Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:41

ПЕН клуб беш ўзбек маҳбусини озод қилишни сўради


ПЕН клуб озод қилинишини талаб қилаётган ўзбек маҳкумлари орасида Хайрулла Ҳамидов ҳам бор.
ПЕН клуб озод қилинишини талаб қилаётган ўзбек маҳкумлари орасида Хайрулла Ҳамидов ҳам бор.

Ёзувчилар Халқаро уюшмаси - ПЕН клуб Ўзбекистон қамоқхоналарида қолаётган беш нафар ёзувчи ва журналистни озод этиш чақириғини баён қилди.

Халқаро ПЕН ёзувчилар уюшмаси Ўзбекистонда мамлакат Конституциясининг 19 йиллиги муносабати билан қабул қилинган амнистия беш нафар ёзувчи ва журналист маҳкумни четлаб ўтганидан таассуф билдирди.

Ташкилотининг расмий сайтида эълон қилинган баёнотда ўзбек қамоқхонларида узоқ йиллик қамоқ жазосини ўтаётган Дилмурод Саййид, Мамадали Махмудов, Муҳаммад Бекжон, Солижон Абдураҳмонов ва Хайрулла Ҳамидовларнинг озод қилинишини талаб қилинади.

ПЕН клуб 2009 йилда 12,5 йилга маҳкум этилган мустақил журналист Дилмурод Саййиднинг озод этилиши талаби билан бир неча бор баёнотлар тарқатган.

Ташкилотга кўра, Дилмурод Саййид сиёсий сабаблар боис қамалган бўлиб, айни пайтда журналист сил касаллиги билан оғриётгани боис тиббий кўмакка муҳтождир.

Жорий йилнинг январ ойи сўнггида мухолифатдаги Эрк партияси фаоли Муҳаммад Бекжон 12 йиллик жазо муддати тугашига бир ой қолганида, қамоқхона ички қоидасини бузганликда айбланиб, яна 5 йиллик жазога ҳукм этилди.

Ўзбек мухолифати лидери Муҳаммад Солиҳнинг укаси бўлган 58 яшар Муҳаммад Бекжон 1999 йил 16 феврал кунги Тошкент портлашларига алоқадорликда айбланган.

Амнистияга тушиши кутилаётганлардан бири, таниқли журналист, футбол шарҳловчиси, диний-маърифий дастурлар муаллифи, айни пайтда олти йиллик қамоқ жазосини ўтаётган Хайрулла Ҳамидов эди.

Бироқ 2010 йилда "Жиҳодчилар" диний-экстремистик гуруҳига алоқадорликда айбланиб, қамалган 36 ёшли Хайрулла Ҳамидов амнистияга тушмаган маҳкумлар рўйхатидан жой олди.

Амнистиядан умидсиз умидворлардан яна бири Мамадали Маҳмудов 1999 йилнинг 16 февралида Тошкентда содир этилган портлашларга алоқадорликда айбланиб, 14 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган эди. Халқаро ташкилотлар Мамадали Маҳмудовга қўйилган айбловлар асоссиз эканини айтиб келади ва уни сиёсий маҳбус, дея эътироф этган.

Жазо муддати 2018 йилда тугайдиган Солижон Абдураҳмонов наркотик модда сотишга ҳаракат қилганликда айбланиб, 2008 йилнинг 10 октябр куни Нукус шаҳар жиноий ишлар суди ҳукмига кўра 10 йил муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари журналистга ўқилган ҳукм унинг журналистик фаолияти билан боғлиқ эканини айтиб келади.

1921 йилда асос солинган, бош қароргоҳи Лондонда жойлашган ПЕН клуб беш маҳкумни зудлик билан озод қилинишини талаб қилди.
XS
SM
MD
LG