Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:47

Тожикистонлик ўқувчиларга адрас кийиш буюрилди


Тожикистонлик ўқувчи қизлардан адрас кўйлак ва дўппи кийиш талаб қилинмоқда.
Тожикистонлик ўқувчи қизлардан адрас кўйлак ва дўппи кийиш талаб қилинмоқда.

Наврўз байрами арафасида тожикистонлик ўқувчи қизларга миллий кийим, жумладан, адрас кўйлак ва дўппи кийиб юриш шарт қилиб белгиланди.

Душанбе шаҳридаги мактабларнинг бирида ўқиётган Рухшонанинг айтишича, бошланғич синфдан тортиб юқори синф ўқувчиларигача адрас кўйлак ва тўппи кийиш мажбурий.

- Биринчи синфдан ўн биринчи синфгача адрас кўйлак ва дўппи кийиш мажбурий экан. Муаллимамиз ўзи бизни бозорга олиб борди, ҳаммамиз адрас сотиб олдик. Баъзи мактабларга оқ, баъзиларга қизил, бизнинг мактабимизга эса яшил, яъни байроғимизнинг рангидан адрас олиш айтилган, биз шунақа сотиб олдик. Янги вазир: “Ким сотиб олмаса, ота- онаси иш жойида штраф қилинади”, деган. Вазир буни директорларга айтган, директоримиз бизга айтди, - дейди ўқувчи қиз Рухшона.

Суҳбатдошимиз янги униформа ўзига 250 сомоний ёки 52 долларга тушганини, бу эса нафақа эвазига яшаётган оиласи учун қимматга тушганини гапириб берди.

- Қизларнинг миллий кийим кийишига қарши эмасман, лекин ҳозирги шароитда айнан адрас сотиб олишни ҳамма учун мажбурий қилиб қўйилгани хунук иш бўлди. Баъзи оилаларда икки-уч қиз мактабда ўқийди. Бировда бор, бировда йўқ, катталар шуни ҳисобга олиши керак эди. Менимча, бу шунчаки туркманлар ва бошқа шу каби халқларга тақлид бўлса керак, - дейди Рухшонанинг онаси Файзинисо ая биз билан ўзаро суҳбатда.

Мавзу юзасидан Озодликка гапирган Тожикистон Таълим вазирлиги масъулларидан бири Гулнора Бобоева бу фикрларга қўшилмайди.

Расмийнинг айтишича, бу тадбир мажбурий бўлмай, шунчаки Наврўз байрамини олий даражада нишонлаш учун вазирлик томонидан илгари сурилган таклиф, холос.

- Фақат Наврўз байрамлари куни миллий кийим кийиш тавсия қилинди. Қайси миллат бўлишидан қатъий назар, миллий кийим, жумладан, адрас кийиш айтилганди. Бу ҳеч қандай мажбурий эмас, - деди Таълим вазирлиги расмийси Бобоева хоним.

Бу йил Тожикистонда Навруз ўн кун нишонланиши эълон қилинган.

Тожикистондаги фуқаролар урушидан (1992 ва 1997 йиллар - таҳр.) кейин барча саноат корхоналари қаторида “Тожикатлас” фабрикасининг ҳам фаолияти тўхтаб қолган.

Шоҳи матолар ишлаб чиқараётган Сўғд влоятидаги “Хўжандатлас” фабрикаси, расмий маълумотларга кўра, йилига ўн-ўн беш минг метр атлас тўқийди. Бу эса ички эҳтиёжни қондирмаслиги айтилади. Бошқа томондан “Хўжандатлас” маҳсулотлари рақобатга бардош бера олмаётгани кузатилади.

Шу сабабли бўлса керак, тожикистонликлар Марғилон ва Наманган косиблари тўқиган атласу адрасларни кўпроқ харид қилмоқда.

Тожикистон таълим вазирининг янги фармонидан кейин марғилонлик ва наманганлик косиблару уларнинг маҳсулотларини республика бозорларига ташиётган тожикистонлик савдогарларнинг бозори чаққон бўлди.

Кўп йиллардан буён қиз-жувонларга миллий кийим тикиб бераётган Саодатхон аянинг ҳам шу кунларда қўли-қўлига тегмайди.

- Ўтган йилга қараганда, бу йил атлас-адрасдан заказимиз кўп, мактаблар учун. Фасонларини жуда замонавий қилиб, чиройли тикишга ҳаракат қилаяпман. Қизлар ҳам ҳар хил заказлар қилаяпти. Нима десам, европача стилда-да, - дейди чевар аёл.

Тожикистон Таълим вазирлиги аввалги йиллар ҳам ғайриоддий қарорлари билан жамиятда норозилик уйғотган эди. 2007 йили собиқ вазир Абдужаббор Раҳмонов ўқувчи ва талаба қизларга ҳижоб ўрашни, Ислом университетида таҳсил олаётган йигитлар учун эса соқол қўйишни таъқиқлаган эди. Шунингдек, вазир Раҳмонов Ислом университети талабаларига оёғига калиш кийиш ва бўйнига галстук тақишни тавсия қилганди.
XS
SM
MD
LG