-микрорайон, 8а-уй, 11-хонадонда
яшовчи Ш.Жуманазарова 2010 йил январь ойидан табиий газдан фойдаланишни
буткул тўхтатган, газ идорасини бу ҳақда ёзма равишда хабардор ҳам қилган.
Лекин унинг ҳисобига 2012 йилнинг январигача аслида фойдаланилмаган табиий
газ учун 568 минг сўм қарз ёзилган.

Тошкент шаҳри Миробод туманида яшовчи С.Ждановага 1 миллион 37 минг сўм асоссиз
қарз ҳисобланган, бунинг устига, хонадон газ тармоғидан узиб қўйилган.

Самарқанд вилояти Оқдарё туманида истиқомат қилувчи М.Тўраева ойлик маошидан
табиий газ учун тўловни мунтазам ўтказиб келганига қарамай, унинг ҳисобига 608 минг
сўм қарз ёзилган.

Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш идорасига кўра, текширувдан кейин фуқаро М.Тўраева қарздор эмас, аксинча, 492 минг сўм ҳақдор экани аниқланган.

Хоразм вилояти Хива тумани Найман кўчаси 87-а уйда яшовчи Шарофат Абдуғаффорова
ҳам асоссиз қарздан жабр кўрган. Фойдаланилмаган газ рўкач қилиниб, фуқаро 1
миллион 360 минг сўмга туширилган.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси маълумотига
кўра, Бухоро вилояти Fиждувон тумани Мазраган қишлоғида истиқомат қилувчи
Ибрагим Баратов табиий газ ҳақини мунтазам тўлаб келса-да, унинг бўйнига газ идораси
назоратчиси томонидан 230 минг сўм қарз илинган, хонадони эса газ таъминотидан узиб
қўйилган.

Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ тумани Пахтакор кўчаси 74-уйда яшовчи Исматилла
Қосимов ҳисобига асоссиз равишда 1 миллион 430 мингдан ошиқроқ қарз ёзилган.

Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани “Туркистон” маҳалла фуқаролар йиғинида
истиқомат қилувчи Турғунмирза Тошбоев газ нозирлари айби билан 570 минг сўмга
тушган.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 18 апрелидаги “Аҳолига коммунал хизмат кўрсатишни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, истеъмолчи коммунал хизмат ҳақини аввалдан тўлаб қўйса, тариф ошган тақдирда ҳам қўшимча тўловдан озод этилади. Лекин газ таъминоти корхоналари фуқароларнинг мазкур тартибни билмаслигидан фойдаланиб, қўшимча ҳақ ундиришга ҳаракат қилиши айтилади. Масалан, Тошкент шаҳри Ҳамза тумани М.Риёзий кўчаси 8-уйда истиқомат қилувчи А.Хорина бир йиллик газ учун олдиндан ҳақ тўлаган, аммо туман газ идораси тариф ошганини баҳона қилиб, фуқарога қўшимча 94 минг 250 сўм қарз ёзган.

Бу борада яна бир талай мисоллар келтириш мумкин. Таҳлилларга кўра, Монополиядан
чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасига ёзма ва оғзаки тарзда
тушаётган шикоятларнинг 30-35 фоизи коммунал хизматлар бўйича асоссиз қарзларга
оиддир.

Тошкент шаҳри Миробод тумани газ идораси ходими асоссиз қарзлар фуқаролардан
келиб тушган тўловларнинг ўз вақтида компютер базасига киритилмагани сабабли
юзага келишини айтади. Газ идорасидаги англашилмовчилик важидан емаган
сомсага пул тўлаган жабрдийдалардан бири бу ўринда гап фақат лоқайдлик ҳақида бормаётганини урғулайди. У газ идораси назоратчилари баъзида “Билса – ҳазил, билмаса
– чин” қабилида фуқаролар ҳисобига атайин қарз ёзиб қўйишини тахмин қилади.
Истеъмолчи коммунал хизмат корхоналари хизматчиларининг қўпол муомаласидан ҳам
арзланади.

- Электр, газ, иссиқ сув, иситиш тизими учун пул йиғадиган ишчиларга олдин одамлар билан муомала қилишни ўргатиш керак, - дейди у.

“Фуқаролар ҳисобига асоссиз қарз ёзган назоратчиларга етарли чора кўрилмаётир”, деб ҳисоблайди истеъмолчилар.

- Электр ё газдан қарздор фуқаролар телевидениеда кўрсатилади, шармандаси
чиқарилади. Ўз вазифасини виждонан бажармай, аҳолини йўқ жойдан қарздор қилиб
қўяётган назоратчилар ҳам телевидение орқали кўрсатилсин. Ана шунда адолат
бўлади! – дейди ўз номини ошкор қилишни истамаган жабрдийдалардан бири.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон вилоятларида коммунал тўловлардан қарздор
оилаларни маҳаллий телевидение орқали номма-ном санаб, изза қилиш ҳолатлари кўп бора кузатилган.

Мамлакатнинг турли ҳудудларида фуқароларга маош бериш пайти коммунал
тўловлардан қарзи йўқлигини тасдиқловчи маълумотнома талаб қилиш ҳолатлари қайд этилган. Бундан ташқари, иш ҳақи, ҳатто болалар нафақа пулидан коммунал тўловларга
мажбурий ушлаб қолиш ҳам ҳориқулодда ҳолат ҳисобланмайди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG