Линклар

logo-print

11 март куни Қандаҳордаги АҚШ аскарининг 16 нафар афғонистонликни отиб ўлдиргани ҳам Афғонистон ичкариси¸ ҳам хорижда муҳокамалар марказида қолмоқда.

Афғон парламенти депутатлари Вашингтон раҳбариятидан оддий афғонистонликларни отиб ўлдирган Америка аскарини маҳаллий жамоатчилик олдида суд қилишни талаб қилмоқда.

Аммо воқеалар ривожи бундай талаб қондирилишининг эҳтимолдан йироқлигини кўрсатмоқда. 14 март куни қотиллик содир этган АҚШ аскари тергов учун АҚШнинг Кувейтдаги базасига олиб кетилди.

Ҳозирда қадар бошқа мамлакат ҳудудида жиноят содир этган Америка ҳарбийларининг аксари фақат ўз ҳарбий судида жавобгарликка тортилмоқда ва мутахассислар фикрича¸ бундай амалиëтнинг яқин келажакда ўзгаришини кутиш асоссиздир.

АҚШ ҳарбий судлов тизими тафсилотларини ўрганиш мақсадида Озодлик мухбири Америкадаги нуфузли Йел (Yale) университетининг ҳуқуқшунослик факултети мутахассиси Южин Фиделни суҳбатга тортди.

Озодлик: Афғон сиëсатчилари ва оддий аҳоли 16 одамни отиб ўлдирган Америка аскарининг Афғонистон адлия тизимига мувофиқ жазоланишини талаб қилмоқдалар. Сизнингча¸ бу амалга ошадиган талабми?

Южин Фидел: Бундай талабнинг амалга кўчиш эҳтимоли нолга тенг. АҚШ ва Афғонистон ҳукуматлари ўртасида мавжуд келишувга кўра¸ мамлакатдаги Америка ҳарбийлари Дипломатик алоқаларга оид Вена конвенцияси асосида АҚШ элчихонасининг маъмурий ва техникавий ходимлари мақомидадирлар. Бу келишувга кўра¸ Афғон ҳукумати АҚШ ҳарбийларининг ҳатти-ҳаракатларини жиноий жавобгарликка тортиш ҳуқуқидан маҳрум.

Озодлик: АҚШ ҳарбийлари ҳозирда дунëнинг 150 давлатида жойлашган. Уларнинг барчаси Афғонистондаги каби дахлсизлик мақомига эгами?

Фидел: Бундай мақомга оид келишувлар у ëки бу мамлакатнинг АҚШ билан муносабатлари даражасига қараб фарқланади. Масалан¸ Окинавадаги АҚШ ҳарбийлари билан боғлиқ зўрлаш воқеалари кўпайганидан сўнг¸бундай жиноятни жазолаш Япония юриспруденцияси ваколатига ўтди ва ҳозирга қадар бу ерда қатор Америка ҳарбийлари судга тортилди ва улар япон қамоқхоналарининг алоҳида қисмида жазо муддатини ўтамоқда. Келишувлар давлатдан давлатга фарқланса-да¸ АҚШ қаердаки бўлмасин¸ ўз ҳарбийлари амалга оширган жиноятларни ўз ҳарбий адлия тизимида суд қилиш ҳаққини сақлаб қолишга максимум ҳаракат қилади.

Озодлик: АҚШ ҳарбийлари хорижда ҳукуматлар ўртасида махсус келишув тузишни тақозо қиладиган даражада кўп жиноят содир этадиларми?

Фидел: Бу ерда гап сонда эмас. Ҳатто биргина аскар жиноят қилган тақдирда ҳам¸ агар жиноят содир этилган давлат адлия тизими ишончга лойиқ бўлмаса¸ бу АҚШ учун ўта жиддий муаммодир. Масалан¸ Афғонистон адлия тизими¸ очиқ айтадиган бўлсак¸ бундай ишонч қозонишдан ҳали анча узоқ. Ëхуд¸ биргина жиноят ўта кучли ҳиссиëтларни туғдиргани боис¸ уни адолатли суд қила олмайдиган давлатлар бор. Шу боис¸ АҚШнинг ўз ҳарбий хизматчиларини хориж давлатларида суд қилиниши эҳтимолидан жиддий ташвишланишини тушуниш қийин эмас.

Озодлик: АҚШ хорижда жойлашган ўз ҳарбийлари учун дахлсизлик мақомини талаб қилиб келаëтган ягона давлатми ëхуд бошқа ҳукуматлар ҳам айни ишни қилаëтирми?

Фидел: Менимча бу ўз қўшинларини хориж давлатлари тупроғига юборадиган мамлакатларнинг барчаси учун умумий тажрибадир.

Озодлик: Афғонистонда 11 март куни 16 одамни отиб ўлдирган Америка аскари шахсияти ҳозирча ошкор қилинмади. Аммо унинг Афғонистондан аввал узоқ муддат Ироқда хизмат қилгани ва яқинда бошидан жароҳат олганидан хабаримиз бор. Жиноят содир этган аскарнинг узоқ вақт уруш ҳудудларида хизмат қилгани ва жароҳатлангани АҚШ ҳарбий маҳкамаси тайинлайдиган жазонинг юмшатилишига асос бўла оладими?

Фидел: Ҳа¸ аммо бу ерда жуда кўп омиллар бор. Масалан¸ АҚШ ҳарбий доктринасида “ҳарбий хизматни яхши ўташ”¸ деган қоида бор. Бундай қоида ҳам жазо юмшатилишига ëрдам бериши мумкин. Уруш давомида руҳий ëки жисмоний жароҳат олиш ҳоллари ҳам ҳакамларнинг жиноятчига максимум жазо тайинлашига имкон қолдирмаслиги мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG