Линклар

logo-print

Тоғли Қорабоғ мавзуидаги фильмлар тақиқланди


Тоғли Қорабоғ можаросига оид масалада Ўзбекистон Озарбайжон ҳудудий яҳлитлиги позициясини ёқлайди.

Тоғли Қорабоғ можаросига оид масалада Ўзбекистон Озарбайжон ҳудудий яҳлитлиги позициясини ёқлайди.

Ўзбекистонда тақиқланган фильмлар рўйхатига Тоғли Қорабоғ можаросига бағишланган 7 та картина қўшилди.

Ҳужжатли фильмлар Ўзбекистон ҳукумати позициясига тескари бўлгани сабабли тақиққа учрагани айтилмоқда.

“Ўзбеккино” миллий агентлиги ҳузуридаги эксперт баҳолаш комиссияси 2012 йил 23 февралда қабул қилган қарорга кўра, “Юксакликлар, умидлар” (“Высоты, надежды”), “Қорабоғда тонг отадими” (“Будет ли утро над Карабахом”), “Ҳаёт ва ўлган азизларим” (“Дорогие мои, живые и мертвые”), “Қорабоғ ҳасрати” (“Раны Карабаха”), “Замин аскарлари” (“Солдаты своей земли”), “Сукунат” (“Затишье”), “Эътиқод ва руҳ” (“Вера и дух”) фильмларини намойиш этиш, кўпайтириш ва сотиш тавсия этилмайди.

Мамлакатда амалда бўлган қоидага мувофиқ, “тавсия этмаслик” расмий тақиқни англатади.

Ўтган ўйда тасдиқланган рўйхатга тушиб қолган ҳужжатли филмлар Болгарияда яшаб ижод қилувчи арман журналисти Цветана Паскалева томонидан суратга олинган.

Маҳаллий киношунослардан бирининг айтишича, муаллиф Ц. Паскалева Тоғли Қорабоғ можаросини ёритишда ошкора Арманистон томонини олгани боис филмлари қора рўйхатга тушган.

Озарбайжоннинг айирмачи Тоғли Қорабоғ ўлкаси устида Озарбойжон ва Арманистон ўртасида 1990 йилларда чиққан низода минглаб одам қурбон бўлган.

Расмий Боку ва Ереван ушбу масалада кўп йиллардан бери ўзаро тил топиша олмаётир. Ўзбекистон эса бу борада Озарбойжоннинг ҳудудий яхлитлигини сақлаб қолишни дастаклайди. Ўзбекистон 2008 йилда Озарбойжон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамлеяси муҳокамасига қўйилган Тоғли Қорабоғ тўғрисидаги резолюцияни қўллаб-қувватлаган.

Ўзбекистонда ҳукумат позициясига тўғри келмайдиган ёки жамият маънавиятига дахл қилувчи деб ҳисобланган фильмларни тақиқлаш янгилик эмас. “Ўзбеккино” миллий агентлиги ҳузуридаги баҳолаш комиссияси ҳозирга қадар 1045та фильмни “республика ҳудудида намойиш этиш, кўпайтириш ва сотиш тавсия этилмайди” дея хулоса берган.

"Ўзбеккино" миллий агентлиги, мамлакат ҳудудида намойиш этиш тақиқланган филмлар рўйхатини янгилаб туради. 2010 йилда эълон қилинган рўйхатда 473 фильм, жумладан британиялик таниқли комик артист Саша Барон Коэн суратга олган "Борат: Шуҳратли Қозоғистон давлати фойдаси учун Америка маданиятини ўрганиш" филми ҳам бор эди.

Расмийлар фильмлар тақиқини ўзбек томошабинини миллий зеҳниятга зид ҳолатлардан муҳофаза қилиш мақсади билан изоҳлайди.

Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 22 февралидан миллий менталитетга зид деган важ билан Ўзбекистон телеканаллари орқали турк сериаллари намойиши тўхтатилган.

2011 йилнинг октябрида эса актёр ва режиссёр Фаррух Соиповнинг диний радикал гуруҳга алоқадорликда айбланиши ортидан унинг “Нафс” фильми экрандан олинган эди.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлаган “Аҳолига киновидео хизмати кўрсатиш қоидалари”га кўра, хоҳ миллий, хоҳ хорижий киностудия маҳсулоти бўлсин, ҳар қандай фильм “Ўзбеккино” миллий агентлиги рухсати берилгандан кейингина намойиш этилиши мумкин. Агентлик бадиий, илмий-оммабоп, ўқув, мультипликацион киновидеофильмлар бўйича давлат рўйхат дафтарини юритади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG