Линклар

Минскда икки маҳкум қатл этилди


Минскликлар қатл қилинган маҳкумларни хотирламоқда.

Минскликлар қатл қилинган маҳкумларни хотирламоқда.

Белорус раҳбариятининг маҳкум Дмитрий Коновалов и Владислав Ковалёвларни авф этмагани дунё жамоатчилиги томонидан қораланмоқда.

Белорусда 2011 йилда Минск метросида содир бўлган портлашда айбланиб, икки киши - Дмитрий Коновалов и Владислав Ковалёвлар қатл қилинди.

Бу икки маҳкумга нисбатан Европадаги қатор инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларининг эътирозларига қарамай, отув ҳукми ижро этилди.

Ҳар иккиси 26 ёшда бўлган маҳкумлар Белорус қонунчилигига биноан бир ўқ билан бошининг орқа қисмидан отилди.

Заводда ишчи бўлган маҳкумлар ўтган йили Минск шаҳридаги Октябр метро бекатида содир этилган портлашда айбдор топилиб, ўлим жазосига ҳукм қилинган эди.

Владислав Ковалёвнинг онаси Любов Ковалёва аввалига ҳукумат бу қатлни яширинча амалга оширишни кўзлаганини айтиб, ҳукм ижросини қоралади.

- Уларга нисбатан ўлим жазосини ижро этишга тайёргарлик бораётган эди. Ҳукумат буни яширинча қилмоқчи эди. Аммо менинг ўғлим буни ошкор қилишдан тўхтамади. Улар буни ўтган йили ноябрда қилиши мумкин эди, аммо ўғлим бунга имкон бермай келаётган эди. Улар мен ва ўғлимдан бунинг учун ўч олишди. Охир-оқибат, улар бугунга келиб жазони ижро этишди, - дейди Любов Ковалёва.

Белоруслик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Людмила Грязнова ҳам ўлим жазоси ижросини қоралаб: "Айбдорлиги шубҳа остида қолаётган ва "террорчига чиқарилган" шахсларга нисбатан ўлим жазосининг ижро этилиши ҳукуматнинг жиноят изларини ёпишга уринаётганидан даракдир", деди.

АР агентлиги хабарига кўра, икки маҳкумга нисбатан ўлим жазоси ижро этилганидан норози одамлар бугун Октябр метро бекати ёнига келиб, уларнинг хотирасига гуллар қўйган ва шамлар ёққан.

Европа Иттифоқи ва Германия Ташқи ишлар вазирлиги томонидан эълон қилинган баёнотларда Белорус раҳбариятининг бу ҳаракатлари кескин қораланди.

Жумладан, Брюсселда бу воқеага муносабат билдирган ЕИнинг Ташқи сиёсат масалалари бўйича раҳбари Катрин Эштон марҳум маҳкумларга нисбатан ўлим жазоси ижро этилганидан чуқур хавотир билдириб, бу ижронинг халқаро ҳуқуқ нормаларга зид экани, хусусан, маҳкумларга ўзини ҳимоя қилиш ҳаққи ҳам берилмаганини танқид қилди.

Шунингдек, Европа кенгаши ҳам ҳукм ижросини қоралади.

Ўтган йилнинг 11 апрел куни Минск метросида содир этилган портлаш оқибатида 15 одам ҳалок бўлган ва юзлаб одам жароҳатланган эди.

Коновалов ва Ковалёвлар портлаш рўй беришидан уч кун ўтиб қўлга олинган эди.

Минск суди ушбу портлашда айбдор деб топилган маҳкумларни 2008 йилда Минскда рўй берган бошқа портлашда ҳам айбдор, деб эълон қилган эди.

Тергов жараёнида ҳар икки маҳкум ўз айбларини қисман тан олган айтилган, аммо суд жараёнида Ковалёв айбловни босим остида тан олишга мажбур бўлганини, ўзининг портлашга алоқадор эмаслигини айтган эди.

Бироқ бу баёнот суд томонидан эътиборга олинмаган эди.

Президент Александр Лукашенко режими Минск метросидаги портлашни мамлакатдаги барқарорликка путур етказишга уриниш, дея баҳолаган эди.

Ўтган ҳафтада Белорус ҳукумати сўнгги босқич жараёнда маҳкумларни авф этиш сўровини рад этган.

Белорус Европа қитъасидаги ўлим жазосини амалда сақлаб келаётган ягона давлатдир.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига кўра, собиқ иттифоқ қулаганидан буён бу давлатда 400 га яқин одамга нисбатан ўлим жазоси ижро этилган.
XS
SM
MD
LG