Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:40

1 апрелдан Тошкентда коммунал тўловлар оширилади


1 апрелдан совуқ сув 14 фоизга қимматлайди.
1 апрелдан совуқ сув 14 фоизга қимматлайди.

Тошкент шаҳрида 1 апрелдан бошлаб марказий иситиш тизими, иссиқ ва совуқ сув таъминоти учун тўловлар нархи қимматлайди.

Ошиш 15 фоиз атрофида


1 апрелдан ошириладиган коммунал тўловларни фоизда ҳисобланса, иссиқ сув 15,5 фоиз, совуқ сув 14 фоиз, марказий иситиш тизими тўловлари эса 10 фоизга қимматлайди.

“Тошиссиққувват” ташкилотининг режалаштириш бўлимининг навбатчи ходими оширилган нарх ҳақида Озодликка қуйидагиларни маълум қилди.

- Иссиқ сув ҳисоблагичи йўқ уйларда одам бошига 6707,12 сўм, аввал 5805,82 сўм эди. Умумий душга эга ётоқхона яшовчилари учун бир одамга 4989,45 сўм бўлди, аввал 4318,96 сўм эди. Ҳисоблагичи бор уйларда 1 куб метр учун 1717,47 сўм бўлди, аввал 1486,67 сўм эди, деди “Тошиссиққувват” ташкилоти ходими.

Пойтахт аҳли эндиликда марказий иситиш тизими учун ҳар бир одам бошига 535,95 сўм (463,93 сўм эди) тўлайди.

“Тошсувсоз” ташкилотининг навбатчи ходимаси совуқ сувнинг аввалги ва оширилган нархлари ҳақида маълумот берди.

-Ҳисоблагич бўлмаса, бир кишига 1997,46 сўм, аввал 1776,64 сўм эди, бу кўп қаватли уйларда. Ҳовлиларда, канализацияси бор хусусий уйларда 1739, 32 сўм бўлди, аввал 1538,17 сўм эди. Ҳисоблагичи бор квартираларда 1 куб метри учун 199 сўм қилиб белгиланди, аввал 177 сўм эди, деди "Тошсувсоз" ташкилоти навбатчиси.

“Тошиссиққувват” ҳам, “Тошсувсоз” ташкилоти ҳам тўловлар оширилгани сабабларини энергия ресурлари ва электр энергияси нархлари ошаётгани билан изоҳлади.

Ушбу ташкилотлардан олинган маълумотга кўра, 1 апрелдан бошлаб, электр энергияси ва табиий газ учун тўловлар ҳам қимматлайди.

Ҳозирча ушбу тўловларнинг ошгани ҳақида маълум қилинганича йўқ.

Шунингдек, 1 апрелдан бензин, дизел ва газ ёқилғилари қимматлаши ва йўл кира ҳам оширилиши тахмин қилинмоқда.

Қарздорлар кўпаяди...


Озодлик суҳбатлашган оддий тошкентликларга кўра¸ коммунал тўловларнинг оширилиши, аҳолининг бу хизматлар учун қарздорлигини кўпайтириб¸ иқтисодий-ижтимоий муаммоларни янада кескинлаштирмай қолмайди.

Тошкентнинг Учтепа туманида яшовчи 52 ёшли Шавкат аканинг ҳозирда коммунал тўловлардан анчагина қарзи мавжуд.

- Менинг қарзларим жуда ҳам катта. Масалан¸ газнинг ўзидан 500 минг сўмга яқин қарзим бор. Электрдан 70 мингча қарзим бор. Ҳовли налогидан бор 100-110 минг сўм атрофида, дейди суҳбатдош.

Шавкат ака ўзининг нархлар оширилиши учун келтирилаëтган расмий асосларни тушунишга ҳаракат қилаëтгани, айни пайтда¸ ҳукумат аҳолининг иқтисодий аҳволини ҳам инобатга олишларини истайди.

- Ошаверади. Буни тушунамиз. Инфляция бўлгандан кейин ҳаммасининг нархи ошадида. Ҳаммаси инфляцияга боғлиқку. Мажбур энди нима қилсин. Давлат ҳам ўзининг бюджетини балансировка қилиб туриши керакку. Инфляция ўпириб кетгандан кейин тўлдириш керакку ўрнини. Лекин ҳамма жабр оддий аҳолигада. Аҳолининг шўрида энди бу. Оддий аҳолига жабр қилишни хоҳламаган давлат президенти бунақа инфляцияга йўл қўймаган бўларди, нарх-навони ошир-ошир қилишни олдини олган бўларди, дейди шавкат ака.

Коммунал хизмат учун тўловлар нархи охирги марта ўтган йилнинг октябрида ўртача 16 фоизга оширилган эди.

Тошкентда ҳар йили икки-уч марта коммунал тўловлар нархи оширилиши одатга айланган.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:57 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG