Линклар

2011 йилда Тошкент шаҳри фуқаролари томонидан президент девонига йўлланган шикоятлар 2010 йилга қараганда 11 фоизга ошган.

Мазкур рақам 16 март куни Тошкент шаҳар халқ депутатлари кенгашининг навбатдан ташқари йиғилишида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов томонидан тилга олинган.

Ўзбекистон раҳбари ҳокимликларда фуқаро шикоятига сансалорлик ва расмиятчилик билан муносабатда бўлиш, камчиликларни вақтида бартараф этмаслик, айбдор
мансабдорларга тегишли чора кўрмаслик давом этаётганини айтган.

Ўзбекистон расмий агентлиги тарқатган ва 17 март куни марказий сиёсий нашрларда чоп этилган маърузага кўра, мамлакат президенти амалдорларни фуқаролар шикоятига лоқайд бўлмасликка чақирган, акс ҳолда, одамларнинг норозилиги кучайишидан огоҳлантирган.

Тошкент шаҳри ва туманлар ҳокимликлари қишки мавсумда электр, газ ва иссиқлик энергияси билан боғлиқ муаммолар юзага келганини инкор этиб келади. Шаҳар
депутатлари қаршисида сўзлаган Ўзбекистон президенти Тошкентда ҳам жорий йил қишда кўп қаватли уйларда энергия таъминотида узилишлари бўлганини тан олган. Каримовга кўра, Тошкентдаги 8 минг 244 та кўп қаватли уйнинг 1 минг 252 таси қишга тайёр эмас эди.

Ислом Каримов ижтимоий муаммолар юзасидан жавобгарликни шаҳар ва туман раҳбарлари зиммасига юклаган.

Охирги пайтларда Тошкент шаҳри юқори рутбали мансабдорлари орасида коррупция билан боғлиқ жиноятларда айбланганлар кўпайгани айтилади. Президент маърузасида келтирилишича, қонунбузарликлар содир этгани ва вазифасини суиистеъмол қилгани учун Бектемир туман ҳокими А. Ҳошимжонов, Миробод туман ҳокимининг
ўринбосари А. Абдураҳмонов, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси бошлиҳи А. Ҳасанхўжаев, бинолардан фойдаланиш
департаменти бошлиғи М. Мирсағатов, “Тошшаҳаргаз” бошқармаси бошлиғи А. Саидвалиев жиноий жавобгарликка тортилган, шаҳар меҳнат ва аҳолини ижтимоий
муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Б. Камолов, Олмазор туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Б. Турсунов ишдан олинган.

Ўтган 2011 йилнинг ўзида Тошкент бўйича ички ишлар ходимларидан 12 нафар, солиқчилардан 3 нафар, божхоначилардан 4 нафар ва 1 нафар судья жиноий жавобгарликка тортилган.

Бундан олдин – 2010 йил декабрда Ўзбекистон Конституцияси куни муносабати билан қилган маърузасида президент Ислом Каримов коррупцияни “таг-томири билан суғуриб ташлаш вақти етиб келди”, деб айтган эди.

Коррупцияга қарши кураш тўлқинида Тошкентда ҳам қатор мансабдорлар жазоланган.

Мустақил кузатувчиларга кўра, президент расмий даврада номларини санаган амалдорлар жазоланганларнинг бир қисми, холос.

Аввал хабар берилганидек, 2011 йил февралида Тошкентга 6 йил ҳокимлик қилган Абдуқаҳҳор Тўхтаев “коррупцион жиноятларда” айбланиб, ишдан четлаштирилган. У
билан бир пайтда пойтахт ички ишлар бош бошқармасининг раҳбари Қобул Нақибов дохил 16 мулозим истеъфога чиқарилган.

16 март кунги халқ депутатлари кенгаши йиғинида унга қадар шаҳар ҳокими вазифасини бажариб келган Раҳмонбек Усмонов расман Тошкент ҳокими этиб тайинланди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG