Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:58

Тулуздаги яҳудий мактабида тўрт одам ўлдирилди


Франция президенти Николя Саркози 4 киши, шу жумладан, 3 бола ҳаётдан олиб кетган ҳужумни "миллий фожиа", деб номлади.

19 март куни Франция жанубидаги Тулуз шаҳрида яҳудий мактаби ўққа тутилди ва ҳозиргача олинган маълумотларга кўра, ҳужум натижасида 3 ёш бола ва бир ўқитувчи қурбон бўлган.

Маҳаллий полиция номаълум қуролли шахс мотоциклда мактаб ёнига келгани ва кўзига кўринган одамларни отиб, кейин кўздан ғойиб бўлганини айтмоқда.

Франция Президенти Николя Саркози воқеадан бир соат ўтибоқ мактабга етиб борди ва 4 киши, шу жумладан, 3 бола ҳаётдан олиб кетган ҳужумни "миллий фожиа", деб атади.

- Бу дашҳат, бу фожиа. Мен бунинг ортида бирор мантиқни кўрмаяпман. Мен бирор кимсанинг мактаб қаршисидаги, мактаб ичидаги яҳудий болаларига қасд қилиш ҳақидаги ғоясини мутлақо қабул қила олмайман, деди президент Саркози.

Президент Саркози бу жиноятнинг бир неча кун муқаддам айни шаҳарда содир этилган бошқа жиноят билан "сезиларли ўхшашликлари" борлиги ҳақида гапирди.

У бу жиноятни содир этган кимсалар, албатта, жазога тортилишини ваъда қилди.

Ҳозир Франция махсус хизматларининг террорга қарши кураш билан шуғулланувчи махсус гуруҳи уч ҳолат бўйича тергов бошлади.

Ўтган ҳафтада қуролли шахс томонидан шундай кўринишда икки ҳужум амалга оширилган ва бу ҳужумлар натижасида уч ҳарбий қурбон бўлган эди.

Терговчилар ҳар икки ҳужумда бир қуролдан фойдаланилганини айтмоқдалар. Ҳозирча, мактабга уюштирилган ҳужум чоғида ҳам айни қурол ишлатилганми ёки йўқми — номаълум қолмоқда.

Тулуз прокурори Мишел Валега кўра, қуролланган шахс душанба куни эрталаб Озар Ҳатора мактаби олдида, ёш бола ёки катта киши бўлишидан қатъий назар, "учраган кимсани отган".

- Бу шахс мактаб олдига келганидан сўнг мотоциклидан тушган, ўзига яқинда турган ҳаммани, катталар ва болаларни ўққа тутган, мактаб болаларини мактаб ичига қадар таъқиб қилган, деди прокурор.

Тулуз прокуратурасидан олинган сўнгги маълумотларга кўра, қурбон бўлган болаларнинг бири 3, бири 6 ва яна бири 10 ёшда бўлган. Ўқитувчининг ёши эса 30 да бўлган. 17 ёшли бир йигит жароҳатланган.

Ўлдирилган катта ёшли кишининг ўлдирилган икки ёш боланинг отаси экани айтилмоқда.

Яҳудий мактабининг бу тариқа аёвсиз ўққа тутилгани халқаро жамоатчилик томонидан кескин қораланмоқда.

Европа Комиссияси раиси Жозе Мануэл Баррозо бу жиноятни "жирканч", деб қоралади. Европадаги Яҳудийлар конгресси қотилликни "ваҳшийлик", деб атади.
XS
SM
MD
LG