Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 03:07

Обама ва Камерон Вашингтонда учрашди


АҚШ Президенти Б.Обама (ў) ва Британия Бош вазири Д.Камерон (ч), Оқ Уй, 2012 йил 14 март.
АҚШ Президенти Б.Обама (ў) ва Британия Бош вазири Д.Камерон (ч), Оқ Уй, 2012 йил 14 март.

АҚШ Президенти Барак Обаманинг Британия Бош вазири Дэвид Камерон билан Оқ Уйда икки соат давом этган учрашувида Афғонистондан халқаро кучларни олиб чиқиш, Эроннинг ядровий дастури ва Суриядаги вазият муҳокама этилди.

Барак Обама ва Дэвид Камерон ўртасида бўлиб ўтган сўзлашувдан кейин уюштирилган матбуот анжуманида икки давлат раҳбарлари Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштиришда сезиларли муваффақиятга эришилганини таъкидладилар.

Обама хориж қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиш, режаланганидек, 2014 йил охиригача амалга ошишини яна бир карра таъкидлади.

- Хавфсизликни таъминлаш масъулиятини Афғонистон кучларига топшириш жараёни аллақачон бошланган. Афғонистонликларнинг қарийб ярми хавфсизлик учун афғон кучлари масъул бўлган ҳудудларда яшамоқда. Бугун Британия бош вазири ва мен хавфсизликни таъминлаш ҳамкорларимиз билан Лиссабонда эришилган келишувга мувофиқ амалга ошишини яна бир марта таъкидлаймиз, - деди АҚШ президенти.

Ўтган ой Бағромдаги АҚШ базасида муқаддас Қуръон китоби нусхалари ёқилгани ва шу ҳафтада АҚШ ҳарбийси 16 нафар афғонистонликни отиб ўлдиргани хориж қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқилиши борасида саволлар пайдо қилган.

Барак Обама АҚШ ва Афғонистон ўртасида стратегик ҳамкорлик ҳақидаги шартнома НАТОнинг май ойида Чикаго шаҳрида бўладиган саммитига қадар имзоланишига умид билдирди.

НАТО саммитида хориж қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиш муддати ҳақида узил-кесил келишиб олиниши кутилмоқда.

АҚШ ва Британия Афғонистонга энг кўп қўшин киритган давлатлардир.

Обама-Камерон учрашувида анча вақтдан бери қизғин баҳсларга сабаб бўлиб келаётган Эроннинг ядровий дастури ҳам муҳокама қилинди.

Обама Эроннинг ядровий дастури билан боғлиқ муаммони дипломатик йўл орқали ҳал этиш учун ҳали ҳам вақт борлигини айтди.

- Биз ядровий дастур муаммосини дипломатик йўл орқали ҳал қилиш учун бор имкониятни ишга соламиз. Биз бу масалани жиддий қабул қиладиган нариги томондагилар билан музокара олиб боришимиз керак. Мен Эрон режими бу энг яхши йўл эканини тушунади, деб ўйлайман, - деди АҚШ президенти.

Дэвид Камерон эса Теҳронни дунёнинг етакчи давлатлари билан бўладиган музокараларга жиддий ёндошишга чақирди.

АҚШ президенти ва Британия Бош вазири мулоқоти чоғида Сурияда юзага келган вазиятга ҳам эътибор қаратилди.

Сурияда президент Башар Ал-Ассад режимига қарши оммавий норозиликлар бошланганига 15 март куни бир йил тўлди.

БМТ маълумотига кўра, 2011 йил март ойидан бери Сурияда камида 8 минг киши, асосан тинч аҳоли вакиллари ўлдирилган. 230 минг аҳоли ўз уйини ташлаб, бошқа жойларга кўчишга мажбур бўлган, 30 минг суриялик мамлакатни тарк этган.

Дэвид Камерон Сурия режимига қарши БМТ томонидан чора кўрилишига қарши чиққан Россияга ўз йўналишини ўзгартириш тавсия этилишини айтди.

Матбуот анжуманида қатнашган мухбирлардан бирининг: "Ғарб давлатлари ўтган йили Ливияда жорий қилгани каби Сурияда ҳам учиш таъқиқланган зона жорий қилиш масаласи муҳокама қилиндими?" деган саволига АҚШ президенти ҳарбий интервенция тарафдори эмаслигини айтди.
XS
SM
MD
LG