Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:51

Тошкентга янги ҳоким тайинланди


Ҳокимиятнинг эски янги биноси қайси мақсадда ишлатилиши ҳақида турли тахминлар бор.
Ҳокимиятнинг эски янги биноси қайси мақсадда ишлатилиши ҳақида турли тахминлар бор.

Тошкент шаҳар ҳокимиятиининг янги бинога кўчиш тадбирида Ислом Каримов пойтахтга янги ҳоким тайинлади.

Муваққат ҳоким Тошкентга ҳоким бўлди

16 март куни Тошкент шаҳар халқ депутатлари кенгаши йиғилишида иштирок этган Ўзбекистон президенти шу пайтчага шаҳар ҳокими вазифасини вақтинча бажариб келган Раҳмонбек Усмоновни ҳоким қилиб тайинлади.

Бу ҳақда ушбу мажлисда иштирок қилган маҳаллий журналист Озодликка маълум қилди. Шу пайтгача ҳоким лавозими бўш қолаëтган эди.

2011 йилнинг феврал ойида Тошкентга 6 йил ҳокимлик қилган Абдуқаҳҳор Тўхтаев "коррупцион жиноятларда" айбланиб ишдан четлаштирилганидан кейин унинг вазифаси вақтинча Раҳмонбек Усмоновга юклатилган эди.

52-яшарУсмонов бундан олдин Тошкент шаҳар ҳокимининг қурилиш бўйича муовини бўлган. 2003 йилдан 2005 йилгача Яккасарай туман ҳокими¸2001 йилдан 2003 йилгача Мирзо Улуғбек туман ҳокими муовини бўлган.


Ҳокимлик камтарроқ бинога кўчди

Жума куни Тошкент шаҳар ҳокимиятининг янги бинога кўчиши муносабати билан очилиш маросими уюштирилди.

Бу тадбирга қатнашган Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов биноларни кўриб чиқиб, меъморлик ва муҳандисликка оид тавсияларни берди.

Бу ҳақда Озодликка билдирган манъба, ҳокимият биноси атрофи барча тарафдан ҳавфсизлик ходимлари билан ҳалқа қилиб ўралганини маълум қилди.

Ҳокимият жойлашган ҳудудда автомобил қатнови тўхтатилган ва хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

Шаҳар ҳокимияти биносига айлантирилган Амир Темур кўчасидаги олдин республика ”Маънавият ва маърифат маркази”га оид бўлган тўрт қаватлик ғиштин бино олди пайшанба куни янгидан асфалт қилинган.


Бош вазир учун ҳос бино

Тошкент шаҳар ҳокимиятининг Амир Темур шоҳкўчасида жойлашган ҳашаматли бино Бош вазир қароргоҳига айлантирилиши ҳақида гап сўзлар пайдо бўлган.

Бу ҳашаматли бино шаҳар ҳокимидан кўра Бош вазир савлатига ярашиқ бўлиши ҳақида Вазирлар маҳкамасидаги бир мулозим фикр билдиргани Тошкентдаги манбаъмизга маълум бўлди.

Бундан олдин ҳокимлик биноси халқаро бизнес марказга айлантирилиши ҳақида билдирилган эди.

Тошкент шаҳар ҳокимиятининг 2012 йилда бўшатилган биноси ўрталарида, Козим Тўлаганов шаҳарга ҳокимлик қилган 90-йиллар бошида тезликда қурилиб, фойдаланишга топширилган эди.

Бу бинонинг ўзбекистонлик солиқ тўловчиларга бир неча юз миллион долларга тушгани айтилади.


Тошкент ҳокимлиги мулозимларнинг сўнг манзилими?

2011 йилнинг феврал ойида Тошкентга 6 йил хокимлик қилган Абдуқаҳҳор Тўхтаев "коррупцион жиноятларда" айбланиб ишдан четлаштирилганидан кейин унинг вазифаси вақтинча Раҳмонбек Усмоновга юклатилган эди.

Абдуқаҳҳор Тўхтаев билан бир вақтнинг ўзида Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасининг бошлиғи Қобул Нақибов доҳил 16 мулозим истеъфога чиқарилган эди.

Бундан олдин, 2010 йилнинг декабр ойида Ўзбекистон Конституцияси куни муносабати билан қилган маърузасида президент Ислом Каримов коррупцияни "таг томири билан суғуриб ташлаш вақти етиб келди," деб айтган эди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси тарқатган маълумотга кўра, Каримовниг бу гапидан кейин ўтган 2 йил ичида Ўзбекистон ҳукумат органларида 1391 шахс ўз вазифасини суиистеъмол қилиш, порахўрлик, бошқалар мулкини ўзлаштириш ва давлат мулкини ўмаришда айбланиб, жиноий жавобгарликка тортилган.

Бу маълумотда жавобгарликка тортилганлар орасида олти ҳоким ва уларнинг ўринбосарлари, ҳуқуқ-тартибот тизимларидан эса 83 ходим борлиги айтилади.
Мустақил кузатувчиларга кўра, қамалган мулозимлар сони бундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин.

Кейинги 20 йилдан кўпроқ вақт мобайнида Тошкент шаҳрини бошқарган Шукрулло Мирсаидов, Козим Тўлаганов, Адҳам Фозилбеков, Рустам Шоабдураҳмонов каби мулозимлар пировардида ўзбек сиëсий саҳнасидан четлаштирилгани кузатилган.
XS
SM
MD
LG