Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:10

Марказий банк микрокредит ташкилотларини элакдан ўтказмоқда


Ўзбекистон Марказий банки микрокредит ташкилотларидан жорий йил ичида устав жамғармасини миллий валютада 100 минг еврога тенг миқдорга етказишни талаб қилмоқда.

Мазкур жараëндан хабардор Озодлик манбаларининг билдиришича, ушбу талабни узил-кесил бажариш учун 2013 йилнинг 1 январигача муддат берилган. Мазкур муддат ичида устав жамғармасини мазкур миқдорга еткиза олмаган микрокредит ташкилотлари ёпилиш хавфи остида қолмоқда.

Марказий банк 2011 йил 24 декабрда “Микрокредит ташкилотларининг фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисида”ги низомга ўзгартириш киритди. Унга кўра, 2012 йилнинг 1 январидан устав жамғармасининг минимал ҳажми 100 минг еврога тенг этиб белгиланди. Бунга қадар минимал устав жамғармаси талаби Тошкент шаҳри учун – 20 минг, вилоятлар учун – 10 минг евро эди.

Тошкент вилоятида фаолият юрғизаëтган микрокредит ташкилотларидан бири ходими Озодлик билан суҳбатда бундай талабдан хабардор экани ва ҳозирда бу муаммони ҳал этиш учун ташкилот муассислари бош қотираëтганини айтди:

- Ошишга ошади лекин бу учредителларнинг ишику. Учредителлар шакллантиради ҳаммасини. Фаолиятга унча таъсир қилмайди. Чунки клиентимиз ҳам кам. Нормалний клиентимиз. Учредителларнинг иши бу¸ мижозларга алоқаси йўқ бунинг¸ деди Тошкент вилоятида фаолият юрғизаëтган микрокредит ташкилоти ходими.

Озодлик Тошкент шаҳридаги “Инфинкредит” микрокредит ташкилотига сим қоққанида¸ бу ташкилот лицензияси Марказий банк томонидан тортиб олингани боис¸ ҳозирда ширкат ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлганидан хабар топди.

- Бизларда ликвидация кетаяптида. Ëпилиш жараëни. Лицензиямиз Марказий банк томонидан олиб қўйилди¸ деган микрокредит ташкилоти расмийси Марказий банк лицензияни қайси асосда тортиб олганига ойдинлик киритишни истамади.

Марказий банк расмийларига кўра, микрокредит ташкилотлари устав фондини ошириш орқали улар тўлов қобилиятини кучайтириш кўзда тутилган.

Озодлик билан суҳбатда шундай ташкилот мутахассиси¸ устав жамғармасининг оширилиши ўз ширкати фаолияти¸ аниқроғи унинг мижозлар билан ишлашига таъсир кўрсатмаслиги¸ зотан бу фаолият олдиндан белгиланган доирада бораëтганини таъкидлади:

- 6 миллион 200 минггача кредит берамиз. 100та минималний заработний плата бўлади битта физический лицога. Юридический лицога 62 миллионгача. Кимдир контрактга олади, кимдир оилавий бизнес қилишга олади, кимдир пополнение счëта қилиб олади ўзининг фирмасига ëки тадбиркорлигига. Мебел сотиб олмоқчи, уйига компютер олмоқчи. Залог қўйиб берилади. Залогга қараб ҳужжатларни расмийлаштирамиз. Узоғи билан икки куннинг ичида любой кредитни олса бўлади¸ деди Тошкент вилоятидаги микрокредит ташкилотларидан бири мутахассиси.

Озодлик суҳбатлашган мустақил таҳлилчилар Марказий банкнинг микрокредит ташкилотларидан устав жамғармасини миллий валютада 100 минг еврога тенг кўрсаткичга етказишни талаб қилиши бундай тизимлар моҳиятига зид эканини айтмоқдалар.

Ўзбекистон Молия вазирлигининг собиқ расмийси Сапарбой Жубаев гапиради:

- Бу микрокредит организацияларининг олдига қўйган мақсадига зид келади. 100 минг доллар ëки евро бўладиган жамият банкнинг функциясига яқинлашиб қолади. Микрокредит организациялари 5-6тадан, бир қишлоқдаги 10та одам йиғилиб олиб ҳар биттаси 1000 доллардан солиб, биттасига ëрдам бериб, биттасининг кичик бизнесини ривожлантиришга ëрдам бериб ëки бўлмаса ҳар ҳафта биттаси бир-бир сигирдан сотиб олиб ўзини ўзи боқиш имкониятини яратиш бўладида. Шунинг учун бунақа катта маблағларни талаб қилиш микрокредит эмас кредит бериш муассасаларини, банкка яқин уюшмаларни тузишга яқин бўлади¸ дейди ҳозирда Остонадаги Евроосиë миллий университети доценти Сапарбой Жубаев.

Бу мутахассис¸ Марказий банкнинг бундай талаби ортида микрокредит ташкилотлари фаолиятини текшириш ва назорат қилишни кучайтириш ва осонлаштириш мантиғи ëтганини тахмин қилади.

Микрокредит ташкилотлари дунëнинг аксар қашшоқ давлатларида иқтисодий ва ижтимоий тараққиëтга асос бўлгани боис¸ бу тизимни ўйлаб чиққан бангладешлик иқтисодчи Муҳаммад Юнус 2006 йилда Тинчлик бўйича Нобел мукофотига лойиқ топилган эди. Йиллардан бери халқаро ташкилотлар камбағал давлатларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлида самарали тизим дея баҳоланган микрокредит тизимини ривожлантиришга қаратилган дастурларни қўллаб келмоқда.

БМТ 2009-2011 йилларда Ўзбекистонда микромолиялаштириш тизимини қўллаб-қувватлаш бўйича 693 минг долларлик лойиҳани амалга оширган.

Ўзбекистонда биринчи микрокредит ташкилоти 2007 йил майда Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида фаолият бошлади. Асосан кичик бизнес учун қарз ажратган ушбу нодавлат молия муассасалари бошқа вилоятларда ҳам бирин-кетин ташкил этилди.

Ўзбекистонда айни пайтда 32 та микрокредит ташкилоти фаолият юритмоқда. Давлат статистика қўмитасига кўра, уларнинг активлари миқдори 20 миллиард сўмдан зиёдроқ. Ушбу молия муассасалари томонидан 2011 йилда 36,3 миллиард сўмлик микрокредит ва микроқарз, 211 миллион сўмлик микролизинг хизмати кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикасининг 2006 йил 20 сентябрда кучга кирган “Микрокредит ташкилотлари тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, микрокредит ташкилотлари Марказий банкдан лицензия олиши лозим. Мамлакат бош банкининг мазкур ваколатдан фойдаланиб, нодавлат микрокредит муассасаларига турли усулларда босим ва тазйиқ ўтказиб келаëтгани айтилади.

Жорий йил март ойи бошида Марказий банк “меъёрий ҳужжатлар талабларини бузиш” важи билан “Кумуш елкан” (Тошкент шаҳри) ва “Вакил” (Наманган вилояти) микрокредит ташкилотлари лицензиясини бекор қилди. Айни кунларда эса¸ Марказий банк лицензиясидан маҳрум қолган “Инфинкредит” ташкилоти ҳам ўз фаолиятини ëпиш жараëнида.
XS
SM
MD
LG