Линклар

logo-print

Вакансия ярмаркалари кимга керак?


Ўзбекистон иш кучининг катта қисми мамлакат ташқарисида мардикорлик қилиши айтилади.

Ўзбекистон иш кучининг катта қисми мамлакат ташқарисида мардикорлик қилиши айтилади.

Ўзбекистонда аҳолининг иш билан таъминланганини ошириш мақсадида бўш иш ўринлари ярмаркалари ташкил қилинмоқда. Ҳафта бошида Тошкент вилояти Қибрай туманида маҳаллий коллеж битирувчиларини ишга жойлаштириш учун бундай тадбир уюштирилди. Келаси ҳафта эса Тошкентда HR Capital Consulting фирмаси ҳам вакансиялар ярмаркасини ташкил қилмоқчи. Бундай тадбирларга иш излаб келганларнинг кўпчилиги таклиф этилаётган ишларга жойлашишнинг иложи йўқлигини айтишмоқда. Битирувчилар эса, дипломни олиш учунгина ишга жойлашишга мажбур бўлаётгани айтилмоқда.

Қибрайдаги ярмаркада 40 дан ортиқ корхона 500 дан ортиқ бўш иш жойини таклиф қилди. Туманда жойлашган Байтқўрғон касб ва хунар колежи бу йил 300 битирувчини чиқариши айтилади ЎзА агентлиги хабарида. Лекин таклиф этилган вакансиялар битирувчиларнинг қанчасига асқатгани хабарда аниқ айтилгани йўқ.

Вакансиялар ярмаркалари Ўзбекистон вилоятларида ҳар йили ўтказиб турилади. Келаси ҳафта Тошкентдаги “Экспомарказ” биносида яна бир йирик тадбир уюштирилади. Тадбир ташкилотчиси “HR Capital Consulting” фирмаси ходимининг айтишича, Бўш иш жойлари 5-ярмаркасида 300 дан ортиқ ташкилотнинг қатнашиши кутилмоқда. Тадбирда қатнашиш учун 2 мингдан ортиқ иш излаётган мутахассис рўйхатдан ўтди, дейди ўзини Любовь деб таништирган мутахассис.

- Кўпчилик, 2 мингдан ортиқ. Энди қандай мутахассислар эканини айтиш қийин, лекин улар орасида йирик ширкатларга ишга жойлашиш истагида бўлган талабалардан тортиб иш стажига эга, лекин иш жойини ўзгартириш ниятида бўлган мутахассислар бор. Хуллас контингент турфа-хилдир, дейди кадрлар масаласи бўйича мутахассис.

Унинг айтишича, ярмаркада жами 4 мингга яқин иш изловчининг қатнашиши кутилмоқда.

Тошкентлик программист мутахссис Абдураҳмон ака ўтган йилнинг октябрида ўтказилган ярмаркада қатнашган эди. Унинг айтишича, бу каби тадбирларда ишга жойлашиш амри маҳолдир. Чунки, дейди Абдураҳмон ака, юқоридаги кўрсатмага кўра ярмаркада қатнашган иш берувчилар атайлаб иш изловчилар жавоб бера олмайдиган талабларни қўяди.

- Энди 5 фоиз одам топиб қолиши мумкин кейинроқ телефон қилиб. Сразу топилиши қийин. Чунки мен бошқа ярмаркаларда ҳам қатнашганманда. Ўшанда кўрдим. Бобур майдонида ҳам бўлиб туради шунақа ярмаркалар. У ерда кўпи юзаки. Прокуратура мажбур қилиб иш олиш керак деб. Ойлик маоши фалон сўмгача деб қўйилган. Борсангиз, ойлик маош унақа эмас, дейди Абдураҳмон ака.

Унинг айтишича, Меҳнат вазирлиги ва аҳоли бандлигини таъминлаш учун мутасадди ташкилотлар прокуратура каби ҳуқуқ тартибот идоралари ёрдамида турли корхоналарга вакансиялар ярмаркаларида қатнашишни “тавсия қилади”. Бу, дейди Абдураҳмон ака, ҳисоботларда керакли рақамларни кўрсатиш учун керак бўлади.

- Аслида ишчи керак эмас у ëққа. Лекин ҳокимиятга нима қилинганда “Шу кадр йўқ эди. Етишмаган эди” деган баҳонани ҳам рўкач қилишади. Аслида у ерга керак эмас. Планни бажармасликнинг шунақа ҳолатлари ҳам борда.

Ўқув юртларини битираётган талабалар ҳам ярмаркадан иш излашга мажбур, дея давом этади Абдураҳмон ака.

- Коллеждагилар бориб кирсин деб шунчаки уюштиляпти. Булар ҳаммаси пора бериб туриб киради барибир ишга. Усиз иложи йўқ. Пора бермаса, барибир олмайди. Шунинг учун коллежларда ҳам “справка олиб келинглар” деб талаб қилади. “Бўлмаса дипломни ҳам бермаймиз” дейдиган даражагача келади айрим коллежлар. “Ишга кирганлигинг тўғрисида справка олиб келгин” деб мажбур қилишади. Прокуратура, ҳаммаси у ҳисоботни назорат қилиб туради ишга кирганлар неча фоиз деб. Юқорига фақат ҳисобот учунгина қилинаяптида бу иш, дейди Тошкентдаги бўш иш жойлари ярмаркаларининг бир нечтасида қатнашиб, иш топа олмаган программист мутахассис.

Ўзбекистонда ишга яроқли аҳоли сони 16 миллиондан ортиқни ташкил қилади. Расмий маълумотларга кўра, ишсизлик даражаси 1 фоиздан камроқдир.

Турли ҳисоб-китобларга кўра, мамлакат ташқарисида меҳнат муҳожирлигида юрган ўзбекистонликлар сони 4 миллионда 8 миллионгача экани тахмин қилинади.

XS
SM
MD
LG