Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:16

Футбол: Ўзбекистон олимпия жамоаси "Жар"да ҳал қилувчи ўйин ўтказади


2012 йил Лондонда бўладиган Олимпиада ўйинларига йўлланма олиш учун 14 март куни Тошкентдаги “Жар” стадионида Ўзбекистон ва БАА олимпия терма жамоалари ўртасида Осиё минтақаси “Б гуруҳи” саралаш ўйинлари 3-босқичининг охирги тур учрашуви бўлиб ўтади.

Ўзбекистон олимпия терма жамоаси фақат ғалаба қозонган тақдирда Лондон Олимпиадаси финал ўйинларига йўлланма олади.

Бирлашган Араб Амирликлари терма жамоасини эса дуранг натижа ҳам қониқтиради.

Ўзбекистон ва БАА олимпия терма жамоаси Олимпиада ўйинларида ҳеч қачон қатнашмаган.

Шу боис “Жар” стадионида қизғин беллашув бўлиши, иккала жамоа футболчилари бор маҳорат ва имкониятларини ишга солиши кутилмоқда.

Агар БАА жамоаси мағлубиятга учраса, учта гуруҳ ўртасида бўладиган плей-офф ўйинларида қатнашишга мажбур бўлади.

БАА Футбол федерацияси раиси Юсул Ал-Саркал Gulf News нашрига берган интервюсида ўз жамоаси Тошкентдаги ўйинда ғалаба қозонишига умид билдирди.

- Тошкентдаги ўйинда дуранг ёки ғалаба билан Олимпиада финалига тўғридан-тўғри йўлланма олиш жуда муҳим ва ҳозир бизда ана шундай имконият бор, - деди Ал-Саркал.

Икки жамоа учун ҳал қилувчи ўйин арафасида 13 март куни Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида сўзлаган Ўзбекистон олимпия жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамов чоршанба кунги ўйинда руҳий тайёргарлик кўп нарсани ҳал қилишини таъкидлади.

- Эртанги баҳснинг муҳим аҳамиятга эга эканлигини ҳамма ҳам яхши ҳис қилиб турибди. Бундай ўйин ҳар куни ҳам бўлавермайди. Имкон қадар яхши ўйин кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Ироқ билан ўйиндан кейин йигитларда маълум даражада чарчоқ сезилди. Шу сабаб Туркиядаги йиғинни бекор қилишга қарор қилдик. Эртага бўладиган ўйинда кўп нарсани руҳий тайёргарлик, руҳий ҳолат ҳал қилади, - деди Вадим Абрамов.

Араб Амирликларида яшовчи бир шайх футбол ишқибозларини 5 та самолётда Тошкентга жўнатишга ваъда берган эди.

Бироқ ўйинни томоша қилиш ва ўз жамоаларини дастаклаш учун кўп сонли араб ишқибозлари Тошкентга келмади. Бунинг сабаби ҳозирча маълум эмас.

Ўзбекистон матбуоти хабарларига кўра, БАА футбол жамоасининг 53 кишидан иборат делегацияси аллақачон Тошкентга етиб келган.

БАА жамоасининг Олимпиада йўлланмасига даъвогар бўлишига Ироқ билан бўлган ўйин натижаси бекор қилиниб, ғалаба БААга берилган сабаб бўлди.

Футбол уюшмалари халқаро федерацияси – ФИФА Ироқ терма жамоаси Бирлашган Араб Амирликлари билан учрашувда иккита сариқ карточка олгани учун дисквалификация қилинган ҳимоячи Жасим Файсални майдонга туширгани сабабли ироқликлар ғалабасини бекор қилган.

2011 йилнинг ноябр ойидаги учрашувда Ироқ 2-0 ҳисобида ғалаба қозонган эди. Бироқ ФИФА Араб Амирликларига 3-0 ҳисобидаги ғалаба ёзган.

5 феврал куни Тошкентда Ўзбекистон ва Австралия олимпия жамоалари ўртасида бўлиб ўтган ўйинда Ўзбекистон жамоаси 2:0 ҳисобида ғалаба қозонганди.

21 феврал куни Қатарда Ироқ ва Ўзбекистон Олимпия жамоаси ўртасидаги ўйин 2:1 ҳисобида ироқликлар фойдасига ҳал бўлди.

Миллионлаб ўзбекистонлик футбол шинавандалари 14 март куни Тошкентдаги “Жар” стадионида маҳаллий вақт билан соат 18:00 да бошланадиган ўйинда 23 ёшгача бўлган Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Бирлашган Араб Амирликлари жамоасини 1:0 ёки 2:0 ҳисобида доғда қолдириб, Лондон Олимпиядасига бориш учун йўлланмани қўлга киритишини башорат қилмоқда.
XS
SM
MD
LG