Линклар

logo-print
Наманган вилоятида 2011 йилда 30 нафар маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва 19 нафар котиб нафақа пулини талон-тарож қилишда айбдор деб топилган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси “Ҳуқуқ” газетасининг 8 март кунги сонида хабар қилинди.

Вилоятда 127 миллион сўмлик болалар нафақасини ўзлаштириш ҳолатлари аниқланган. Прокуратура идораси фуқароларнинг нафақа сўраб қилган мурожаатларини асоссиз рад этиш, сансалорликка солиш ва таъмагирлик давом этаётганидан огоҳлантиради.

Таҳлилларга кўра, Наманганда ўтган йилда ўғрилик жинояти 35,4 фоизга кўпайган. Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ, вояга етмаган боласи бор муҳтож оила вакилларига битта фарзанд учун энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизи, иккита фарзанд учун энг кам ойлик иш ҳақининг 100 фоизи, уч ва ундан кўп фарзанд учун энг кам ойлик иш ҳақининг 140 фоизи миқдорида нафақа пули ажратилади.

Шунингдек, ишламаётган она фарзанд парвариши учун бола сони ва иш стажидан қатъи назар, энг кам ойлик иш ҳақининг 2 баравари миқдорида нафақа олишга ҳақли (Ўзбекистонда 2011 йилнинг 1 декабридан энг кам ойлик иш ҳақи – 62920 сўм).

Ўзбекистонда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга нафақа тайинлаш ваколати фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига, яъни маҳалла фуқаролар йиғинларига берилган.

Маҳалла раислари нафақа тайинлаш ва бериш пайтида таъмагирлик қилиши ҳоллари тез-тез учраб туради.
XS
SM
MD
LG