Линклар

Шошилинч хабар
17 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:20

"Наманганда нафақа пулини берганлар жазоланди"


Наманганлик маҳалла раислари нафақа пулини ўзлаштирган эмас, нафақа миқдорини ортиқча тайинлаган ҳамкасблари жазога тортилаётганини айтмоқда.

Ўзбекистон Бош прокуратураси расмий нашрида ўтган йили Наманган вилояти бўйича маҳалла фуқаролар йиғинларининг 30 нафар раиси ва 19 нафар котиби нафақа пулини талон-тарож қилишда айбдор, деб топилгани хабар қилинган эди.

Расмий маълумотга кўра, вилоят бўйича 2 ёшгача бўлган ва вояга етмаган болаларга берилаётган нафақа пулидан 127 миллион сўм ўзлаштирилган.

Прокуратура бу маблағ фуқароларнинг нафақа сўраб қилган мурожаатларини асоссиз рад этиш, сансалорликка солиш ва таъмагирлик орқали ўзлаштирилганини айтмоқда ва фуқароларни бундан огоҳ бўлишга даъват қилмоқда.

Аммо, Озодлик билан суҳбатда Наманган шаҳридаги қатор маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари болаларга бериладиган нафақа пулларини ўзлаштриган эмас, балки ортиқча тайинлаган ҳамкасблари жазога тортилганини айтмоқда.

Жумладан, Наманган шаҳридаги маҳалла фуқаролар йиғини раисларидан бири Озодлик мухбири билан микрофонсиз суҳбатда бу вазифага 5 ой олдин тайинлангани, ундан аввал тайинланган раис айнан нафақа пуллари боис ишдан олинганини айтди.

- Биздан олдинги раис Файзулло ака деган одамгаям 3 миллион сўмга яқин пулни давлатга қайтар, дейишди. Одамларга ортиқча бергансан, деб. У киши ҳозиргаячам одамларга қайтаринглар, деб юрибди. Лекин, одамлар нима қилсин? Ўз вақтида олган, еб қўйган, беролмайман, деб йиғлаб туриб олади. Бечора қайтариб берганидан оляпти, бермаганини ёнидан қайтариб беряпти, - дейди исми сир қолиши шарти билан Озодликка сўзлаган маҳалла фуқаролар йиғини раиси.

Бу раис Наманган шаҳри бўйлаб давлатга 2-3 миллион сўмгача миқдордаги маблағни давлатга қайтарган маҳалла раислари ҳолидан хабардор эканини айтмоқда.

Ҳозир Ўзбекистонда ўрнатилган тартибга мувофиқ 2 ёшгача бўлган ва вояга етмаган болаларга нафақа пули берилади. Аммо, бу пулни олишга ҳақли оилалар қатлами жуда чекланган.

- Масалан, ҳозир 2 ёшгача бўлган нафақа пулини олиш учун она ишсиз, ота эса бирор жойда ишли бўлиши керак. Оила даромади киши бошига ойига 79 мингдан кўп бўлса, бермаймиз. Кам бўлса, нафақа тайинлаймиз, - дейди Наманган шаҳридаги маҳалла фуқаролар йиғинларидан бирининг раиси.

Яъни, бу ҳолда оиланинг бир ойлик даромади қўшилади ва 12 ойга тақсимланади. Келиб чиққан сумма эса оилада киши бошига 79 минг сўмдан кўп бўлмасагина, бундай оила 2 ёшгача бўлган барча ва вояга етмаган 3 нафаргача боласига нафақа олиши мумкин. Тўрт ва ундан кўп фарзанди бўлса, бундай оилалар кўп фарзандли, деб расмийлаштирилади ва умумлаштирилган ҳолда ойига 96 минг сўмдан пул берилади.

Ҳозир Ўзбекистонда тайинланган 2 ёшгача бўлган бола учун нафақа пули 125 минг сўм, 16 ёшгача бўлган болалар учун эса 32 минг сўмдан.

Озодлик билан микрофонсиз суҳбатлашишга рози бўлган маҳалла фуқаролар йиғини раисига кўра, ҳозир эр ҳам, хотин ҳам ишсиз бўлган оилалар жуда кўп ва уларга нафақа пулини тайинлашда муаммо бор.

- Бунақа хонадонларга борсангиз, уйида егани нони йўқ, йиғлаб ўтиришган бўлади. Нима қиласиз энди маҳаллангизку?! Комиссия тузиб, шуларга бир мартага 6 ойлик моддий ёрдам тайинламиз. У оила 6 ой ичида иш топиши керак,- дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Унинг сўзларига кўра, моддий ёрдам ҳам бир маротаба муддатга ҳар бир оилага 96 мингдан сўмдан берилади.

- Лекин буни комиссия ҳал қиладида. Кейин текшириб келишганда, шунақа ишлардан бир камчилик топишади, қайтарасан, деб туриб олишади кейин. Мендан олдин бизни маҳаллада ишлаган иккита раис шунинг устида ишдан кетган, - дейди Наманган шаҳридаги маҳалла фуқаролар йиғини раиси.

У маҳалла раислари орасида болага тайинланадиган нафақа пулларини ўзлаштираётган ҳамкасблари борлигини ҳам инкор қилмади.

Аммо, унинг сўзлари мазмунидан 30 нафар маҳалла раиси ва 19 котиби томонидан ўзлаштирилгани айтилган 127 миллион сўмлик пул оилаларнинг ҳаққидан урилмаган пул эмас.

Наманган вилояти ҳокимлиги, Наманган вилоят Молия бошқармаси, "Маҳалла" жамғармасининг Наманган шаҳар бўлимларидан олинган маълумотларга кўра, 2010 йилдан буён Молия вазирлиги қарори билан аҳолига ортиқча тўланган нафақа пули ва пенсия пулларини аниқлаш ҳамда давлат ғазнасига қайтариш жараёни бормоқда.

- 2010 йилнинг ноябр ойида Молия вазирлигининг қарори чиққан. Мавжуд ҳаракатдаги барча пенсия ишларини текширувдан ўтказиш тўғрисида. Ҳамма ишлагн жойлари, иш ҳаққи ҳақида ҳужжатларни берганку. Шулар архивлардан текшириляпти ва тасдиқланмаса, пенсия пули қайтариб олинаяпти, - дейди Наманган вилоятидаги мутасадди ташкилотлардан бирининг ходими.

Бундан ташқари, бу жараёнда аҳолига нотўғри пенсия тайинлаган ва шу билан давлат пулини ўзлаштирган шахслар ҳам аниқланган.

- 2006-2007 йилларда йўқ одамларни бор, деб ёзиб, буларга давлат ҳисобидан пенсия олиб юрганлар аниқланган. Совбез ва почта ходимлари ҳамкорликда қилганлар жазосини олиб бўлди, қамаладигани қамалиб бўлди 2011 йилда, - дейди Наманган вилоятидаги мутасаддилардан бири.

У бундай жиноятлар чоғида катта маблағ ўзлаштирилганига ишорат қилди, аммо айнан қача эканини айтмади.

Яъни, Наманган вилояти пенсия жамғармаси ва Молия бошқармаси мутасаддилари сўзларига кўра ҳам, алоҳида шахсларга ажартилган пенсия пулларини ўзлаштирганлар эмас, балки йўқ одамни бор қилиб қайд этиб, давлат ҳисобидан ортиқча маблағ ўзлаштирган ходимлар жазога тортилган.

Ўзбекистонда болаларга ва кексаларга нафақа пулининг тайинлаш жараёни ўта коррупциялашгани ва аксар ҳолларда мурожаат қилганларга 1 ёки 3 ойлик нафақа пулини пора сифатида беришни талаб қилиш ҳоллари ҳақида Озодликка кўп мурожаатлар бўлган ва таҳририят бундай ҳолатларни мунтазам ёритиб келмоқда.

Гарчи вилоят мутасаддилари аҳолига пенсия пулларини тайинлаш олдидан пора талаб қилаётган ходимлар бўлиши мумкинлигини инкор қилмасада, бундай ҳолатлар бўйича конкрет маълумотлар йўқлигини айтдилар.

Яъни, расмий маълумотлар мазмунига кўра, ҳозир кўпроқ аҳолининг чўнтагидан пул ўмараётган эмас, балки давлат ғазнасидан ортиқча пенсия ва нафақа тайинлаётган ҳамда ёлғон маълумот бериб, ортиқча пенсия олаётган шахсларни аниқлаш жараёни бормоқда.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:10 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG