Линклар

Лицензия олганга навбатсиз ёқилғи ваъда қилинмоқда


Ўзбекистонда автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари олдида юзлаб машиналарнинг тўпланиб туриши одати ҳолга айланган.

Ўзбекистонда автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари олдида юзлаб машиналарнинг тўпланиб туриши одати ҳолга айланган.

Наманган вилоятидаги газ қуйиш шахобчаларида лицензияга эга такси ҳайдовчилари учун махсус йўлакчалар ажратила бошлади. Улар турнақатор навбатда турмасдан, ушбу йўлакча орқали ўтиб, ёқилғи қуйишлари мумкинлиги айтилмоқда.

Лицензиядор таксичиларга берилган имтиёз ҳақида “XXI аср” газетаси 15 март куни хабар қилди.

Расмийлар ушбу чора орқали йўловчи ташиш билан ноқонуний шуғулланаётганларни лицензия олишга рағбатлантирмоқда.

Ўзбекистон автомобил ва дарё транспорти агентлиги маълумотига кўра, айни пайтда Наманганда лицензияга эга автомобиллар 345 тани ташкил этади.

Ўзбекистон вилоятларида, хусусан, Фарғона водийсидаги ёқилғи қуйиш шахобчаларида навбат кутаётган автоуловлар карвони узунлиги бир неча километрга етади. Бензин нархининг сурункали ошиши сабабли минглаб автоулов эгалари газ ёқилғисига ўтмоқда. Аммо уч-тўрт сўм тежаш илинжидаги ҳайдовчилар соатлаб кутишга мажбур бўлмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда сиқилган ва суюлтирилган газдан фойдаланувчи автомобиллар 17 фоизга етган. Яқин йилларда бу кўрсаткичнинг ошиши кутилмоқда.

Ёқилғи шахобчаларидаги тирбандлик эътирозга сабаб бўлаётган бир пайтда лицензияли ҳайдовчиларга алоҳида йўлаклар ажратилаётгани турлича муносабат уйғотмоқда. Лицензия сотиб олган ҳайдовчиларнинг айримлари муваққат имтиёзни ёқламоқда. Аксар ҳайдовчилар эса муаммони илдизигача ҳал этиш тарафдори.

“Лицензиялиларга алоҳида йўлак қилиш ўрнига газ шахобчаларидаги аччиқ ичакдек чўзилган навбатни йўқотиш ҳақида ўйлашса, яхши бўларди. Эшагидан тушови қиммат бўлгани учун кўп ҳайдовчилар лицензияга орттинолмаяпти. Ўша ҳужжатни ҳамма ҳам имкони бўлиши билан олади”, дейди Наманган – Тошкент йўналишида кира қилувчи Баҳодир ака.

Ўзбекистонда 2012 йилнинг 1 январидан “Йўналишли такси фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳукумат қарори кучга кирди. Унга мувофиқ, йўловчи ташиш билан шуғулланмоқчи бўлган ҳайдовчи лицензия олиши шарт.

Лицензиясиз кира қилган фуқаро энг кам ойлик иш ҳақининг 20 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жаримага тортилади (айни пайтда энг кам ойлик иш ҳақи – 62920 сўм). Ушбу ҳолат такроран рўй берса, транспорт воситаси мусодара қилиниб, ҳайдовчи жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Айни пайтда лицензиясиз киракашларни тутиш бўйича ички ишлар ва солиқ идоралари рейдлари кўпайган.

Республика бўйича лицензиясиз кирадан нон топаётганлар бир неча ўн мингдан ошиши тахмин қилинади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG