Линклар

logo-print

АҚШ Қандаҳорда 16 тинч аҳоли вакилини ўлдирган ҳарбийнинг исми-шарифи Роберт Бейлс эканини маълум қилди.

Расмий Вашингтон Қандаҳордаги қотилликда гумонланаётган ҳарбийнинг исми-шарифини ошкор қилиб, бу 11 йилдан буён ҳарбий кучлар сафида хизмат қилаётган 38 ёшли сержант Роберт Бейлс эканини маълум қилди.

Бейлсга ҳали айблов эълон қилинганича йўқ.

Бейлс жума куни Қувайтдан АҚШнинг Канзас штатидаги ҳарбий қамоқхонага олиб кетилди.

38 ёшли Бейлс оилали бўлиб, икки боланинг отаси экани айтилмоқда.

Шунингдек, у снайпер сифатида ҳарбий тайёргарликлардан ўтган, уч муддат Ироқда хизмат қилган Бейлс уруш амалиëтлари давомида икки марта жароҳатланган.

1 март куни Бейлснинг адвокати Жон Ҳенри Браун¸ ўз мижози Афғонистондаги урушга боришни истамаганини билдириб, қўмондонлик унинг оиласига бошқа уруш ҳудудига юборилмаслигини ваъда қилгани ҳақида гапирди.

- Унга бошқа жангга юборилмаслигини айтишган. Оиласи ҳам шунга ишониб турган. Унга ва оиласига аскарнинг Яқин Шарқдаги ҳарбий хизмати тугагани айтилган¸ аммо бу ваъда бир кечада ўзгартирилган. Бундай ўзгаришдан на у ва на унинг оиласи хурсанд бўлган¸ деди адвокат Жон Ҳенри Браун.

Адвокатга кўра¸ аскарнинг оиласи қотиллик ҳақидаги хабардан даҳшатга тушган ва унинг мусулмонларга нисбатан ҳеч қандай адовати бўлмаганини билдирган.

Адвокат Бейлснинг алкогол¸ стресс ва оилавий муаммолар боис бундай зўравонликка қўл ургани ҳақидаги иддаоларни ҳам рад қилди.

Қандаҳордаги бу қотиллик Афғонистондаги аксил-америка ҳиссиëтларини кучайтириб юборди.

Президент Карзай шу муносабат билан НАТО қўшинларидан афғон қишлоқларидан чиқиб кетишни сўради.

Бу қотиллик учун ўч олишдан таҳдид қилаëтган Толибон жанггарилари эса¸ 16 март куни АҚШ расмийлари билан Қатарда бошланган дастлабки музокаралар тўхтатилганини билдирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG