Линклар

АҚШ Президенти Барак Обама якшанба куни АҚШ аскари 16 нафар Афғонистон фуқаросини отиб ўлдирганидан “чуқур қайғуга ботгани”ни айтди.

Обама бу воқеа Қўшма Штатларнинг Афғонистон халқига ҳурматини акс эттирмаслигини таъкидлади.

Афғонистон Президенти Ҳамид Карзай Қандаҳор вилоятидаги ҳужум “онгли равишда содир этилган қотиллик” эканини таъкидлаб, НАТОдан тушунтириш талаб қилди.

АҚШ Мудофаа вазири Леон Панетта воқеа юзасидан пухта текширув ўтказишни Карзайга ваъда қилди.

Хабарларга кўра, АҚШ армияси сержанти якшанба куни саҳарда ҳарбий базадан чиқиб Қандаҳор вилоятининг Панжваи туманидаги Алоқазай қишлоғида уйма-уй юриб одамларни отиб ўлдирган.

Нобуд бўлганлардан тўққиз нафари болалар ва уч нафари аёллар.

НАТО етакчилигидаги халқаро кучлар воқеа учун узр сўраб ҳарбийни қўлга олган.

АҚШнинг Афғонистондаги элчиси вазифасини бажарувчи Жемс Каннингхэм воқеа юзасидан таассуф билдирди.

- АҚШ қуролли кучлари аъзосининг бегуноҳ одамларга ҳужум қилганидан афсусдамиз. Биз тинч аҳолига нисбатан барча зўравонликларга қаршимиз. Биз Афғонистон халқига ишонтириб айтамизки, ушбу даҳшатли воқеа учун масъул шахс ёки шахслар аниқланиб жазога тортилади, - деди АҚШнинг Афғонистондаги элчиси вазифасини бажарувчи Жемс Каннингхэм.
XS
SM
MD
LG