Линклар

Россия Наркотикларни назорат қилиш федерал хизмати раҳбари Виктор Иванов Марказий Осиё мамлакатлари билан паспорт режимини кучайтиришни таклиф этди. Шунингдек, ФСКН раҳбари Россияга бу мамлакатлардан олиб кирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари назоратини ҳам ошириш кераклигини таъкидлади.

Россия Марказий Осиё фуқароларининг ички паспортлар билан Россияга кириб келишни тақиқлаши мумкин. Бу ҳақда 11 март куни Москвада бўлиб ўтган Наркотикларга қарши кураш бўйича давлат қўмитаси йиғилишида бундай чоралар киритилиши зарурлигини Россия Наркотикларни назорат қилиш федерал хизмати директори Виктор Иванов гапирди.

У Россияга олиб киритилаётган гиёҳванд моддаларнинг асосий қисми Марказий Осиё республикалари, хусусан Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон орқали келаётганини алоҳида таъкидлаб, жанубий чегараларни мустаҳкамлаш таклифи билан ҳукуматга мурожаат қилди.

- Ўтган йил натижаларига кўра, Афғонистонда қорадори ишлаб чиқариш 61 фоизга, афюн ўстирилаётган экин майдонлари эса тахминан 7 фоизга ошган. Афғонистонда наркотик ишлаб чиқариш инфратузулмаси мустаҳкамланаётгани кузатилмоқда. Яъни, гиёҳвандлик моддаларининг Марказий Осиё орқали Россияга транзити ҳам ошиб бормоқда, деди Виктор Иванов.

Виктор Иванов кўпдан бери Россияда наркотик савдоси билан асосан визасиз режимдан фойдаланаётган Марказий Осиё мамлакатлари фуқаролари шуғулланиб келаётганини гапириб келади.

Нарконазорат хизмати раҳбари наркотик оқимини камайтириш мақсадида бир қатор чора-тадбирларни жорий қилишни таклиф қилди.

“Биз миграция оқимини назорат остига олишнинг асосан тўртта чорасини жорий этиш таклифи билан чиқмоқдамиз”, дея ўз таклифларини санаб ўтди Иванов.

- Биринчиси, юқорида кўрсатилган мамлакатлар фуқароларига ички паспортлар билан давлат чегарасидан ўтишни таъқиқлаш; кейингиси, Россия Федерацияси фуқаролигини олишни осонлаштирилган тартибда бериш тўғрисидаги халқаро келишувлардан Россиянинг чиқиб кетиши масаласини муҳокамага қўйиш; чегарада иммиграция назоратини кучайтириш ёки иммиграция қайдини олиб бориш ваколатини ФСБнинг чегара хизматларига юклаш; Россия Федерациясига кириш таъқиқланган фуқароларга нисбатан жиноий жаобгарликни белгиловчи РФ Жиноят Кодексининг 322-моддасига ўзгартиш киритиш, деди ФСКН директори Виктор Иванов.

Россия чегара хизматлари гиёҳванд моддалар транзитига қарши курашда деярли иштирок этмаётганини таъкидлаган Виктор Иванов, АҚШда киритилаётган наркотикларнинг 30-50 фоизи чегарада мусодара қилиниши, Эронда эса бу кўрсаткич 85 фоизни ташкил этишини мисол қилиб келтирди.

Шунингдек, Ивановнинг сўзларига кўра, мамлакатга кириб келаётган наркотикларнинг 70 фоизи қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига яширилган ҳолда олиб кирилмоқда. Бу ҳолатни олдини олиш мақсадида Нарконазорат директори Россия ҳукуматига “наркотик моддалари ноқонуний савдосига қарши курашни жадаллаштириш учун ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг манфаатларини кўзлаган ҳолда” Россияга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари олиб кирилишини тартибга солиш таклифини илгари сурди.

Россия Фанлар Академиясининг Социология институти ходими Игорь Кузнецов Озодлик билан суҳбатда “ички паспортлар билан Россияга кириб келишни тақиқлаш” ибораси остида виза чеклови ётганини гапиради.

- Бунинг иложи йўқлигини, тушунасиз, деб ўйлайман. Бу визасиз режимнинг бекор қилиниши деганидир. Кечирасизу, бу ҳолатда Наркоконтрол ўз шартларини қўйишга ҳаққи йўқ, чунки бу катта геосиёсий масала ва унинг ечими нафақат наркотраффикка бориб тақалади. Агарда Марказий Осиёдан ҳақиқатан Россияга хавф пайдо бўлган бўлса, ўша мамлакат аниқ кўрсатилсин ва айнан ўшанга нисбатан виза чеклови жорий қилинсин. Акс ҳолда, жаноб Иванов, халқаро шартномаларга буйсининг, шахсий муаммоларингизни бошқаларнинг бўйнига илманг, дея кулади миграция масалалари бўйича эксперт Игорь Кузнецов.

Унинг фикрича, ноқонуний миграция ва бундан келиб чиқаётган жиноятлар сонини камайтириш учун Россия Марказий Осиё мамлакатлари, шу жумладан Ўзбекистонда маҳаллий ишлаб чиқариш саноатини ривожлантиришига маблағ сарфлаши зарур.

- Россия бу мамлакатлар иқтисодиётини тикланишига ёрдам кўрсатиши керак. Ундан кўра мен ҳукуматимизга кўплаб ривожланган мамлакатлар каби, завод ва фабрикалар бу мамлакатларга кўчириб, арзон ишчи кучи ва табиий ресурларидан фойдаланишни уйлаб кўришни таклиф қиламан, дея хулоса қилди Россия Фанлар Академиясининг Социология институти бўлим мудири Игорь Кузнецов.

Озодлик Марказий Осиё мамлакатлари билан виза режими жорий қилишни таклифи билан Россия президентлигига даъвогарлардан бири, миллиардер Михаил Прохоров ҳам чиққанини маълум қилган эди.

Россия Наркотикларни назорат қилиш федерал хизмати келтирган рақамларга кўра, 2011 йилнинг ўзида Россияда олиб борилган амалиётлар натижасида 60 тоннадан зиёд турли гиёҳванд моддалар мусодара қилинган, наркотрафиккка алоқадорликда айбланиб 102 минг киши жиноий жавобгарликка тортилган, 4,5 мигта наркотик ишлаб чиқариш пунктлари аниқланган.

Россияда бугунга кунда 5 миллиондан зиёд одам наркотик истеъмол қилиб келади, йилига наркотиклардан 100 минг киши вафот этади, дея хабар қилади ФСКН.

XS
SM
MD
LG