Линклар

“Най чалиб, кун кечираяпман”

  • Гулнора Равшан

Қарилик гаштини суриш ҳозирги кунда Тожикистондаги нафақахўрларнинг ҳаммасига ҳам насиб бўлавермаяпти.

Қарилик гаштини суриш ҳозирги кунда Тожикистондаги нафақахўрларнинг ҳаммасига ҳам насиб бўлавермаяпти.

Ижтимоий аҳволи унчалик яхши бўлмаган тожикистонлик нафақахўрлар кексаликда ҳам ишлаб пул топишга мажбур бўлмоқда.

Рудакий туманидаги гавжум кўчаларнинг биридан ўтиб кетаётган пайтда най овозини эшитиб, атрофга боқдик.

Туманнинг марказий бозорига олиб кирадиган кўча бошида эгнига ола чопон кийиб, оҳори кетган шоҳи билан белини маҳкам боғлаб олган найчи чолга кўзимиз тушди.

Чол йўл четидаги “Савдо маркази” деворига суянган кўйи кўзларини юмганча най чаларди. Отахонга яқинлашиб, суҳбатга тортамиз. У исм-шарифи Абдужалил Хушчақов экани, асли Султонобод қишлоғидан бўлиши, ёши 75 да эканини айтади.

Абдужалил ота мактабни битирганидан кейин нафақа ёшига етгунига қадар тракторчилик қилган, ўша пайтда олган маоши билан оиласини ҳеч кимдан кам қилмай боқиб келган экан.

- Бироқ мустақиллик йиллари нафақага чиққанимдан кейин ўтиш давридаги бозор иқтисодиёти “шарофати” билан яшашимиз ҳам роса ночорлашди, - дейди Абдужалил ота.

Давлат ажратган 80 сомоний (тақрибан 17 АҚШ доллари, - таҳр.) нафақаси билан унча катта бўлмаган оиласини боқа олмагач, отахон Бойхон исмли чўпон танишига ”шогирд” тутиниб, най чалишни ўрганибди.

- 80 сомоний пенсия беради, бу 80 сомоний икки кунга етмайди. Шунинг учун бу (най чалиб, кун кечиришни назарда тутмоқда, - таҳр.) бир томондан тирикчилик. Ана шунақа. Бу найни саккиз йил аввал 15 сомонийга сотиб олгандим. Бир киши 65 долларга сўради, бермадим. Сабаби тирикчилигим шунинг ҳисобидан. Шу ҳунарни олганимдан кейин тирикчилигим ҳам яхши бўлиб, хурсанд бўлиб қолдим, - дейди Абдужалил ота.

Мана ўн йилдирки, Абдужалил ота кўча-куйда, чойхоналарда най шайдоларига турли куйларни ижро этиб беради ва улар инъом қилган уч-тўрт сомоний билан ўзи, кампири ва қизидан иборат кичик оиласини боқади.

- Мухлис кўп, чойхоналарга бориб ўтираман. Мухлис орттириш учун ўша ерларда чаламан. Берганини оламиз, бермаганига даъвогар эмасмиз. Кунига ўн сомонийми, ўн беш сомонийми - шу тирикчилик, очиғини айтишим керак, - дейди Абдужалил ота.

Суҳбатдошимиз ўн йилдан буён оиласини боқаётган най ва ундан таралаётган шарқона оҳанглар тушкунлик кайфиятида бўлган айрим юртдошларига маънавий озуқа ҳам бераётганини гапириб берди.

- Каттаю кичик, мўйсафидлар ҳам мени таклиф қилади, эшитади бунинг овозини. Айниқса эски чоллар бунинг овозини яхши кўради. Ёшлар ҳам “бобо, баҳор ойларида келинг, шунинг овозини эшитайлик” деб, мени ўзлари чойхоналарга таклиф қилади, катталар ҳам буни яхши кўриб тинглайди. Лекин найимнинг овозига йиғлаган одамлар ҳам бўлган, - дер экан Абдужалил ота бизга “ғариблик” деб номлаган куйни чалиб берди.

Маҳаллий таҳлилчилар мулоҳазасича, бугунги кунда иқтисодий жиҳатдан ғариблашган Тожикистонда қариялар ижтимоий жиҳатдан умуман ҳимояланмаган. Шу сабабли улар фақат ўз кучига таянади ва давлат ёки халқаро ташкилотлар ёрдамидан деярли умид қилмайди.

Расмий маълумотларга кўра, Тожикистон аҳолисининг тахминан 600 мингги нафақа ёшида. Кичкина нафақа эвазига умргузаронлик қилаётган тожикистонлик нафақахўрларнинг неча фоизи кексайганида ҳам тер тўкиб ишлаётгани юзасидан аниқ статистик маълумот йўқ. Лекин олган нафақаси ҳар куни қора қозон қайнатишга етмаётгани учун қўшимча даромад илинжида тонг саҳардан қош қорайгунча кўчаларда юрган тожикистонлик чолу кампирларни ҳар қадамда учратиш мумкин.

Улардан кимдир бозорда кўкат сотса, кимдир дурадгорлик қилади, яна бошқа бирови энагалик билан шуғулланади. Нафақахўрлар орасида ҳатто ночорлик боис тиланчилик қилиб кун кечираётганлари ҳам бор.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG