Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:20

Журналистларни ҳуркитган моддалар ЖКдан олинади


Тожикистон президенти Имомали Раҳмон туҳмат ва шахсни таҳқирлаганга оид моддаларни Жиноят кодексидан Фуқаролик кодексига кўчиришни тавсия қилди.
Тожикистон президенти Имомали Раҳмон туҳмат ва шахсни таҳқирлаганга оид моддаларни Жиноят кодексидан Фуқаролик кодексига кўчиришни тавсия қилди.

Тожикистонлик журналистлар бундан буён туҳмат ва шахсни таҳқирлаш айблови билан жиноий жавобгарликка тортилмайди.

2008 йили мамлакат Жиноят кодексига туҳмат ва шахсни ҳақорат қилганлик учун жазо беришни кўзда тутган иккита махсус банд киритилганди.

Жорий йил 11 март куни тожик матбуотининг 100 йиллик юбилейида журналистлар ва давлатнинг тегишли идоралари масъуллари олдида сўзлаган президент Имомали Раҳмон сўнгги йилларда тожикистонлик журналистлар айнан танқидий мақолалари учун туҳмат ва шахсни ҳақоратлаганликда айбланиб, жиноий жавобгарликка тортилаётгани ва бу, ўз навбатида, халқаро майдонда кескин баҳсларга сабаб бўлаётганини таъкидлади.

- Гап Жиноят кодексимиздаги 135- ва 136-моддалар устида бораяпти. Ана ўша бандлар асосида журналистлар туҳмат ва шахсни таҳқирлагани учун жиноий жавобгарликка тортилаётганига оид ҳолатлар қайдга олинмоқда. Замонавий дунё қонунчилиги тажрибаси нуқтаи назаридан ҳамда ўз ваколатимдан фойдаланган ҳолда, “Туҳмат ва шахсни таҳқирлаш”га оид бандлар Жиноят кодексидан Фуқаролик кодексига кўчирилишини тавсия қиламан, - деди Имомали Раҳмон.

Тожикистон президенти журналистларга енгиллик яратиш мақсадида шундай қарорга келганини қўшимча қилди ва Адлия вазирлигига бу масалага оид янги лоийҳани тайёрлаб, ҳукуматга тақдим этишни топширди.

Бундан тўрт йил аввал Жиноят кодексига мазкур бандлар киритилганида бу маҳаллий ва хорижий журналистлар ҳамда соҳа бўйича экспертларнинг кескин норозилигига сабаб бўлганди. Ўша пайтда бир қанча медиа ташкилотлар президент Имомали Раҳмонга мурожаатнома йўллаб, янги қонун лойиҳасига имзо чекмасликни сўраган эдилар.

Бироқ Имомали Раҳмон журналистлар мурожаатини эътиборга олмай, ҳужжатни имзолаб юборганди.

Бунинг ортидан бир қатор мустақил рўзномалар ва журналистлар айрим шахслар ва хусусан, давлат амалдорларининг шикоят аризалари асосида жиноий жавобгарликка тортила бошладилар.

Гарчи янги қонунда катта миқдорда жаримага тортиш билан бирга муаллифни икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш кўзда тутилган эса-да, ўтган вақт ичида бирорта журналист туҳмат ёки шахсни таҳқирлагани учун қамоққа ташлангани қайдга олинмаган, яъни маҳкама баҳслари тарафлар ярашуви билан якунига етган.

Соҳа бўйича мутахассислар мазкур бандлар Жиноят Кодексига шунчаки журналистларни қўрқитиш ёки ўз-ўзини цензура қилиш учун киритилганини таъкидлайдилар.

Тожик матбуоти 100 ёшга тўлган бугунги кунда тожикистонлик журналистлар учун айрим тўсиқлар яратган ўша иккита банд Жиноят кодексидан олиб қўйиладиган бўлди.

Эндиликда Интернетда чоп этилган таҳлилий ёки танқидий мақолалар муаллифлари “туҳмат ва шахсни ҳақорта қилгани ёки ёлғон маълумотлар тарқатгани учун” жиноий жавобгарликка тортилмайди, балки маҳкамада даъвогар томон билан судлашади.

Бордию, соҳа бўйича таҳлилчиларнинг айтишича, журналист ўзининг ҳақлигини исботлай олмаса, у ҳолда етказилган маънавий зарар учун товон тўлайди.

Давлат раҳбарининг бу қарори биринчи галда маҳаллий журналистларни севинтирди.

- Президентимизнинг касбий байрамимиз муносабати билан қабул қилган бу қарорини қувватлайман, жуда тўғри ва вақтида қабул қилинган қарор. Кўпдан буён шундай натижага эришиш учун ҳаммамиз ҳам ҳаракат қилиб келаётган эдик. Энди тожикистонлик журналистлар ҳам дадил ва қўрқмасдан ёза бошлайди. Албатта бу бир демократик қадам. Лекин бундай қадамлар 4-5 йилда бир марта эмас, балки зарур деб кўрилган вақтда қўйилса, ҳаммамиз учун ҳам яхши бўларди, - дейди маҳаллий журналист Зафар Абдуллоев.

ББС Жаҳон хизмати радиосининг мухбири Искандари Фируз ҳам давлат раҳбарининг янги қарорини қисман қувватлашини айтади.

Бироқ, Искандари Фируз фикрича, 135- ва 136-бандларнинг Жиноят кодексидан олиб қўйилиши бу ҳали Тожикистонда ишлаётган журналистларга тўла эркинлик берилди, дегани эмас.

- Чунки, зарурат туғилиб қолса, Тожикистон ҳукумати журналистни Жиноят кодексининг бошқа бандлари билан ҳам жиноий жавобгарликка тортаверади. Мисол учун, ўтган йили ББС мухбири Ўринбой Усмонов Ҳизбут-Таҳрир ташкилотига аъзолик айби билан жиноий жавобгарликка тортилди. Яъни гарчи матбуот қонунида журналист касбий фаолияти юзасидан турли манбалар билан мулоқот қилишга ҳақли экани белгилаб қўйилган бўлса ҳам, Ўринбой Усмонов фақат ўша ташкилот аъзоси билан интервью қилгани учун жавобгарликка тортилди. Хуллас, журналистларни таъқиб қилувчи ва уларни жиноий жавобгарликка тортиш учун имконият берадиган бошқа бандлар ҳам борки, ҳеч ким уни Жиноий кодексдан олиб ташламайди, - деди ББС мухбири Искандари Фируз.

Тожикистонлик ҳуқуқшунос Файзинисо Воҳидова фикрича ҳам, тожикистонлик журналистларнинг дўпписини осмонга отишига ҳали анча эрта.

Воҳидова хонимнинг айтишича, Тожикистон Жиноят кодексида 135- ва 136-модда сингари журналистларни цензура қилувчи яна иккита модда бор.

- Журналистларнинг севинишига ҳали анча эрта. Чунки Жиноят кодексида яна 330-модда ҳам борки, унга мувофиқ, хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳукумат одамини таҳқирлаган шахс, жумладан, журналист жиноий жавобгарликка тортилади. Ундан ташқари, Жиноят кодексида яна 137- модда ҳам бор. Бу банд бўйича Президентни таҳқирлаган ва унинг обрў- эътиборини пастга урган шахс ҳам жиноий жавобгарликка тортилади. Демак, Жиноят кодексида бу бандлар сақланиб қолар экан, матбуот вакиллари эмин-эркин таҳлилий ва танқидий мақолалар ёза олмайди. Яъни улар ана шу бандлар асосида жиноий жавобгарликка тортилаверади, - деди Файзинисо Воҳидова.
XS
SM
MD
LG