Линклар

"Ўзбектуризм" раиси Рустам Мирзаевнинг ҳибсга олинганини шу идорада ишлаётган ходимлардан бири тасдиқлади.

"Ўзбектуризм" Миллий компанияси раиси Рустам Мирзаев ва унинг акаси ҳибсга олингани ҳақидаги хабарни Озодлик 9 март куни тарқатган эди. Бироқ Озодлик суҳбатлашган компания ходими ўша куни бу хабарни рад этган, Рустам Мирзаев ўз ўрнида ишлаётганини айтган эди.

Озодлик 15 март куни "Ўзбектуризм" компаниясининг исми сир қолишини сўраган манбадан хабар олди. Бу хабарда айтилишича, Рустам Мирзаев яқин уч ҳафта олдин ҳибсга олинган. У ўзининг "Сайрамтуризм" компаниясида валюта билан боғлиқ қоунунбузарликларни содир этганликда айбланмоқда. Рустам Мирзаевнинг Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан қўлга олинганлиги ва айни пайтда бу хизматнинг ертўласида сақланаётгани айтилмоқда.

Озодлик “Ўзбектуризм”нинг Самарқанд, Бухоро, Навоий вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси бўлимлари билан ҳам боғланиб, бу хабарни ўрганишга ҳаракат қилди. Бироқ, Озодлик билан суҳбатлашган ходимлар бу воқеадан хабари йўқлигини айтди.

Узметроном Интернет газетасининг ёзишича, Ўзбекистонда нашр этиладиган рангли журналлардан бири Рустам Мирзаевнинг ҳибсга олингани ҳақидаги норасмий хабарни эшитгандан сўнг унинг Ўзбекистондаги туризм муаммолари ва вазифалари ҳақида нашрга тайёрланган иккита мақоласидан унинг фамилияси шошилинч тарзда олиб ташлаган.

Узметроном берган маълумотга кўра, Рустам Мирзаев Москва давлат университетини тугатган, ишбилармон тадбиркор. Иккита сайёҳлик компания эгаси. Рустам Мирзаев икки йил олдин “Ўзбектуризм” Миллий компанияси раиси этиб тайинланган эди.

У тарих фани доктори, минтақавий масалалар бўйича сиёсатшунос ҳам ҳисобланади. Халқаро муносабатлар ва туризм муаммолари бўйича Россия ва Ўзбекистонда нашр этилган бир қанча илмий китоблар муаллифи.

“Ўзбектуризм”нинг аввалги раиси Зоҳид Ҳакимов бундай икки йил олдин мансаб ваколатини ошириш ва мамлакатга катта миқдордаги иқтисодий зарар етказиш айби билан озодликдан маҳрум этилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG