Линклар

Қирғизистонга радиоактив кўмир олиб келганлар судланмоқда


Энергетика вазири Аскар Шадиев 8,5 минг тонна радиоактив кўмир Бишкекка олиб келинишига алоқадор эмаслигини айтмоқда.

Энергетика вазири Аскар Шадиев 8,5 минг тонна радиоактив кўмир Бишкекка олиб келинишига алоқадор эмаслигини айтмоқда.

Қозоғистондан радиоактив кўмир сотиб олинишига йўл бергани учун Қирғизистон Энергетика вазири, вазир ўринбосари, божхона расмийларига жиноят иши очилди.

Қирғизистон Бош прокуратурасининг билдиришича, Бишкекка Қозоғистондан радиоактив кўмир олиб келиниши юзасидан очилган жиноят иши бўйича Қирғизистон энергетика вазири Асқар Шадиев, вазир ўринбосари Кайрат Жумалиев, божхона хизматининг 2 расмийси ва санитария эпидемиология хизматининг 2 ходимига нисабатан жиноят иши очилиб, судга ўтказиб берилди.

- Энергетика вазири Асқар Шадиевга Жиноят кодексининг 304 – моддаси 4 -банди юзасидан айблов билдирилди. Яъни вазир ўз хизмат мавқеини суиистеъмол қилганликда, ўз амалидан фойдаланган ҳолда фуқаролар манфаатига зид равишда ҳаракат қилганликда айбланмоқда, -деди Бош прокуратура матбуот котиби Талант Конокбаев.

Маълумотда айтилишича, 8,5 минг тонна миқдоридаги радиоактив кўмир 2011 йилнинг 11 январида Бишкек шаҳар иссиқлик маркази учун сотиб олинган. Мутахасислар олиб келинган кўмирни текширишганида, ундаги радиоактив нурланиш меъёри белгиланганидан 8-10 баробар кўп эканини аниқлашган. Бундан ташқари Қозоғистондан сотиб олинган радиоактив кўмир мактабларга, болалар уйларига ва бошқа ижтимоий марказларга тарқатилгани ҳам аниқланган.

Қирғизистон энергетика вазири Асқар Шадиев эса радиоактив кўмирнинг сотиб олинишида ўзининг айби йўқлигини таъкидламоқда. Унинг айтишича, Қозоғистон ширкатлари ўртасида кўмир сотиб олиш бўйича тендер ўтказилган. Қайси ширкатдан кўмир сотиб олиш масаласини вазир эмас, тендер комиссияси ҳал қилган.

- Тендерда Қозоғистоннинг “Кулан кўмир” ширкати кўмирни 1 тоннасини 26 доллардан таклиф қилган. Аммо бу таклиф рад этилган. Шундан сўнг “Кулан ТБ” ширкати ўз хизматини таклиф қилди. Бу ширкат топширган ҳужжатларда кўмирнинг радиоактив нурланиш даражаси, кимёвий таркиби меъёрида экани қайд этилган. Аммо шартнома имзоланганидан сўнг бу ширкат Қирғизистонга радиоактив кўмирни сота бошлаган, -деди Аскар Шадиев.

Вазир тақдим этган маълумотларда айтилишича, қозоқ кўмирининг радиоактив экани аниқлангач, шартномада кўрсатилган пул ширкатга тўлаб берилмаган ва кўмир сотиб олиниши тўхтатилган. Шу кунгача қозоқ томони Қирғизистондан радиоактив кўмирнинг яримни олиб чиқиб кетган. Қирғиз расмийлари радиоактив кўмир Бишкек иссиқлик маркази томонидан ишлатилмаганини, бишкекликлар хонадонига радиоактив нурланишлар етиб бормаганини расман билдирмоқда.

Айни пайтда Бишкек шаҳар Свердлов туман суди радиоактив кўмир масаласида очилган жиноят ишини кўриб чиқмоқда. Бироқ бу иш бўйича айбланаётган Қирғизистон энергетика вазири ва унинг ўринбосари ҳозиргача ўз лавозимидан бўшатилмаган.
XS
SM
MD
LG