Линклар

Россия Сурияда ўт очишни тўхтатишга чақирди


Россия Халқаро қизил хоч қўмитасининг Сурияда ҳар куни икки соатлик ўт очишни тўхтатиш чақирувларига қўшилди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги Сурия ҳукумати ва “унга қарши курашаётган қуролли гуруҳларни” ўт очишни тўхтатишга чақирди. Қизил хоч ўт очишни тўхтатиш муҳтожларга инсонпарварлик ёрдамини кўрсатиш учун кераклигини айтмоқда.

Москва шунингдек Қизил хоч қўмитасига Башар ал-Ассад режимига қарши исён бошланганидан бери қўлга олинган намойишчиларни кўриш имконияти берилишини сўради.

Кеча Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Москвада Халқаро қизил хоч қўмитаси раҳбари Якоб Келленбергер билан учрашди.

Учрашувдан аввал Келленбергер бундай деди.

- Тахминларимизга кўра, афсуски, Сурияда гумманитар вазият ёмонлашишда давом этиши эҳтимоли юқоридир. Биласиз, бизнинг ташкилотимиз Сурия Қизил яримой жамияти билан жойларда фаол ёрдам кўрсатаётган ягона ташкилотдир.
БМТ ҳисоб-китобларига кўра, президент Башар ал-Ассад режимига қарши бир йилдан бери давом этаётган исён оқибатида 8 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган.

Душанба куни Сурия пойтахти Дамашқнинг бир нечта туманида шиддатли жанглар рўй берди. Зўравонликлар оқибатида камида икки исёнчи ва ҳукуматнинг бир аскари ҳалок бўлгани айтилмоқда.

Бир кун аввал эса, Алеппо ва Дамашқда рўй берган портлашлар оқибатида 30 га яқин одам ҳалок бўлди.

Россия Хитой билан биргаликда БМТ хавфсизлик кенгашида Сурияга қарши резолюциялар муҳокамасига вето қўйган.
XS
SM
MD
LG