Линклар

Тошкентда немис қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиш масаласи муҳокама қилинди


Томас де Майзер кейинги бир ой ичида Ўзбекистонга ташриф буюрган НАТО ва Европа Иттифоқига аъзо давлатлар мудофаа вазирларининг учинчисидир.

Томас де Майзер кейинги бир ой ичида Ўзбекистонга ташриф буюрган НАТО ва Европа Иттифоқига аъзо давлатлар мудофаа вазирларининг учинчисидир.

Душанба ва сешанба кунлари Германия Мудофаа вазири Томас де Майзер расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлди. Германия Мудрофаа вазирлигининг Озодликка маълум қилишича, вазир Ўзбекистон расмийлари билан Афғонистондан немис қўшинларини олиб чиқиш масаласини муҳокама қилган.

Тошкентга 13 март куни келган Германия Мудофаа вазири Томас де Майзер шу куни Ўзбекистон мудофаа ва ташқи ишлар вазирлари билан учрашиб, икки томонлама муносабатлар, хусусан Термиздаги немис ҳаво базаси билан боғлиқ ҳарбий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди, дея маълум қилди Озодлик билан суҳбатда Бундесвер мутбуот котиби подполковник Норберт Раан.

- Мудофаа вазиримиз кеча дастлаб Ўзбекистон Мудофаа вазири Қобил Бердиев билан учрашди. Ундан кейин эса ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан учрашди. Икки томонлама ҳамкорликка доир мулоқот чоғида Томас де Майзер Афғонистондаги ҳарбий операцияларимиз учун Ўзбекистон ҳукумати Термиз ҳаво базасини тақдим этиш билан кўмаклашаётгани учун миннатдорчилик билдирди, дейди Германия мудофаа вазирлигининг қуролли кучлар масалалари бўйича матубот котиби Раан.

Сешанба куни Бундесвер раҳбарини Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов қабул қилиши кутилаётган эди. Лекин подполковник Рааннинг айтишича, Томас де Майзер президент билан учрашмаган, у шу куни Тошкентдан Покистонга жўнаб кетган. Шу билан бирга Каримов-де Майзер учрашуви режалаштиргани тўғрисидаги хабарларни ҳам немис расмийси тасдиқламади.

Қобил Бердиев билан учрашган Томас де Майзер немис қўшинларини АФғонистондан олиб чиқишда Термиз базасидан фойдаланиш масаласини муҳокама қилди, дейди Бундесвер мутбуот вакили.

- Вазиримиз Термиздаги аэродромдан фойдаланаётганимиз биз учун ўта муҳимлигини қайд этди. Айниқса, Афғонистонда яна икки йил қолишимиз инобатга олинса бу иншоот жуда муҳимдир. Шунингдек, қўшинларимизни олиб чиқишда ҳам Термиз базаси муҳим рол ўйнаши унинг мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларда алоҳида ўрин тутушини пайқаш қийин эмас. Албатта, ҳозирда биз қўшинларни олиб чиқишнинг бошқа йўлларини ҳам кўриб чиқмоқдамиз, лекин Термиз аэродроми бу жараённинг муҳим қисми бўлади, дейди подполковник Раан.

Шу билан бирга, Германия мудофаа вазирлиги вакили НАТОга аъзо бошқа давлатлар қўшинларини олиб чиқишда Термиздаги базадан фойдаланиш масаласи ҳозирча кун тартибида йўқ, дея қўшимча қилди.

Томас де Майзер кейинги бир ой ичида Ўзбекистонга ташриф буюрган НАТО ва Европа Иттифоқига аъзо давлатлар мудофаа вазирларининг учинчисидир.

28 феврал куни Британия Мудофаа вазири Филипп Ҳаммонд, ундан бир ҳафта аввал, 20 феврал куни эса Латвия Мудофаа вазири Артис Пабрикс Тошкентга келган эди. НАТО мудофаа вазирларининг Ўзбекистонга ташрифлари Афғонистондан халқаро ҳарбий контингентни олиб чиқиш масаласи қизғин муҳокама қилинаётган пайтга тўғри келмоқда.

Бундан ташқари НАТОга аъзо давлатлар мулозимлари Марказий Осиёнинг бошқа республикаларга серқатнов бўлиб қолгани ҳам айнан ана шу масала билан боғланмоқда. Дарвоқе сешанба куни АҚШ Мудофаа вазири Леон Панетта Қирғизистонга борди. Ўтган ойда АҚШ Транспорт қўшинлари қўмондони генерал Уильям Фрейзер Тожкикистнга борган эди.

НАТО ва АҚШ қўшинлари 2014 йилгача Афғоснитонни тарк этиши эълон қилинганидан бери ҳарбий контингентни қайси йўл билан олиб чиқиш масаласи муҳокамаларга сабаб бўлиб келмоқда.

НАТО 2009 йилдан бери ўз қўшинлари таъминотини Болтиқ бўйидан бошланиб, Россия ва Марказий Осиё орқали ўтувчи Шимолий таъминот тармоғи орқали амалга оширади ва кўпчилик қўшинлар айни йўлакдан олиб чиқилишини кутаётган эди. Бироқ кейинги ойларда қўшинлар Ўзбекистон орқали олиб чиқилмаслиги ҳақида гап-сўзлар пайдо бўлди. Бунга берилган турли изоҳлар орасида Ўзбекистон варианти қимматга тушаётганига оид фикрлар айтилмоқда.

Лондондаги Халқаро муносабатлар қироллик институтининг сиёсий шарҳловчиси профессор Юрий Фёдоров, Афғонистондаги НАТО қўшинларини олиб чиқишнинг энг қулай йўли айнан Ўзбекистон орқали ўтиши ҳеч кимга сир эмас, лекин бу ерда нарх масаласидан кўра, Тошкент қўяётган сиёсий талаблар қийинчиликларга сабаб бўлаётган кўринади, дейди.

- Афтидан қўлида кузр картаси борлигига ақли етаётган Тошкент бу вазиятда ўзини анча дадил ҳис қилиб, халқаро коалицияга аъзо давлатларга ўз шартларини қўя олишига ҳам кўзи етмоқда. Ўзбекистон билан боғлиқ муаммолар фақатгина молиявий масалага тақалиб қолди, деб ўйламайман. Менмча, Тошкент муайан сиёсий талабларни ҳам қўяётган кўринади. Масалан, бундай талаблар орасида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бузилаётганига оид танқидларни камайтириш, Ўзбекистон раҳбариятининг ғарбдаги имижини яхшилашга ҳисса қўшувчи ён босишларга оид шартлар бўлиши мумкин, дейди сиёсий таҳлилчи.

Афғонистонни тарк этгач, ғарб учун Марказий Осиёнинг стратегик аҳамиятининг пасайиши инобатга олинса, Тошкент ҳукумати ўз талаблари бажарилишига эриша олишини кутиш мумкин, дея хулоса қилади Лондондаги Халқаро муносабатлар қироллик институтининг сиёсий шарҳловчиси профессор Юрий Фёдоров.

XS
SM
MD
LG