Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:58

Украинада Жаҳонгир Файзиев филмига лицензия берилмади


"Август. Саккизинчи" фильми афишаси.
"Август. Саккизинчи" фильми афишаси.

Украина Маданият вазирлиги кинорежиссер Жаҳонгир Файзиевнинг “Август. Саккизинчи” филмини намойиш этишга рухсат бермади. Бу филмда 2008 йилда Грузия ва Россия ўртасида Жанубий Осетия айирмачи минтақаси устида чиққан урушга доир экани айтилаётган воқеалар тасвирланган.

“Август. Саккизинчи” филми муаллифлари уни Украина кинотеатрларида 1 мартдан бошлаб намойиш қилинишни режалаштирган эди. Бироқ Украина расмийлари Жанубий Осетияда рўй берган воқеалар ҳақида, деб иддао қилинаётган филм намойишига розилик бермади.

Россия ҳукумати ҳомийлигида асли ўзбекистонлик таниқли режиссёр Жаҳонгир Файзиев томонидан суратга олинган филм Украинадаги “Свобода” миллатчилар партияси ва маҳаллий грузинлар диаспораси босими остида прокатга қўйилмагани айтилмоқда.

Филм продюсерларидан бири Фёдор Бондарчук бу хусусда интервьюларидан бирида филм муаллифлари асоссис равишда миллатчиликда айбланаётганини таъкидлади.

- Менимча, кўпчилик бу филмни кўрмасдан туриб хулоса чиқаряпти. Филм миллий адоватни келтириб чиқаради қабилидаги Интернетда пайдо бўлган айбловлар ғирт сафсатадир. Бизнинг филмимизни Американинг "XX Century Fox" компанияси суратга олган бўлса, демак уни Украинада қоралаш айрим шахсларгагина керак, холос,- дейди филм продюсерларидан бири Фёдор Бондарчук.

Россияда “Август. Саккизинчи” филми 2012 йилнинг 21 февралидан намойиш этила бошлади. Филм бош қаҳрамони – 2008 йилда рўй берган 5 кунлик урушда Жанубий Осетияда ўз ўғлини қидириб юрган аёл. Филмда уруш саҳналари ҳаёлида компьютер ўйинини тасаввур қилаётган 7 ёшли болакай кўзи билан тасвирланган.

Украина маданият вазирлиги расмий сайтида филмга рухсатнома бериш масаласи ҳозирча муҳокама этилаётгани тушунтирилган.

Украина Давлат кинематография хизмати матбуот котиби Лариса Титаренко Озодлик Радиоси билан суҳбатда филм намойишига ариза кеч берилгани боис лицензия масаласи Маданият вазирлиги муҳокамасида қолмоқда, дейди.

- Филм прокат гувоҳномасини олганича йўқ, лекин у таъқиқланмаган ҳам, рухсат ҳам олмаган. Шунчаки ҳозирча муҳокама қилиш муддати якунига етмаган. Қонунга биноан, ариза берилганидан уни кўриб чиқишга ажратилган 10 кунлик муҳлат ниҳоясига етмаган. Шу сабабли, филмнинг экранларга режалаштирилган вақтда чиқмаганига сиёсий тус берилмаслигини сўраймиз, деди Украина Давлат кинематография хизмати матбуот котиби Лариса Титаренко.

Украина “Август. Саккизинчи” филмига лицензия бермаган ягона мамлакат эмас. Жаҳонгир Файзиев филми намойишидан Грузиядан ташқари, Озарбайжон ва Молдова ҳам воз кечгани маълум қилинган.

Украинанинг ўзида эса экранларга чиқмасидан анча олдинроқ Facebook да “Август. Саккизинчи” филмини бойкот қилувчи махсус саҳифа очилган. “Россия кино ташвиқотига йўқ деймиз” шиори остидаги бу саҳифада филм “Путин тарғибот-ташвиқотининг навбатдаги кўриниши” сифатида баҳоланмоқда.

