Линклар

logo-print

Обама: АҚШнинг Афғонистон стратегияси ўзгармайди


АҚШ президенти Барак Обама.

АҚШ президенти Барак Обама.

АҚШ президенти Барак Обама Қандаҳор вилоятида АҚШ аскари тинч аҳолидан 16 кишини отиб ўлдиргани фожиасига қарамай, Қўшма Штатларининг Афғонистон стратегияси ўзгармаслигини баён қилди.

12 март куни Флорида штатининг Орландо шаҳрида маҳаллий телевидение мухбири билан суҳбатда Обама рўй берган фожиа Афғонистонда хавфсизликни тахминлаш вазифаси ўз вақтида афғонистонликлар ихтиёрига топширилиши қанчалар муҳим эканини яна бир карра кўрсатганини таъкидлади.

Айни пайтда, Оқ Уй матбуот котиби Жей Карней Қандаҳор вилоятида рўй берган фожиага қарамай, АҚШ ва Афғонистон ҳукумати ўртасидаги музокаралар давом этишини айтди.

- Биз Афғонистон ҳукумати билан бевосита ва муҳим сўзлашувларни давом эттирамиз. Бизнинг стратегия Афғонистонда хавфсизликни таъминлаш масъулияти афғонистонликларга топширилганидан сўнг қўшинларимизни уйга қайтаришдан иборат, - деди 12 март куни журналистлар саволларига жавоб берган Оқ Уй матбуот котиби.

Карней АҚШ ва НАТО хавфсизликни таъминлаш вазифасини, режага мувофиқ, 2014 йилга қадар Афғонистон кучларига топширишини урғулади.

Оқ Уй матбуот котиби АҚШ Афғонистондан қўшинларни олиб чиқишни иттифоқчилари билан муҳокама қилаётгани ва бу масала НАТОнинг май ойида Чикаго шаҳрида бўлиб ўтадиган йиғилиши кун тартибига киритилганини қўшимча қилди.

АҚШ армияси сержанти якшанба куни саҳарда ҳарбий базадан чиқиб, Қандаҳор вилоятининг Панжваи туманидаги Алкозай қишлоғида уйма-уй юриб, 16 одам, жумладан, тўққиз нафар бола ва уч аёлни отиб ўлдирди.

Афғонистон президенти Ҳамид Карзай Қандаҳор вилоятидаги ҳужум “онгли равишда содир этилган қотиллик” эканини таъкидлаб, НАТОдан изоҳ талаб қилди.

НАТО етакчилигидаги халқаро кучлар воқеа учун узр сўраб, ҳарбийни қўлга олди. Қотиллик содир этган ҳарбийнинг исми ҳозирча ошкор қилинмади.

АҚШ ҳукумати ҳам фожиа учун Афғонистон халқидан узр сўради.

АҚШ президенти Барак Обама якшанба куни Афғонистон президенти Ҳамид Карзайга қўнғироқ қилиб, Қандаҳор вилоятидаги фожиа учун масъул ҳар қандай шахс жавобгарликка тортилажагини ваъда қилди.

Афғонистон парламенти Қўшма Штатлардан “жиноятчиларни жазолаш” ва уларни очиқ суд қилишни талаб қилди.

12 март куни Ню Йоркда сўзлаган Давлат котиби Ҳиллари Клинтон АҚШ ҳукумати қотиллик учун масъул бўлганларни жавобгарликка тортишга бел боғлаганини айтди.

- Шуни айтишим керакки, кўплаб америкаликлар каби бу воқеа мени ҳам ларзага солди. Тинч аҳоли вакиллари ўлдирилганидан қайғуга ботдим. Биз яқинларидан жудо бўлган оилалар ва Афғонистон халқига ҳамдардлик йўлладик. Қўшма Штатлар воқеа учун масъул бўлганларни жавобгарликка тортишга бел боғлаган, - деди Ҳиллари Клинтон.

Толибон ҳаракати воқеа учун ўч олишни ваъда қилганига қарамай, ҳозирча жанггарилар томонидан ҳужум амалга оширилгани тўғрисида маълумот олинмади.

Якшанба кунги қотилликдан сўнг Афғонистондаги НАТО кучлари юқори тайёргарлик ҳолатига келтирилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG