Линклар

Британиядаги мустақил тадқиқот марказига кўра¸ Ўзбекистон ҳарбий харажатлар учун йилига камида 1 миллиард 400 миллион АҚШ доллари сарфламоқда.

Маркази Лондонда жойлашган Халқаро Стратегик тадқиқотлар институтининг жаҳон давлатларидаги ҳарбий харажатлар миқдорига бағишланган янги ҳисоботида ана шундай рақам келтирилди.

Ўзбекистон ҳукумати ҳозирга қадар мамлакат бюджетининг айнан қанча қисми қуролли кучларга сарфланиши ҳақидаги маълумотни жамоатчиликдан сир тутиб келмоқда.

“2012 йилги ҳарбий харажатлар” деб номланган йиллик ҳисоботга кўра¸ Ўзбекистоннинг ҳарбий харажатлари қўшни Қирғизистонга нисбатан 45 баробар, Тожикистонга нисбатан эса 20 баробар кўпдир.

Глобал хавфсизлик бўйича жаҳондаги етакчи тадқиқот марказларидан ҳисобланган Лондон Халқаро стратегик тадқиқотлар институти ҳисоб-китобича¸ Ўзбекистон қуролли кучлари сафида 50 минг ҳарбий хизмат қилмоқда.

Бу кўрсаткич Қозоғистонда 65 мингни¸ Қирғизистон ва Туркманистонда 20 минг нафарни¸ минтақада энг кичик армияга эга Тожикистонда эса¸ 16 минг ҳарбийни ташкил этади.

Марказий Осиëдаги қуролли кучлар ҳарбий-техникавий жиҳозланиши манзарасига ойдинлик киритишга уринган Лондон Халқаро стратегик тадқиқотлар институтига кўра¸ бугунги кунда Ўзбекистонда 700 БТР¸ 340 дона танк¸ 135 қирувчи учқич ва 500 замбарак тўпи бор. Минтақада энг қудратли армияга эга Қозоғистонда 2210 дона БТР¸ 980 дона танк ва 278 дона қирувчи учқич бор.

Дунёнинг 170 дан ортиқ давлатининг ҳарбий харажатларига доир ушбу ҳисоботга кўра, Ўзбекистон ва Қозоғистон Марказий Осиëдаги ҳарбий харажатлари энг катта давлатлар ва Тошкент ва Остона йилига ҳарбий мақсадларга 1¸5 миллиард доллар атрофида маблағ сарфламоқда.

Глобал хавфсизлик масалалари билан шуғулланувчи Global Security ташкилоти ҳисоби Лондон марказиникидан бир оз фарқ қилади. Америкаликлар ҳисобича¸ 2011 йилда Қозоғистон ҳарбий мақсадларга 1 миллиард 638 миллион доллар¸ Ўзбекистон эса¸ 1 миллиард 567 миллион АҚШ доллари сарфлаган.

Мустақиликка эришганидан бери Ўзбекистон ва Қозоғистон мудофаа мақсадларига деярли бир хил миқдорда маблағ сарфламоқда¸ аммо бу маблағнинг мамлакат ялпи ички маҳсулоти нисбатига қаралса¸ орадаги тавофут жуда каттадир¸ дейди россиялик ҳарбий таҳлилчи¸ мудофаа масалаларини ëритувчи “Красная звезда” газетаси муҳаррири Владимир Мухин Озодлик билан суҳбатда.

- Қозоғистон иқтисоди Ўзбекистонникига солиштирганда анча яхши ва каттадир. Агар Қозоғистондаги ялпи ички маҳсулот ҳажмини Ўзбекистонникига солиштирсангиз¸ у бир неча марта каттадир. Аммо ҳарбий харажатлар миқдори деярли бир хил. Бу эса¸ Ўзбекистон ўз иқтисоди қурбига нисбатан ҳарбий мақсадларга Қозоғистондан кўра бир неча баравар кўп маблағ сарфламоқда¸ демакдир¸ дейди россиялик ҳарбий таҳлилчи.

2011 йил якунлари бўйича Қозоғистондаги ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) ҳажми 182 миллиард АҚШ долларини ташкил этади ва бу мамлакат ЯИМ миқдори жиҳатдан дунëда 55 ўринда туради. Қозоғистон ҳукумати ҳарбий харажатларга сарфлаëтган 1 миллиард 638 миллион доллар ЯИМнинг 0¸9 фоизига тенг.

Мустақил манбалар¸ 2011 йилда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг 78 миллиард атрофида бўлгани ва дунë бўйича ЯИМ бўйича 77 ўринда экани¸ айни пайтда йиллик ҳарбий харажатлар ЯИМ ҳажмининг 2 фоиздан кўпроғини ташкил этишини айтадилар.

Ўзбекистон ҳукуматини 14 миллиард деб тахмин этиладиган мамлакат йиллик бюджетининг ўндан бирини ҳарбий мақсадларга сарфлашга мажбур қилаëтган омил¸ ташқи эмас¸ асосан ички таҳдиддир¸ дейди россиялик ҳарбий таҳлилчи Владимир Мухин.

- Биринчидан¸ Ўзбекистон минтақадаги аҳолиси энг кўп давлат ва бу ерда миллий низо чиқиш эҳтимоли ҳамиша мавжуд. Иккинчидан¸ аҳоли ва ҳукумат ўртасидаги зиддият кучайиб бормоқда. Ва учинчидан¸ аҳоли турмуш тарзининг пасайиши оқибатида радикал кайфият куч йиғмоқда. Бу эҳтимолий портлашларни назоратда ушлаш учун Каримовга ниҳоятда катта ва кучли репрессив аппарат лозим. Бу машина ишлаб туриши учун ниҳоятда катта пул сарфлаш керак ва сарфланмоқда ҳам. Бундан кейин бу харажатлар ошса ошадики¸ камаймайди¸ дейди Владимир Мухин.

Мустақил кузатувчиларга кўра¸ Ўзбекистон ҳукуматидан ҳарбий харажатларни оширишни тақозо қилаëтган ташқи омил¸ шубҳасиз¸ Афғонистондаги беқарорликдир.

2014 йил охирига қадар АҚШ етакчилигидаги халқаро кучлар Афғонистондан чиқиб кетса¸ Ўзбекистон Афғонистондан келаëтган диний радикализм ва наркотиклар контрабандаси таҳдиди олдида яккама-якка қолади ва бу ташқи таҳдид мамлакат ҳарбий харажатлари янада ошишини англатади¸ дейди россиялик ҳарбий таҳлилчи Владимир Мухин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG