Линклар

logo-print

АҚШнинг исми ошкор қилинмаган аскари ярим тунда Алоказай қишлоғини оралаб, ухлаб ётган тинч аҳолидан камида 16 кишини отиб ўлдирди.


Афғонистоннинг Қандаҳор вилоятида АҚШнинг бир аскари ҳарбий база ташқарисига чиқиб, тинч аҳоли вакилларини ўққа тутди ва камида 16 одамни ўлдирди.

Афғонистон расмийларидан олинган хабарларга кўра, шанбадан якшанбага ўтар кечаси ярим тунда ҳарбий базадан чиқиб кетган ҳарбий база яқинидаги Алоказай қишлоғига кирган ва уйқуда ётган оилаларни ўққа тутган.

Афғонистон Ички ишлар вазирлиги "бу отишмани ўта кескин тарзда қоралади" ва зудликда ўз текширувини ўтказишини айтди.

Ҳодиса қурбонлари ҳақида ҳозирча бир неча хил маълумот берилмоқда.

Бугун кун аввалида расмий баёнот берган Қандаҳор вилояти ҳокимияти матбуот вакили Жавод Аҳмад Файсал ўлганлар ва жароҳатланганлар сони, тахминан, 15 га яқин экани ва ўлдирилганлар орасида аёллар, болалар борлигини айтди.

- Бу ҳодиса юзасидан зудликда қўшма тергов бошланди. Вилоятдаги полиция, ҳокимлик ва халқаро қўшинлар ўз терговчиларини воқеа жойига жўнатди. Ҳозир улар бу аскар нега тинч аҳолини ўққа тутгани сабабларини ўрганмоқда, - деди Жавод Файсал.

Тушдан кейин Афғонистон Ички ишлар вазирлиги ўлдирилганлар сони 16 киши экани, 9 одам жароҳатлангани ҳақида баёнот тарқатди.

Бундан ташқари, AFP нинг воқеа жойига борган мухбири ҳам қишлоқда 16 одам, жумладан, аёллар ва болаларнинг жасадларини кўргани ҳақида хабар берди.

НАТО раҳбарияти дарҳол ҳодиса юзасидан узр сўради ва жиноятни содир қилган аскар ҳибсга олинганини билдирди. Аммо қурбонлар ҳақида ҳеч қандай маълумот бермади.

Норасмий хабарларга кўра, аскар қилмишидан сўнг базага қайтган ва раҳбариятига иқрорлигини айтиб, ўзи таслим бўлган.

Ҳозирча бу жиноятнинг мотивлари ҳақида бирор маълумот йўқ.

Ғарб матбуотида берилган ва расман тасдиқланмаган хабарларга кўра, бунга аскарнинг “руҳий исканжага тушиб қолгани” сабаб бўлиши мумкин.

Якшанба куни эрталабдан бу қотилликдан даҳшатга тушган маҳаллий аҳоли норозилик билдириб, Қандаҳордаги ҳарбий база ёнига йиғилди.

Улар орасида бўлган алоказайликлардан бирининг матбуотга айтишича, "АҚШ аскари учта уйга кирган ва хонадонда ухлаб ётганларни бир чеккадан ўққа тутган".

Ушбу қишлоқда яшайдиган Абдул Боқийга кўра, "ҳодиса содир бўлган кезда тун ярмидан ошиб қолган ва отишма овози аввал бир эшитилиб, кейин тўхтаб, уч бора такрорланган".

АҚШнинг Кобулдаги элчихонаси сайёҳлар ва аҳоли вакилларини бундан буён Қандаҳорга бўладиган сафари чоғида имкон қадар эҳтиёт бўлишга чақирди. Элчихона эҳтимолича, бу ҳудудда аҳоли норозилигининг янги тўлқини бошланиши мумкин.

Шу кунларда НАТО ҳужумлари чоғида тинч аҳоли вакилларининг ўлдирилиши Афғонистон ва ғарб давлатлари муносабатларига катта совуқчилик солаётган асосий омиллардан бири бўлиб қолмоқда.

Бундан бир ҳафтагина муқаддам Бағром ҳарбий базасида хорижлик ҳарбийлар томонидан Қуръон нусхаларининг ёқиб юборилгани Афғонистон бўйлаб катта норозиликларга сабаб бўлган эди.

Муқаддас Қуръон китоби нусхалари ёқилганига қарши Афғонистонда норозилик намойишлари авж олганидан кейин АҚШ-Афғонистон ўртасидаги музокаралар тўхтаб қолган эди.

Кейин АҚШ Президенти Барак Обама Афғонистондаги НАТО ҳарбий базаси ҳудудида Қуръон нусхалари ëқилгани учун Кобулга расман узр сўралган мактуб йўллади.

Афғонистон Президенти Ҳамид Карзайга йўлланган мактубда мусулмонлар муқаддас китоби қасддан эмас, тасодиф туфайли ëндирилгани ва воқеа юзасидан бошланган тергов натижасида айбдорлар тегишли жазони олиши билдирилди.

Намойишлар бир неча кун давом этди ва камида 30 одам нобуд бўлди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG