Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:35

Ўзбекистонда қанча ишсиз бор?


Президент Ислом Каримов қарийб 7 миллион одам яшаëтган Тошкент шаҳрида 5100 одамнинг бандлик хизматлари томонидан ишсиз сифатида рўйхатга олинганини ҳақиқатдан йироқ дея баҳолади.


Бугунги кунда ишсизлик масаласи дунёда энг оғир муаммо эканини урғулаган Ўзбекистон раҳбари мамлакатда қанча одам ишсиз сифатида рўйхатга олингани ҳақида гапирмади.

АҚШ Марказий разведка бошқармасининг Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлигига асосланиб маълум қилишича, 2011 йил Ўзбекистонда рўйхатга олинган ишсизлар сони меҳнатга лаëқатли аҳолининг 1 фоизини, доимий ишга эга бўлмаганлар сони эса¸ 20 фоизини ташкил қилган.

Жаҳон банки маълумотига кўра, 2008 йилги иқтисодий бўҳрондан сўнг Марказий Осиё давлатларида ишсизлик ўртача 10 фоизни ташкил қилган. 2011 йил бошида минтақада ишсизлик даражаси 13 фоизга кўтарилган. Айни пайтда, ёшлар орасида ишсизлик 27 фоизга етган.

Ўз оилангиз¸ қариндош-уруғ ва маҳалла-кўйингиздаги аҳволдан келиб чиқиб¸ Сиз Ўзбекистонда ишсизлар сони қанча деб ўйлайсиз?


Расулбек, фарғоналик тадбиркор:

- 60 фоиз деса бўлаверади. Ишсизлик ниҳоятда кўп Ўзбекистонда. Завод-фабрикаларнинг ҳаммаси бекилиб кетган. Тошкентда ҳарқалай иш бор. Вилоятларда деярли ҳаммаси Россияга чиқиб ишлаяптида иш йўқлигидан. Менимча, ўзгариш йўқ. Чунки ҳозир давлатнинг бераëтган ойлигига яшаш мумкинмасда. Ниҳоятда озда ойликлари. Аниқ маълумотга эга эмасману кўпаяяптими камаяяптими, ҳар ҳолда областларда кўп юрганлигим сабабли ишсизларни ниҳоятда кўп кўраманда. Кўчада ўтирганларга “Нима ишламайсан? Иш йўқми?” десам, “Иш йўқ. Россияга чиқиб кетамиз” дейди. Завод-фабрикалар очилгани билан катталари очилгани йўқ. Фирма очилаяпти, очилгани билан яна қайта бекилиб кетаяпти. Яна ишсизлик кўпаяяпти. Чунки кўп нималар ҳам ҳозир банкротга учраяптида. Ҳозир ниҳоятда кўпчилик, ишга яроқли одамлар Россияга чиқиб ишлаяптида.


Очил Мирзаев, жиззахлик фермер:

- Мен Ўзбекистонда ишсиз йўқ, деб ўйлайман. Ишсиз бўлса, очидан ўлиб қолиш керакку у ишламаса. Биров устачилик қилади, биров ғишт теради, ëзда қаттиқроқ меҳнат қиладида, қишга ўзига ҳамма нарсани ғамлаб олади. Мол-ҳол қилиб шунга қараб мол семиртирса ҳам, қўй семиртирса ҳам, бозорга борса ҳам шу билан кун кўраверади. Мен бу ерда бирорта ишсиз деган нарсани кўрмайманда. Чунки ҳамма иш билан шуғулланади. Бизда Ўзбекистонда ишлар мавсумий бўлгани учун¸ масалан¸ ўша катта ëшдаги пенсияга чиққанлар ҳам қандайдир иш, молга қараш, суғориш билан шуғулланамиз. Ҳамма ҳам ишлайди. Фақат буни расмий рўйхатга олиб ишлаëтганлигини расмийлаштириш ë қўлидан келмаяпти ëки бўлмаса ҳамма иш билан шуғулланганлигини ҳужжатда кўрсатиш амалга ошмаяптида. Ўзбек халқини биласизку¸ бекор юрмайди. Масалан¸ бир қисмимиз Россияда, бир қисмимиз Қозоғистонда, бир қисмимиз Америкада ҳамма ерда ҳам барибир меҳнат қилаяпмиз, қолганимиз Ўзбекистонда меҳнат қилаяпмиз.


Мадина, тошкентлик тадбиркор:

- Менинг назаримда ишга яроқли 10 та одамдан иккитасигина ишлайди¸ холос. Шунақа бўлганда¸ ишлилар 20 фоиз ҳисобланадида. Ўрта ëшдан ҳам ишсиз кўп. Олдин ўрта ëшдан ишсиз бунча кўп бўлмас эди. Ëшларда ҳам кўп ишсиз. Мен ўзим ҳам ўрта ëш ҳисобланаман. Ваҳоланки олий маълумотли дипломим бор. Оралиқда одамлар ишсиз қолгани сабабли ҳам мен тижоратга ўзимни уриб кетганман. Мен ўзимнинг соҳам бўйича ишлашга иштиëқим йўқлигидан ëки пулга учиб кетганимдан эмас. Айнан ишсизлик бўлгани учун ҳам мен ўзимнинг дипломдаги касбим қолиб туриб тижоратга урганман. Ноиложликдан. 5 йил институтда фалон идорада ўтириб ишлайман¸ деган умидда ўқиганман. Ўрта ëшларда ҳам, ëшларда ҳам кам эмас¸ менинг назаримда.


Камолиддин Раббимов, мустақил кузатувчи:

- Аниқ маълумот мавжуд эмас. Чунки Ўзбекистонда махсус тизим шакллантирилган. Ўзбекистонда бутун минтақаларда, Тошкент шаҳрида ишсизлик биржалари мавжуд ва бу ишсизлик биржаларида рўйхатдан ўтиш анча мураккаб бўлган бир жараëн. Чунки маълум ҳужжатлар, справкалар талаб қилади. Кимки ўша ишсизлик биржасидан рўйхатдан ўтган бўлсагина¸ ҳуқуқий нуқтаи назардан ўзини ишсиз деб айтиши мумкин. Унга яраша Вазирлар Маҳкамасининг маълум бир қарорлари борки, уйда чорвачилик билан шуғулланадими, маълум бир озроқ ери бўладими, мана шулар ҳам иш билан таъминланган ҳисобланади. Шунинг учун Ўзбекистонда шакллантирилган мана бу системага, тизимга мувофиқ ишсизлар сони ҳаддан ташқари кам. Лекин аслида Ўзбекистонда ишсизларнинг реал иш топмасдан яъни иш топиши қийин бўлган аҳоли қатлами анча кенг. Бу биринчи муаммо. Уни фоизда айтиш қийин. Билмадим балки бу 20 фоиздан ошар, 25 фоиздан ошар. Лекин иш билан таъминланган аҳолининг энг кам эҳтиëжларини қондириш салоҳияти¸ бу иккинчи муаммо. Ўзбекистондаги ойликларнинг ҳажми ва эҳтиëжларини қондириш даражаси.


Дилором Исҳоқова, мухолифат фаоли:

- Ўзбекистонда ишсизлар сони жуда ҳам катта. Мен аниқ маълумот айта олмайман, чунки Ўзбекистонда статистика биласиз¸ энг катта давлат сири ҳисобланади. Тўлиқ статистик маълумот олиш имкони йўқ. Шунинг учун ҳеч ким аниқ маълумот бера олмайди. Миграцияга чиқиб ишлаб юрганларни ҳисобга олмаганингизнинг ўзида Ўзбекистонда ҳам менимча ишсизлар сони ниҳоятда катта. Ташқарига чииқб ишлаëтганлардан ташқари аҳоли сонига нисбатан 20 фоиз ишсизлар бўлса керак деб ўйлайман. Асосан ишсиз ëшлар. Ўрта ëшлиларнинг ҳам ишсизлари бор. Лекин асосан ëшларга иш масаласи жуда катта муаммо.


Абдуманнон Холжўраев, мустақил кузатувчи:

- Аниқ рақам айта олмайнау, тахминан ишга яроқли Ўзбекистон аҳолисининг камида 70-75 фоииз ишсиз. Бунга асосланганим биринчидан, иш ўринлари яратаëтган, масалан¸ менҳнат ярмаркалари ўтказилаяпти Тошкент шаҳрида, бошқа туманларда. Ана шу меҳнат ярмаркалари ўтказган жойдаги таклиф қилинаëтган иш ўринлари ҳам қалбаки иш ўринлари. Бунга мен ўзим жуда ҳам кўп шоҳид бўлганман. Чунки болаларим ҳам ишсиз. Бир эмас учта болам бор. Энди биттаси ишлаяпти. Қолган иккитаси ишсиз. Ана шу ярмаркага шахсан ўзим бориб қатнашиб кўрганман. Ташкилотлар иш ўрни таклиф қилиб мажбуран олиб келинади. “Шунча одамни ишга олдик” деб айтади улар. Кейин ишхонадан “Вақтинча иш йўқ” деб “без содержания” таътилига чиқариб юборади ва қайтиб олмайди ишга.

"Ижтимоий фикр" сўров маркази ходими:

- Бизлар ижтимоий фикр марказимиз¸ статистика маркази эмас. Бизда унақанги маълумот бўлмайди. Бизлар ишсизлик муаммоси ҳақида одамлар фикрини ўрганиш бўйича тадқиқотлар ўтказамиз, лекин уларнинг сонини белгилаш мақсадида эмас. Бу мисол учун қанча ишсизлар ëки қайси соҳаларда бизларнинг нимага кирмайди.


Баҳодир, қаршилик савдогар:

- Кўпайган ака. Мана бизларнинг бозор бўйича гапиришим мумкин. Мен бошқалар бўйича гапирмайман. 3000-3500 одам ичидан 300-500та одам ишли бўлди. Қолганлари беиш бўлиб Россияга кетворди ака. Бозорқўмнинг айби билан бўлаяпти бу. Бошқаларнинг айби билан эмас бу. Мен ўзимиздаги иш бўйича гапиришим мумкин, бутун Ўзбекистон бўйича гапира олмайман ака. Мен ҳозир билмасдан сизга гапирсам, ман учун бу қамоқ деган нарса. Ўзингиз яхши биласизку бу нарсани.

******************************************************************

Муҳтарам муштарий, "Ҳафта саволи"га мулоҳазаларингизни йўлламоқчи бўлсангиз "Шарҳлар" тугмачасини босиб, фикрларингизни ёзиб қолдиришингиз мумкин.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:27 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG