Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:00

ЕХҲТ Душанбега кўмак кўрсатмоқчи


Тожик сиёсатчилари сайловчилар рўйхатини тузиш бўйича ЕХҲТ кўмаги келажакдаги сайловларда ижобий натижа беришига умид қилмоқдалар.
Тожик сиёсатчилари сайловчилар рўйхатини тузиш бўйича ЕХҲТ кўмаги келажакдаги сайловларда ижобий натижа беришига умид қилмоқдалар.

ЕХҲТ Тожикистон Марказий сайлов комиссиясига техник ва молиявий ёрдам кўрсатишга ҳозирлигини билдирди.

Тожик расмийлари бу кўмаклар энг аввало сайловларда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган аҳоли умумий рўйхатини тузиш учун сафарбар қилинишини билдирган.

Тожикистондаги сиёсий партиялар лидерларининг айтишича, мамлакатда сайловларнинг шаффоф ва адолатли ўтмаётганига асосий сабаблардан бири овоз беришга ҳақли бўлган фуқароларнинг умумий рўйхати ҳозиргача тузилмаганидир.

Тожикистон Коммунистик партияси раиси Шоди Шабдоловнинг таъкидича, сайловчилар ёшига аниқлик киритилмагани сабабли овоз бериш жараёнида жиддий қонунбузарликлар қайдга олиниб келинади.

- Бир одам бир вақтнинг ўзида бир неча жойда овоз бериши ёки бўлмаса ҳали балоғат ёшига етмаган болаларнинг қўлига сайлов қоғозини бериб, кимга овоз беришини буюриш каби ҳолатлар жуда кўп қайдга олинган. Кўпинча сайловларимизнинг адолатли ва шаффоф ўтмаётганига сайлов участкаларидаги ана шундай қонунбузарликлар сабаб бўлаётир, - дейди Коммунистик партия раиси Шоди Шабдолов.

Мухолифатдаги сиёсий партия раҳбарига кўра, сайловларнинг шаффоф ўтиши учун сайлов тўғрисидаги қонунчилик ва сайлов тизимида жиддий ислоҳотлар ўтказилиши лозимдир.

14 март куни Душанбе шаҳрида “Аҳоли ва сайловчиларни рўйхатга олиш” мавзуига бағишлаб ўтказилган йиғилишда қатнашган ЕХҲТ вакиллари ташкилот Тожикистондаги сайловларнинг халқаро меъёрлар талабига мувофиқлаштириш мақсадида Марказий сайлов комиссиясига молиявий ва техник ёрдамлар кўрсатишга ҳозирлигини билдирди.

Аввалроқ бу нуфузли ташкилот Тожикистонда ўтказилган сайловлар, жумладан, 2009 йилги парламент сайловлари адолатсиз ва халқаро меъёрлар талабига зид равишда ўтганини таъкидлаган эди.

Бироқ Тожикистон ҳукумати ЕХҲТнинг хулосаларини эътиборга олмай, “сайловлар шаффоф ва адолатли ўтган”ини эълон қилган эди.

Тожикистон Ислом уйғониш партияси фаоли Жалолиддин Маҳмудов ЕХҲТнинг Тожикистондаги сайловларни халқаро меъёрларга мувофиқлаштиришга оид тавсиялари ва кўрсатилажак техник ҳамда молиявий кўмаклари ижобий натижа беришига умид қилади.

- Хусусан, кечаги йиғилишда ЕХҲТ томонидан илгари сурилган ана ўша умумий рўйхат масаласи жуда ўринли ва вақтида қилинган таклиф. Ўша йиғинда қатнашган экспертларнинг айтишича, бундай рўйхатни тартибга солиш осон иш эмас. Лекин, менимча, бу ишни амалга ошириш зарур. Чунки бу аксарият тожикистонликлар ва сиёсий партияларнинг орзусидир. Ҳатто халқаро стандартларда ҳам, агар сайловчиларнинг умумий ва электрон рўйхати бўлмаса, ўша сайлов шаффоф эмаслиги таъкидланган. Тожикистон ҳукуматининг ҳам бу таклифга розилиги сезилса-да, лекин келгуси йил мамлакатда бўлиб ўтиши кутилаётган президентлик сайловларигача бу режа амалга ошмаслиги аниқ, - деди Ислом уйғониш партиясининг Марказий сайлов комиссиясидаги вакили Жалолиддин Маҳмудов.

Мустақил таҳлилчилар Тожикистонда ўтказилажак сайловларни халқаро меъёрларга мослаштириш замон талаби эканини таъкидлайди. Шуни назарга олган ҳолда, иқтидордаги ҳукумат бу йўналишда зарур чора-тадбирларни ишга солиши лозимдир.

- Жумладан, халқаро нуфузли ташкилотларнинг молиявий ёрдамлари билан бирга уларнинг танқид ва тавсияларини ҳам реал қабул қилиш вақти етди. Кўп ҳолларда бундай ҳамкорлик бир томонлама бўлиб қолиши ортидан кутилган натижалар бермайди. Агар ЕХҲТ жуда зарур экани айтилаётган сайловчиларнинг умумий ягона электрон рўйхатини тузишга кўмаклашиши билан бирга сайлов участкаларини видеокамералар билан жиҳозлашга ҳисса қўшса, бу нафақат Тожикистон, балки ўша ташкилотлар манфаатига ҳам хизмат қилган бўларди, - дейди мустақил таҳлилчи Мусо Асозода.
XS
SM
MD
LG