Линклар

logo-print

Озарий журналисти шантаждан қўрқмаслигини айтмоқда


Хадича Исмоилова бугун Озарбайжон давлати тепасида ўтирганлар кирдикорларини бундан сўнг ҳам тафтиш қилишда давом этиш қарорида қатъий.

Хадича Исмоилова бугун Озарбайжон давлати тепасида ўтирганлар кирдикорларини бундан сўнг ҳам тафтиш қилишда давом этиш қарорида қатъий.

Озодлик радиосининг Бакудаги мухбири Хадича Исмоилова ўзига қарши бошланган шантаж кампаниясига қарамай¸ Озарбайжондаги коррупция вазиятини тафтиш қилишда давом этажагини айтмоқда.

Озодлик радиосининг Озарбайжондаги мухбири Хадича Исмоилова анчадан бери президент Илҳом Алиев оиласи¸ хусусан унинг қизларига қарашли бизнес империясини тафтиш қилаëтган ва биринчи оила бойликларига оид қатор мақолалар чоп этган эди.

Куни-кеча Хадича Исмоиловага нисбат берилаëтган жинсий алоқа тасвирга туширилган видеолавҳа Интернетга қўйилди. Хадича Исмоилова¸ бундан мақсад овозини ўчириш бўладиган бўлса¸ бу ишни қилганлар муродига ета олмаслигини таъкидлайди.

- Бу видео орқали мени тўхтатмоқчи бўлган бўлсалар¸ мен ишонтириб айтаманки¸ улар хато ўйлабди. Бунинг уддасидан чиқа олишмади ва мен бундан кейин ҳам журналистик суриштирувни давом эттираман. Мен ўз текширувларим ниҳоясига етиши билан¸ бор материални чоп қиламан. Улар мени шу йўл билан шарманда қилмоқчи бўлган бўлсалар¸ бунинг ҳам уддасидан чиқа олмадилар. Дўстларим мени қўлламоқда¸ ҳатто мамлакат диндорлари мен билан бирдамликларини изҳор қилдилар¸ деди 14 март куни Озодлик мухбири Хадича Исмоилова.

Чоршанба куни эълон қилган баëнотида Озодлик /Озод Европа радиолари президенти Стив Корн ўзи ва радиостанциянинг Хадича Исмоиловага нисбатан ишонч ва таянчи собит эканини таъкидлади.

- Биз Хадичани қўллашда давом этамиз ва унинг Озарбайжон халқини улар маҳаллий матбуотдан топ олмаëтган цензурасиз янгиликлар¸ масъулиятли баҳслар ва очиқ мулоқот билан таъминлашда Озодликка ëрдам бераëтганини¸ бу йўлдаги жасоратини олқишлаймиз. Хадича ишининг нақадар ҳақиқат ва қимматли экани ҳаммага очиқ кўриниб турибди¸ бугун Хадича эмас¸ балки унинг номини қора қилмоқчи бўлганлар уялсин¸ деди 11-13 март кунлари Бакуга сафар қилган Озодлик президенти ўз баëнотида.

Хадича Исмоиловага нисбат берилаëтган шаҳвоний видеотасвир 11 март куни Интернетга мухолифатдаги Мусават партиясига тегишли ўғирланган URL манзилидан қўйилган.

Душанба куни Озарбайжондаги “Йени Озарбайжон” ҳукмрон партияси ўз расмий газетасида Хадича Исмоилова ва Озодлик радиосига қарши бўҳтонга тўла мақола эълон қилди . Хадича Исмоилова бу газетани ўзи ва оиласига туҳмат қилганлик айби билан судга тортишга қарор қилди.

Хадича Исмоиловага нисбат берилаëтган видео Интернетга қўйилиш олдидан унга номаълум шахслар ўзининг яланғоч суратлари солинган конверт жўнатиб¸ агар ўзини яхши тутмаса¸ шарманда бўлажагидан огоҳлантирилган эди.

Озарбайжондаги матбуот ва инсон ҳақлари ҳимояси билан шуғуллануви ташкилотлар Хадича Исмоиловага қарши бораëтган шантаж озарий жамиятини қўрқувда ушлаш кампаниясининг бир қисми эканини айтмоқдалар.

- Озарбайжондаги жиноий-мафия тизимларининг ягона мақсади ҳаммамизни қўрқувда ушлашдир. Улар бизнинг қамоққа олиниш¸ қийноққа солиниш¸ ўғирлаб кетилиш¸ зўрланиш эҳтимолидан доимий қўрқувда яшашимизни истайдилар. Улар ўзларининг ҳамма ишга қодирликларини кўрсатмоқчи бўлаяптилар¸ дейди Хадича ишига муносабат билдирган озарий ҳуқуқ фаоли¸ Бакудаги Тинчлик ва Демократия институти раҳбари Лайло Юнус.

Хадича Исмоиловага қарши бораëтган шантаж кампаниясига муносабат билдирган Озарбайжон Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби¸ журналист аризасининг қонунда белгиланган каби ўрганилиши ва 10 кун ичида унга расмий жавоб берилишини билдирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG