Линклар

logo-print

Калининград области Божхона хизматининг билдиришича, жорий ҳафта шаҳардаги “Храброво” аэропортида жами 70 килограмм нос олиб киришга уринган 6 нафар Ўзбекистон фуқароси ушланган.

Божхона хизматига кўра¸ бу борада ўзига хос рекорд ўрнатган Ўзбекистон фуқаросининг Киевдан кечикиб келган чемоданидан учта елим халтачага солинган 25 килограм нос топилган.

Яна бир Ўзбекистон фуқароси ëнидан 15¸5 килограм нос топилган. Калининград аэропортида ушланган ўзбекистонликларнинг ҳаммаси носни шахсий истеъмол учун Андижон бозоридан сотиб олишганини айтишган.

Россия ҳудудига 18 ëшга тўлган шахснинг 250 грамм нос ëки бошқа тамаки маҳсулотлари олиб кирилишига рухсат берилган. Ундан ортиғи билан ушланган шахсга маъмурий жавобгарлик кўзда тутилади.

Калининграднинг “Храброво” аэропортида “Тошкент-Киев-Калининград” авиарейси билан учиб келган Ўзбекистон фуқароси Киевдан юки етиб келмагани тўғрисида божхона бўлимига мурожаат қилди.

Ниҳоят, уч кундан кейин етиб келган багажда божхона ходимлари махсус рентген аппаратлари ёрдамида умумий оғирлиги 25,3 килограмм бўлган ва Россияга олиб кирилиши чекланган нос махсулоти борлигини аниқлади.

“Бу авиарейснинг ўзида ноқонуний ҳажмда нос олиб ўтаётганлардан бирданига учтаси ушлаб қолинди”, дейди бу ҳақда Озодликка сўзлаб берган Калининград вилояти божхонаси расмийси Наталья Каданцева.

- Сўнгги пайтларда бундай йирик ва оммавий ушлаш биринчи марта бўлмоқда. Шу ой давомида Калининградга ишга жойлашгани келаётган яна бир нечта Ўзбекистон фуқароси айнан қонунбузарлик юзасидан ушланган эди. “Тошкент-Калининград” рейсида келган ўзбекистонликлардан биридан 3,6 килограмм, яна бошқасидан 15,5 килограмм полиэтилен пакетга ўралган гранула шаклида бўлган чайнайдиган тамаки мусодара этилди, дейди Калининград вилояти божхонаси матбуот котиби Наталья Каданцева.

Каданцеванинг сўзларига кўра, экспертиза хулосасига биноан яшил рангли бу модда носвой экани аниқланган. Суриштирув давомида Ўзбекистон фуқаролари носни Андижон шаҳар бозоридан шахсий истеъмол учун сотиб олганини тушунтирган.

Бироқ, Россия божхона қўмитаси ходимларидан олинган маълумотга кўра, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларига нисбатан Россия Федерацияси Маъмурий қонунбузарлик Кодексининг 162-моддаси 1-қисми бўйича маъмурий иш очилди. Декларация қилинмаган махсулот мусодара этилди.

Жами ўтган ҳафта давомида Калининграднинг “Храброво” аэропортида 70 кило нос мусодара қилингани айтилмоқда.

Андижонлик мардикорлар қандай қонунбузарлик содир этди, деган саволга Россия Шимоли-Ғарбий федерал божхона бошқармаси мутахассиси Ксения Поповага бундай жавоб берди.

- Уларнинг қонунбузарлиги қуйидагидан иборат... Нос – тамаки махсулоти саналади. Бож Иттифоқининг бир қисми ҳисобланган Калининград вилоятига 18 ёшга тўлган, яъни вояга етган бир кишига 250 грамм олиб ўтиш рухсат берилган. Тамакининг ҳар қайси бошқа турига ҳам худди шундай чекловлар қўйилган. Демак, ўзбеклар товар махсулотини декларация қилмагани учун аэропортда ҳибсга олинган, дея тушунтириш берди Россия Шимоли-Ғарбий федерал божхона бошқармаси мутахассиси Ксения Попова.

Божхона экспертининг маълум қилишича, носвой контрабандаси билан ҳибсга олинаётганларнинг барчаси - Ўзбекистон фуқароларидир. Попова носнинг ноқонуний миқдорда олиб кирилишининг кескин ошиши биринчи навбатда меҳнат сезонининг бошланиши билан боғликлигини гапиради.

- Нос фақат Тошкент рейслари билан келяпти. Ўтган ҳафта қўлга олинган олти киши “Тошкент-Калининград” ёки “Тошкент-Киев-Калининград” рейслари билан учиб келган. Носнинг мусодара қилиниши айниқса баҳорда ва ёзда ишлагани келаётган ўзбек мигрантларининг кўпайишига боғлиқ. Қолаверса, улар қонунларни яхши билганда эди бундай вазиятга тушмаган бўлар эди, деди Ксения Попова.

Попова катта миқдорда тамаки махсулотлари, хусусан носни махсус рухсатномага эга бўлган ва тегишли ҳужжатларни расмийлаштирган тадбиркорларгина олиб кириши мумкинлигини қўшимча қилди.

Калининград вилояти божхонасидан олинган маълумотларга кўра, Калининградда энг катта миқдорда нос махсулоти 2011 йилда ўзбекистонлик меҳнат муҳожиридан мусодара қилинган: божхоначиларга у бешта сумкага жойлаштирилган 102,3 килограмм носни шахсий истеъмол учун олиб кетаётганини тушунтирган.

Миллионлаб меҳнат муҳожирларининг сўнгги йилларда Марказий Осиëдан Россияга оммавий равишда кўчиб келаëтгани оқибатида маҳаллий аҳоли орасида ҳам носнинг кенг оммалашиши кузатилмоқда. Бундан хавотирга тушган маҳаллий қонун чиқарувчи вакиллар минтақаларда нос савдосини чеклаш уринишларини кучайтирмоқда.

2009 йил декабрида Кемерово вилоятида губернатор Омон Тулеев ташаббуси билан нос ва бошқа қатор тамаки маҳсулотларини сотиш ва ишлаб чиқариш умуман тақиқланди.

Россиянинг бошқа ўлкаларида “Тамаки маҳсулотларининг техник регламенти” деб номланган амалдаги ҳужжатга биноан нос оддий чайналадиган тамаки маҳсулотига тенглаштирилди.

Россиядаги “Грандтабак” тамаки маҳсулотлари дистрибюторлари ассоциацияси 2004 йили ўтказган тадқиқот натижаларига кўра, Марказий Осиё мамлакатларидан Россияга 67 тонна нос олиб кирилган.

Марказий осиëлик муҳожирлар сони бир неча баробарга кўпайган 2011 йилга келиб Россияга йилига қанча нос олиб кирилаётгани ҳақида аниқ маълумот олишнинг имкони йўқ.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG