Линклар

Тошкент шаҳри Миробод туман хокими Ашрабхон Тошхўжаев рафиқасининг қотиллари Тошкент Юридик институтининг икки талабаси экани айтилмоқда.

Жорий йилнинг 10 март куни Тошкентнинг Миробод тумани ҳокими Ашрабхон Тошхўжаевнинг Юнусобод туманидаги хонадонида қотиллик содир этилди.

Озодлик манбаларига кўра, ўша куни Ашрафхон Тошхўжаевнинг 49 ёшли рафиқаси номаълум шахслар томонидан ўз уйида пичоқлаб, ўлдирилган.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармасидан олинган маълумотга кўра, қотиллик юзасидан Тошкент шаҳар прокуратурасида жиноий иш қўзғатилган.

Шаҳар прокуратурасидан бу борада бирор маълумот олиш имкони бўлмади.

Миробод туман хокимлигининг ўзини таништирмаган ходимига кўра, қотилликни содир этганликда гумонланиб, Тошкент Давлат Юридик институтининг икки талабаси қўлга олинган.

Ҳокимлик ходими воқеа тафсилотларига ҳам тўхталди.

“Шанба куни Юридика институтининг икки талабаси “Биз РайГАЗданмиз” деб Ашрафхон Тошхўжаевнинг уйига келишган. Кеннойи “уйда ҳеч ким йўқ” деса, ҳалиги икки киши уйга бостириб кириб, кеннойини пичоқлашган. Улар олдиндан режалаштирганда буни. Ҳеч нарса ўғирлашмаган. Уйда келини бўлган. У чиқиб қолиб, бақириб-чақириб, ёрдам сўраган. Қўшнилар югириб чиққач, қотиллар қочиб кетган”, деди Миробод тумани хокимлигининг ўзини таништирмаган ходими.

Ҳокимлик ходимига кўра, Юридик институтнинг талабалари экани айтилаётган икки йигит узоққа бормасдан, қўлга олинган.

Тошкент Давлат Юридик институтидан воқеа юзасидан маълумот ололмадик.
Ҳозирда қотиллик мотивлари номаълум қолмоқда.

Айни пайтда, шу кунларда мамлакатдаги талабалар орасида жиноятчиликни олдини олиш мавзусида мулоқат соатлари ўтказилмоқда.

ЎзА маълумотига кўра, Гулистон давлат университетида 3000 дан зиёд талаба иштирокида “Талаба-ёшлар орасида жиноятчиликнинг олдини олиш” мавзусида ўтказилган мулоқат соатида талабалар орасида жиноятчилик, гиёҳвандлик каби иллатларнинг олдини олиш мавзусида гапирилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG