Линклар

Сирдарëлик 7 яшар Азиза Фахриддинова 27 январ куни Тошкент-Самарқанд йўналишида ҳаракатланаётган “Афросиёб” тезюрар поездидан олган оғир жароҳатдан ўзига келмаган.

Ўлимга олиб келган бахтсиз ҳодиса Сирдарё вилояти ҳудудида – Оқ олтин-Гулистон темир йўл бекатлари оралиғида содир бўлган.

Самарқанд Транспорт прокуратурасига кўра, 27 январ куни тезюрар поезднинг кучли шамоли 7 ёшли Азиза Фахриддиновани учириб юборган. Қизалоқ шамол натижасида симёғочга зарб билан урилиб, оғир жароҳат олган.

Шифокорларнинг қизнинг ҳаётини сақлаб қолишга уринишлари эса самарасиз якунланган ва Азиза касалхонада вафот этган.

Ушбу воқеа бўйича ким жавобгар бўлгани номаълум қолмоқда.

Прокуратура расмийси темир йўл бўйлаб ўрнатилган тўсиқларни бузиб, ўғирлаб кетиш, белгиланмаган жойдан тўсиқни ошиб ўтиш, поездларга тош отиш каби қонунбузарликлар учраётганини айтган.

“Афросиёб” тезюрар поездининг 250 километр/соат тезликда юра олиши айтилади. Мутахассисларга кўра, транспорт бундай тезликда ҳаракатланган пайтда кучли шамол юзага келади. Темир йўл бўйлаб махсус иҳотанинг йўқлиги эса аҳоли ва йўл яқинидаги иншоотларга хавф-хатар туғдиради.

Аввалроқ “Ўзбекистон темир йўллари” давлат компанияси Жиззахдан Даштободгача 59 километрлик ва Даштободдан Янгиергача 34 километрлик йўл қайтадан таъмирлангани, Тошкентдан Самарқандга қадар йўл бўйига симтўр тортилгани ҳақида ҳисобот берган.

Азиза Фахриддинованинг ўлими тезюрар поезд билан боғлиқ илк фавқулодда ҳодиса эмас.

2011 йилнинг 21 сентябрида Сирдарё ҳудудида соатига 190 километр тезликда кетаётган “Афросиёб” поездининг пантографи ишдан чиққач, рейс бекор қилинган.

Тошкент ва Самарқанд ўртасида қатновчи “Афросиёб” тезюрар поезди Испаниянинг “Patentes Talgo S.L.” ширкати томонидан ишлаб чиқарилган. Испан ширкати ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида 2009 йилда имзоланган олди-сотди битимига мувофиқ, иккита поезд ва уларнинг эҳтиёт қисмлари қиймати 38 миллион еврога баҳоланган.

Биринчи тезюрар поезд 2011 йил 22 июль куни Ўзбекистонга олиб келинган ва 2011 йилнинг октябридан доимий қатнамоқда. Иккинчи “Афросиёб” тезюрар поезди эса 2011 йил 9 декабрь куни Тошкентга келтирилган.

Хабарларга кўра, тезюрар электропоезд икки шаҳар ўртасидаги 344 километрлик масофани 2 соату 20 дақиқада босиб ўтмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG