Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:37

Аҳмад Бакиевга янги жиноят иши очилди


Қирғизистон Бош прокуратураси собиқ президент Қурмонбек Бакиевнинг укаси Аҳмад Бакиевнинг қамоқдан қочиши бўйича иккита жиноят иши қўзғади.

Жиноий ишнинг биринчиси ўз ишига лоқайдлик билан ёндошган Жазони ўташ давлат хизматининг тегишли ходимларига нисбатан очилган. Иккинчи иш эса муддати битмай туриб Бишкекдаги 35-колониядан қочиб кетган Аҳмад Бакиевнинг ўзига нисбатан қўзғатилган.

Жума куни бу иш бўйича Бош вазир Ўмурбек Бабанов куч ишлатар тизим раҳбарлари иштирокида мажлис ўтказганди. Бироқ бу йиғилишга журналистлар қўйилмади.

- Махсус текширув ва тергов ишлари якунлангунича 35-колония раҳбари Илимбек Самсалиев вазифасидан четлатилди. Ҳукумат раҳбари (Ўмурбек Бабанов назарда тутилмоқда – таҳр.) оз фурсат ичида текширув ишларини олиб бориш, нима учун бундай бўлганини аниқлашни топширди. Куч ишлатар тизимлари эса Бакиевни қидираётганлари ҳақида маълумот беришди. Ҳозир тезкор-қидирув тадбирлари амалга оширилмоқда, - деди йиғиндан сўнг гапирган Қирғизистон ҳукумати ахборот сиёсати бўлимининг раҳбари Султан Қаназаров.

2011 йил августида 7 йилга қамалган Аҳмад Бакиев даставвал Бишкек шаҳридаги 47-колонияда жазо ўтаган. Ўтган йил октябрида амнистия қўллаш орқали жазо муддати қисқартирилган Аҳмад Бакиев шу йил январ ойида 35-колонияга кўчирилиб, бу ерда 2 йилу 8 ойлик жазо муддатини ўтиши керак эди. Бироқ у январ ойи охиридан бери саломатчилиги ёмонлашгани туфайли олдин Бишкекдаги 6-касалхонада, сўнгра пойтахтдаги хусусий касалхоналардан бирида даволанган. 6 март куни эса Аҳмад Бакиевнинг қамоқдан қочгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Айрим кузатувчилар собиқ президентнинг укаси аллақачон Қирғизистон ҳудудини тарк этган бўлиши мумкин, дея тахмин қилмоқдалар. Жалолобод вилоятининг собиқ губернатори Бектур Асанов ҳам Аҳмад Бакиев Қирғизистонда эмин-эркин юра олмайди, деган фикрда.

- Мен бунгача ҳам Аҳмад Бакиев Жалолободга бора олмайди, деб айтган эдим. Чунки бу одам жуда кўпчиликни хўрлаган. Ўшалардан қўрқиб, қочиб кетди у. Унинг қариндошлари Қозоғистонда, дейишади. Менимча, у ўша ёққа қочиб кетган. Унинг қочириб юборилишига эса коррупция, чегараларнинг очиқлиги сабаб бўлди, - дея мулоҳаза билдиради Бектур Асанов.

Қирғизистон чегара хизмати эса Аҳмад Бакиев мамлакат чегарасини кесиб ўтмаганини билдирмоқда.

Айни пайтда жамоатчилик орасида “қидирувда бўлган Бакиевлар Қирғизистонда барқарорликни издан чиқаришга ҳаракат қилишлари мумкин, шунинг учун Аҳмад Бакиев иқтидордаги расмийлар қўлида гаровда қолмасин, дея уни қочиришди” деган тахминлар ҳам йўқ эмас. Бироқ Жалолобод вилоятининг собиқ губернатори бу фикрларга қўшилмайди:

- Бакиевлар ҳозир ҳеч нарса ташкил қилишолмайди, уларнинг қўлларидан ҳеч нарса келмайди. Бироқ Бакиевлар номидан фойдаланган бошқа кучлар бир нарсалар уюштириши мумкин, - деди Асанов Озодлик радиосининг қирғиз хизмати билан суҳбатда.

“Ата Мекен” партиясидан парламентга сайланган депутат Ўмурбек Абдрахманов Аҳмад Бакиевнинг қочиб кетишига йўл қўйилишини жуда катта хато бўлди, деган фикрда.

- Аҳмад Бакиев акаси келгунча қамоқда ўтириши керак эди. Унинг қариндошлари ўз вақтида кўп номаъқул ишларни амалга ошириб, бутун Қирғизистонни сотиб олишган. Аҳмад Бакиевни шартли равишда қамоқдан чиқариб қўйишди. У жавоб бериши керак эди. “Аканг келгунча ўтирасан”, дейиш керак эди, - дейди депутат Абдрахманов.

2010 йил апрелида Қирғизистонда содир бўлган сиёсий воқеалардан кейин мамлакатда собиқ президент Қурмонбек Бакиевнинг мансабдор яқинлари қидирувга берилган. Бу пайтда лавозимидан мосуво бўлган Қурмонбек Бакиев ҳозирда Белоруссиядан бошпана топган бўлса, апрел воқеаларида намойишчиларни ўққа тутишда асосий айбдорлардан бири ҳисобланган Жаниш Бакиев (собиқ президентнинг укаси) шу кунда қаерда экани номаълум. Бошқа Бакиевларнинг эса Қозоғистонда юргани тахмин этилади.

Апрел воқеаларидан кейин Қирғизистонда Қурмонбек Бакиевнинг ягона укаси - Аҳмад Бакиев қолганди. Бироқ у 2010 йил июн воқеаларидан кейин Жалолободда ҳибсга олинганди.
XS
SM
MD
LG