Линклар

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлатларининг навбатдаги қўшма ҳарбий машқлари яна Ўзбекистон иштирокисиз ўтказиладиган бўлди.

Тожикистон Мудофаа вазирлигининг матбуот бошлиғи Фаридун Маҳмадалиевнинг Озодликка маълум қилишича, Ўзбекистон Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг “Тинчлик миссияси-2012” деб номланган аксилтеррор машқларида қатнашишдан воз кечди.

Расмийнинг айтишича, ШҲТ доирасидаги қўшма машқлар Сўғд вилоятининг “Чоруҳ-Дайрон ” полигонида уч босқичда ўтказилади ва унинг асосий мақсади тоғли ҳудудда терроризмга қарши биргаликдаги курашни мувофиқлаштириш ва аъзо давлатлар аксилтеррор тузилмалари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашдир.

Унда Ўзбекистондан ташқари аъзо давлатларнинг ҳаммасидан юзлаб ҳарбийлар, турли русумдаги жанговар учқичлар ва десант кучлари қатнашиши билдирилди.

Мудофаа вазирлиги расмийси Маҳмадалиевнинг маълум қилишича, 12 март куни ШҲТга аъзо давлатлар Мудофаа вазирликлари масъуллари ташкилот доирасида ўтказилажак ҳарбий машқларга ҳозирлик тадбирида қатнашиши мақсадида Хўжанд шаҳрида тўпланган, бироқ Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги бу йиғинга ўз вакилини юбормаган.

- Ўзбекистон кўпдан буён бундай тайёргарликларда қатнашмай келади. Ўзбекистон ҳарбийларининг бу йилги машқларда ҳам қатнашмаслиги ўша давлат ҳукуматининг қарори ва нима учунлигини ҳам Ўзбекистон ҳукумати билади, - деди Фаридун Маҳмадалиев.

Тожикистон расмийсига кўра, Фарғона водийсига кирган Тожикистон шимолида ШҲТга аъзо бешала давлат иштирокидаги халқаро ҳарбий машқлар илк бор ўтказилмоқда.

ШҲТ доирасидаги навбатдаги қўшма ҳарбий машқларда аъзо давлатлар қўшинларининг замонавий террорчилик хуружига қаршилик кўрсатишга тайёргарлиги синалади.

Таҳлилчиларга кўра, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистоннинг айрим ҳудудлари туташган Фарғона водийси минтақадаги диний экстремизм, террорчилик ва жангарилик авж олаётган таҳдидли ҳудуд саналади. Шу нуқтаи назардан, тожик расмийлари ШҲТ доирасидаги ҳарбий машқларнинг айнан шу ҳудудда ўтказилиши жуда муҳимлигини таъкидлайдилар.

Тожикистон парламентининг Мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси раиси Амирқул Азимов ташкилот давлатларининг навбатдаги ҳарбий машқлари айнан Фарғона водийсида ўтказилиши бежиз эмаслигини ва унда Ўзбекистон иштирок этмаётганидан жуда афсусдалигини қайд этди.

Азимовнинг мулоҳазасича, Марказий Осиё аксарият давлатлари билан чегарадош бўлган минтақадаги йирик давлат – Ўзбекистоннинг бу каби қўшма ҳарбий машқларда иштироки ўта муҳимдир. Зеро, ўтмишда Ўзбекистон бир неча марта террорчилик хуружига учраган ва у бугунги кунда бир ўзи бу муаммога қарши кураша олмаслигини англаб етмоғи лозим.

- Биз фақат биргаликда терроризмга қарши кураша оламиз. Ўзбекистоннинг бу машқлардан воз кечганидан жуда афсусдаман. Дунёдаги энг йирик давлатлар ҳам терроризм олдида ожиз қолаётганини тажриба кўрсатаяпти, - деди тожик генерали Азимов.

ШҲТ 1996 йилда Россия, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон томонидан тузилган эди. Ўзбекистон унга 2001 йилда қўшилган. Ташкилотнинг илк қўшма ҳарбий машқлари 2003 йилнинг августида Қозоғистонда ўтказилган эди.

Соҳа бўйича кузатувчилар ўшанда ҳам Ўзбекистон томони бу қўшма табдирда қатнашмаганини айтади.

Мустақил таҳлилчилар мулоҳазасича, Ўзбекистон томонининг бундай қўшма машқлардан тийилишининг асосий сабаби икки қўшни давлат ўртасида 2000 йиллар бошида вужудга келган ўзаро келишмовчиликлар бўлиши мумкин. Таҳлилчиларнинг айтишича, президент Каримовнинг навбатдаги демарши Душанбени ҳам ШҲТга аъзо бошқа давлатларни ҳам асло хавотирга солмайди.

Мавзу юзасидан Озодликка гапирган Ўзбекистоннинг Душанбедаги элчихонаси масъуллари Тошкентнинг сўнгги қароридан хабарсизлигини билдирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG