Линклар

Украиналик терговчилар Одессада қўлга олинган Адам Осмаев ва Илья Пьянзиннинг Россия Бош вазири Владимир Путинга суиқасд тайёрлаганига оид инкор этиб бўлмас далилларга эга эмаслигини айтмоқдалар.

Коммерсант газетасига кўра, Украина ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари уларда Россиянинг “Биринчи канал”ида кўрсатилган иқрорнома видеоёзувидан бошқа ҳеч қандай далил-исбот йўқлигини таъкидлаганлар.

Россияда президентлик сайловлар ўтказилишига бир ҳафта қолганда, аниқроғи 27 феврал куни “Биринчи канал” Одесса шаҳрида Украина ва Россия махсус хизматлари томонидан Владимир Путинга суиқасд уюштиришга тайёрланган тўда фош қилингани ва улардан икки киши қўлга олингани ҳақида хабар тарқатганди. Қўлга олинганлар президентлик сайловларидан кейиноқ Москвада бош вазирни ўлдиришни режалаганларини тан олганлари ҳамда бу жиноят ортида чеченистонлик жангарилар лидери Доку Умаров туриши айтилганди.

Мазкур шахслар 4 январ куни Одессадаги квартиралардан бирида портлаш рўй берганидан кейин қўлга олинган. Дастлаб ёнғинни ўчириш хизматлари портлашга газ сизиши сабаб бўлди, деб ўйлаган. Бироқ кейинчалик квартирадан портловчи мосламалар қисмлари топилган ва бу иш бўйича жиноий иш қўзғатилган.

Украина хавфсизлик хизмати Одесса вилоят бошқармаси матбуот марказининг раҳбари Игорь Скуртов сўнгги кунларда мазкур иш бўйича “сезиларли ўзгаришлар рўй бермаган”ини айтган. Бироқ, “Коммерсант”нинг терговга яқин манбага таянган ҳолда ҳабар қилишича, мазкур иш бўйича мутахассислар томонидан ўрганилган ашёвий далиллар ҳибсга олинганларнинг мақсади, яъни Путинга суиқасд қилишга уриниш бўйича қатъий хулоса чиқаришга имкон бермаяпти.

- Журналистларга эмас, балки Украина хавфсизлик хизматига берилган бу кўрсатмалардан айбланувчилар Украинада қўлбола материаллардан портловчи мосламалар тайёрлашни ўрганганлари ва синов портлашларини амалга оширганлари келиб чиқади, холос, - дейди “Коммерсант” газетасининг манбаси.

Шунингдек, украиналик терговчилар гумонланувчилар уйидан топилган ноутбук хотирасидаги фото ва видеоматериалларни ҳам ўрганиб чиққанлар. Аввалроқ Россиянинг “Биринчи канал”и қўлга олинганларнинг ноутбукидан Путин кортежи расмлари ва видеоси ҳам топилгани ҳақида хабар қилганди. Маълум бўлишича, бу расмлардан ташқари компютердан Одессадаги бир неча йирик бино, масалан, Спорт саройи биносининг суратлари ҳам топилган. Коммерсантнинг ёзишича, тергов материаллари билан танишган ҳуқуқ-тартибот идораси ходими Одесса ҳудудида ҳеч қанақа террорчилик хуружи амалга оширилиши режаланмагани ва бу шунчаки ўқув машғулоти бўлганини тахмин қилган.

Украиналик терговчилар ноутбукдан гумонланувчилар Одесса вилоятининг жанубий ҳудудларидан бирида амалга оширган синов портлаши видеоёзувини ҳам топганлар. Шундан келиб чиққан ҳолда, қўлга олинганлар ҳақиқатан ҳам Россияда портлашлар амалга оширмоқчи бўлган, деган фикрга келиш мумкин. Бироқ украиналик терговчилар мулоҳазасича, суиқасд ҳадафи конкрет шахслар эмас, балки газ ва нефт қувурлари бўлиши мумкин эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG