Линклар

Москвада таниқли озар ёзувчиси Юнус Ўғузнинг “Темурланг. Юксалиш йўли” тарихий романининг тақдимот маросими бўлиб ўтди. Россиялик мутахассислар эътиборини ўзига қаратган бу асар Амир Темур ҳақида рус тилида яратилган туркум асарларнинг биринчисидир.

Москвадаги "Миллатлар Уйи"да озарбайжонлик таниқли ёзувчи Юнус Ўғузнинг “Темурланг. Юксалиш йўли” номли асари презентация қилинди. Тақдимот маросими Россиядаги Озарбайжон миллий автономияси (Азеррос) ва “Бокуликлар клуби” томонидан ташкиллаштирилди.

Бу романда буюк саркарда Амир Темур ҳаётининг биринчи ярми тасвирланади ва унинг Ҳиндистонга юриши билан якунланади.

Асар Бой этнографик материаллар ва тарихий манбаълар асосида ёзилган, дейди тақдимот маросимида сўзлаган Юнус Ўғуз.

- Мен ўз асарларим қаҳрамони сифатида доимо тарихий шахсларни танлайман. Шу ўринда, императорлар шахслари жуда қизиқдир, чунки улар у ёки бу халқнинг тақдирини ҳал этиб келган, уларни йўқ қилиб юборишлари мумкин бўлган. Тарих такрорланиш хусусиятига эга. Ўша даврлардаги воқеалар бугун ҳам такрорланмоқда. Албатта, мен бу шахсларни тарихий-адабий нуқтаи назаридан тасвирлашга уриниб кўрдим, дейди адиб.

Турколог романист Юнус Ўғуз асарлари инглиз, турк, форс, рус ва бошқа тилларга таржима қилинган. Адибнинг Озодликка айтишича, тақдим этилаётган “Темурланг. Юксалиш йўли” асари Амир Темур ҳақида рус тилида чоп этилган бу туркумдаги биринчи китобдир.

Ўз романи ҳақида гапирар экан, ёзувчи Юнус Ўғуз буюк Амир Темур тақдири ва тарихда қолдирган изи барча халқлар учун қизиқарли эканлигига ишонишини айтади.

- У турк оламининг сўнгги императори. У умуман буюк инсон эди. Унинг тақдири нафақат Марказий Осиё ёки Усмонийлар империяси мамлакатлари, балки Россия ва Европа учун қизиқарлидир, дейди асар муаллифи.

Юнус Ўғуз (ўнгда) журналистлар Оксана Буланова ва Али Сейид билан.

Юнус Ўғуз (ўнгда) журналистлар Оксана Буланова ва Али Сейид билан.

Мутаҳассисларнинг фикрича, асарда Амир Темурнинг буюк жангларидаги ғалабалари, унинг тактикаси ва стратегияси тасвирланган, подшоҳ сифатида ақлу-заковати ва айни пайтда қаттиққўллиги ўз аксини топган.

“Темурланг. Юксалиш йўли” романининг таҳрирчиси, журналист Оксана Буланова Озодлик Радиоси билан суҳбатда бу асарга баҳо берар экан, “асар муаллифи Юнус Ўғуз Амир Темурни бўямасдан, камчиликлари ва олий сифатлари билан тасвирлашга уринди”, дейди.

- У адабий асар яратди, бироқ уни тўлиқ тарихий фактларга таяниб ёритди. Шахсан менга, редактор сифатида эмас, оддий ўқувчи сифатида ёққани – Юнус-бей Амир Темур шахсини ёритишда объектив муносабат билдирган ва ҳаётини буямасдан тасвирлашга ҳаракат қилди, дейди китоб таҳрирчиси Оксана Булавина.

Булавинанинг сўзларига кўра, озарбайжон тилидан русчага таржима қилишда маҳоратли таржимонлар орасида катта танлов уюштирилган. Ниҳоят, таржимон Али Сеидов асарнинг мазмун-моҳиятини ўзгартирмасдан русчага ўгириб беришга эришди.

“Темурланг. Юксалиш йўли” муаллифлари китобни ҳам тарихий-этнографик, ҳам адабий қимматга эга дея таърифламоқда.

Маълум бўлишича, ҳозирда бу асар турк тилига ҳам таржима қилинган.


Юнус Ўғуз – файласуф, тарихчи, ёзувчи, кўплаб тарихий асарлар муаллифи. Жумладан, “Атилла” (2008 йил), “Нодир Шоҳ” (2009 йил, Лондонда инглиз тилида чоп этилган), “Турклар тарихига янги қарашлар” (2006 йил), “Қадимги турклар ва пассионарлик назарияси” илмий асари ва бошқалар унинг қаламига мансуб. “Олайлар” газетаси ва шу номли ахборот агентлиги бош муҳаррири.
XS
SM
MD
LG