Маълум бўлишича, филмни томоша қилган Дмитрий Медведев унга юқори баҳо берган.

Ўзининг миллатчилик чиқишлари билан ном қозонган Украинадаги “Свобода” миллатчилар партияси филмни грузин халқига нисбатан адоватни кучайтираётганида айблади.

Шунингдек, Украина оммавий ахборот воситаларида бу филмни бойкот қилишда маҳаллий грузинлар диаспораси иштирок этгани тўғрисида маълумотлар тарқади.

Харковдаги Грузинлар диаспораси раиси Зураб Кирия Озодлик билан суҳбатда ҳақиқатни кўрсатувчи филмлар тарафдори эканини гапиради.

- Агар бу ҳақиқатни намойиш этувчи филм бўлса, кўрсатишларига қарши эмасман. Мен бу филмни кўрмаганман ва унда нима тўғрисида гап бораётганини билмайман! Агар уни вазирлик таъқиқлаган бўлса, демак қандайдир жиддий масала ётибди бу ерда. Ахир Украина битта филмни деб Россия билан муносабатларининг ёмонлашишигача боришига ишонмайман, дея ўз фикрини билдирди Украинадаги грузинлар диспораси вакили Зураб Кирия Озодликка.

Филм муаллифи, Россияда Жаник исми билан танилган кино устаси Жаҳонгир Файзиев “Август. Саккизинчи” кино асари тақдимот маросимида журналистларга берган интервьюсида филм аҳолининг барча қатламлари, айниқса ёш болаларга мўлжалланганини гапирди.

Режиссёрнинг айтишича, бу филм “сиёсий тусга эга эмас, унда оддий инсоний муносабатлар: онанинг болага, аёлнинг эркакка, инсоннинг инсонга бўлган меҳр-муҳаббати тасвирланган”.

- Мен ота-оналар филм тамошосига кичик ёшдаги болалар билан келишларини истардим, чунки филмда болачаларга тушунтириб бўлмас бирорта саҳна кўриниши йўқ, деб ўйлайман. Биз филмда зулм ва вахшийликдан мутлақо воз кечдик. Биз урушни оддий инсоний муносабатлар орқали тасвирлашга уриниб кўрдик, деди Жаҳонгир Файзиев.

2008 йилда Россия ва Грузия ўртасида Жанубий Осетия айирмачи ўлкаси устида чиққан 5 кунлик уруш тафсилотларига Россиянинг нуқтаи назарини кўрсатувчи 2009 йилда олинган Игорь Волошиннинг “Олимпиус инферно”, 2011 йилда эса АҚШ ва Грузиянинг қарашларини ифода этган режиссер Ренни Харлиннинг “Августнинг 5 куни” номли филмлар суратга олинди.

Иккала филм томошабинлар ва кино танқидчилари эътиборини қозона олмади.

------------------
Жаҳонгир Файзиев таниқли ўзбек режиссёри Ҳабиб Файзиев ва актриса Светлана Норбаева оиласида дунёга келган.

Ёшлигидан “Ўзбекфилм” киностудиясида олинган филмларда иштирок этган. 1983 йилда Москвадаги Кинематография институтини (ВГИК), 1991 йилда ВГИКнинг режиссёрлик курсларини битирган. Бирмунча вақт Тошкентда Ўзбекфилм ва “Илҳом” театрида режиссёрлик қилган. 1993 йилда Москвага кўчиб ўтган ва Россияда томошабинлар томонидан яхши қабул қилинган бир қатор телевизион дастурлар яратган.

2002 йилдан буён Россия Биринчи канали Кино ишлаб чиқариш дирекцияси директори. 2005 йилда ўзининг энг машҳур филми саналган “Турк гамбити”ни суратга олган. 2008 йилда эса “Адмиралъ” филмига продюсерлик қилган.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:04 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG