Линклар

logo-print

13 ва 14 март кунлари Санкт-Петербургнинг Петроград ва Колпино туманларида чиққан муштлашув оқибатида бир неча Ўзбекистон фуқароси оғир жароҳатлар билан шифохонага олиб кетилди, бир киши муштлашув жойида ҳалок бўлди. Полицияда сўнгги пайтларда мигрантлар орасида муштлашувлар сони кўпайганини таъкидлашмоқда.

13 март куни кечаси Санкт-Петербургнинг Петроград тумани Катта проспект 48 уй ёнидан маҳаллий шифохона жароҳат бўлимига эрталабки соат 6 ларга яқин оғир аҳволда бир ўзбекистонлик олиб келинди. Бу ҳақда полиция бўлимига телефонограмма келди, дейди Озодликка воқеа тафсилотларини гапириб берган ва ўзини Ольга деб таништирган шаҳар ички ишлар бошқармаси ходими.

- Кўкрак қафасининг чап тарафи кесилган, мия чайқалиши ва бош суягига ёпиқ жароҳат етказилган 1987 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси госпитализация қилингани аниқланди. Жиноят-қидирув бўлими ва пост-патрул хизмати ходимлари бу жиноятни содир этганликда айбланаётган Ўзбекистон фуқаросини ҳибсга олишди. У 1988 йилда туғилган, Петербургда қайдга олинмаган. Аниқланишича, ярим тунда кўрсатилган манзил бўйича ўзбеклар ўртасида жанжал чиққан ва бу шахс шеригини пичоқлаган, қўли билан бошига жароҳат етказган, дейди полиция ходимаси.

Ольганинг сўзларига кўра, шифохонага ётқизилганида жароҳатланган йигит уни номаълум шахслар калтаклаб кетганини айтган. Кейинроқ, у полициячиларга жиноятни содир этган шахснинг исмини айтган.

“Бундан ташқари, 14 март куни Колпинода ўзбеклар орасида яна бир муштлашув келиб чиқди”, дея давом этади Санкт-Петербург полицияси ходимаси.

- Колпинодаги квартиралардан бирида Ўзбекистон фуқароси пичоқ билан бошқа ўзбекистонликни ўлдирди, яна иккитасига жиддий жароҳат етказди. Бири қорнига, иккинчиси биқинига пичоқланган шахслар оғир аҳволда шифохонага олиб кетилди. Улар бу квартирани ижарага олиб яшаб келган, барчаси қонуний қайдда турмаган. Жиноятда гумонланаётган шахс полициядан қочаман деб 5 қаватдан қорга сакраган, лекин оёғини синдириб олганидан кейин полиция наряди уни қўлга олган, дейди Санкт-Петербург Ички ишлар бошқармаси ходими Ольга.

Унинг сўзларига кўра, айниқса сўнгги йилларда Россия Санкт-Петербургда яшаб меҳнат қилаётган мардикорлар орасида бундай муштлашувлар сони кўпайгани кузатилган.

“Росбалт” агентлигининг хабар қилишича, 14 март куни Питернинг Невская туманидаги Ивановская кўчаси 9 уй ёнидан беҳуш ҳолатда топилган 31 ёшли яна бир Ўзбекистон фуқароси госпитализация қилинган. “Невский туман шифохонаси врачлари ўзбекистонликда оғир мия жароҳати ва бош суяги гематомасини аниқлашди”, деб ёзади ахборот агентлиги.

Бироқ, Санкт-Петербург шаҳри ва Ленинград вилояти Ички ишлар бошқармасида бу маълумотни Озодликка тасдиқлашмади.

Юқорида кўрсатилган ҳодисалар юзасидан текширув-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
XS
SM
MD
LG