Линклар

logo-print

Ўзбекистон олий ўқув юртларида шартнома нархи ошди

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистонлик талабаларнинг аксари учун шартнома тўловининг 14 фоизга ошгани оғирлик қилмоқда.

Ўзбекистонлик талабаларнинг аксари учун шартнома тўловининг 14 фоизга ошгани оғирлик қилмоқда.

Иккинчи мартдан бошлаб олий ўқув юртлари талабалари учун шартнома тўлови миқдори 14 фоизга ошди. Бунда жорий ўқув йили учун ҳақ тўлаб қўйган талабалардан ошган миқдордаги пул ундириб олинаётгани айтилмоқда.

Жиззах Давлат педагогика Университетида ўқиётган Икромжон ўқув шартномаси нархларининг ошганлигидан талабалар норози бўлаётганини айтади:

- Бир йиллик контрак 2 миллион 280 минг сўм эди. Энди 3 миллион 300 минг сўм бўлибди. Бардак бўлиб ётибди бу ёғи. Биз ҳам яқинда билдик. Иккинчи ярим йилга 1 миллион 440 минг сўм тўлаб қўйган эдик. Яна 210 минг қўшимча тўлаш ҳақида буйруқ чиқибди. Нима қилишни билмай бошимиз қотиб қолди. Ота-оналаримиз шу пулни зўрға топиб бераётган эди. Куни-кеча ўртоқларимиз билан иш изладик. Иш ҳам йўқ,- дейди Икромжон.

Жиззах давлат педагогика университетининг ўзини таништирмаган ўқитувчиларидан бирининг айтишича, шартнома нархларини ошириш ҳақидаги буйруқ Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидан келган:

- 2 мартдан бошлаб йиллик тўлов 420 минг сўмга оширилди. Бу ярим йилликка шунинг ярми қўшимча тўланиши шарт. Декабр ойидан бошлаб иш ҳақи ва стипендиялар ошган эдику, шунга бу ҳам ошди. Бу шартнома пулларининг бир қисми талабаларнинг стипендияларига сарфланади,- дейди университет домласи.

Ўзбекистон Олий ўқув юртларидан бирида ишлаётган Бобур домланинг айтишича, шартнома пулларини ўз вақтида тўлашга ҳамма ота-оналарнинг ҳам имкони йўқ. Шунинг учун ҳам ҳар ўқув йили семестри бошланиши билан факултетлар деканларининг асосий ташвиши шу бўлиб қолади:

- Факултет деканларининг биринчи қиладиган иши контракт пулларини тўлаттириш. Агар талаб контракт пулини тўламаса, ҳайдалиши мумкин. Умуман олганда, контрак пулларини 2-3 миллион қилиб қўйиш ҳозирги шароитга тўғри келмайди. Ота-оналар ўзлари зўрға яшаяптию, бу пулни топиб бериш бир азоб бўлади, - дейди Бобур домла.

Ўзбекистон олий ўқув юртларининг 3 баҳога ўқиётган талабаларига 106 минг сўм, 4 баҳога ўқиётганлар 170 минг сўм ва аълочиларга эса 235 минг сўм стипендия берилади.

Бироқ бу ўқув йилининг биринчи ярмида яхши ва аъло баҳоларга ўқиган талабаларнинг баҳоларини пастлатиш тенденцияси кузатилди. Кузатувчилар бу ҳолатни бюджет пулларини иқтисод қилиш учун юқоридан берилган топшириқ сифатида баҳоладилар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG