Линклар

Саркози иммигрантлар камайиши тарафдори


Николя Саркозининг президентлик сайловолди плакати.

Николя Саркозининг президентлик сайловолди плакати.

Франция президенти Николя Саркози виза режими жорий қилинмаган Шенген ҳудудига аъзо давлатлар ноқонуний миграцияга қарши чоралар кўришда муваффақиятга эришмаса, ўз мамлакати Шенген ҳудудидан чиқишини айтиб таҳдид қилди.

Президентлик сайловолди кампанияси доирасида якшанба куни Париж ташқарисида ўз тарафдорлари билан учрашган Саркози Европада миграция назорати тизими кескин ислоҳ қилиниши кераклигини баён қилди.

Саркози миграция чекланмаса, Европа бўйлаб ижтимоий хавфсизликка путур етишини таъкидлади.

- Биз Европанинг ташқи чегаралари камчиликларидан азият чекишни хоҳламаймиз. Европа Иттифоқининг ҳозирги иммиграция қонунчилигини ислоҳ қилиш ички портлашнинг олдини олишда ягона йўлдир, - деди Франция президенти.

Николя Саркози, агар 12 ой ичида ноқонуний иммиграцияни тўхтатиш борасида муваффақиятга эришилганини кўрмаса, Франциянинг Шенген ҳудудига аъзолигини тўхтатишини таъкидлади.

Иммиграция Франциядаги президентлик сайловолди кампаниясида энг муҳим масалалардан бири бўлиб қолмоқда.

Бир неча кун олдин Саркози Францияда хорижликлар жуда кўп эканини айтиб, иммиграцияни икки баробарга камайтиришни ваъда қилган эди.

Франция президенти европаликлар Америкадаги каби Европада ишлаб чиқарилган маҳсулотларни сотиб олишлари кераклиги ҳақида кампания олиб бориш лозимлигини таъкидлади.

Саркози тарафдорларидан бири Бернард Шрепфер унинг фикрига қўшилишини айтди.

- У ҳақ. У адолатли ва тўғри гапни айтяпти. Биз ҳеч нарса ваъда қилолмаймиз. У халқни бирлаштиришга ҳаракат қиляпти. Менимча, унинг Европа ҳақидаги фикрлари жуда яхши ёндошув. Чунки бу Европа учун муҳим, - деди Бернард Шрепфер.

Францияда президент сайловининг биринчи давраси 22 апрелга белгиланган.

Сўров натижалари президент сайловининг май ойида бўладиган иккинчи даврасида социалистлар номзоди Франсуа Олланд иқтидордаги президент Николя Саркози устидан ишончли ғалаба қозонишига кўпчилик ишонишини кўрсатган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG