Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:56

Қандаҳордаги хунрезлик сабаблари АҚШда баҳс қилинмоқда


Сержант Роберт Бейлс (чапда)
Сержант Роберт Бейлс (чапда)

Афғонистонда 16 нафар тинч фуқарони ўлдирганликда айбланаётган АҚШ сержанти душанба куни ўз адвокати билан учрашди. 11 март кунги ҳодисадан қарийб 10 кун ўтиб Роберт Бейлс ҳақида пайдо бўлган маълумотлар - унинг ҳарбий мукофотлари, бир неча марта урушга юборилгани, жангларда олган жароҳатлари ҳақидаги маълумотлар Америкада баҳсларни келтириб чиқарди.

Роберт Бейлс 2011 йил 11 сентябр террор хуружларидан бир неча кун ўтиб ҳарбий хизматга қўшилган. У ўтган йили АҚШ Президенти Барак Обама “11 сентбяр авлоди”, деб таърифлаганлардан биридир.

- Биз 11 сентябр авлоди – 10 йил ичида ҳарбий кийимни кийган беш миллиондан ортиқроқ америкалик 10 йилдан бери кўрсатаётган мислсиз хизматга қанча ҳурмат кўрсатсак камдир. Улар сентябрнинг ўша куни тинчлик даврида хизмат ўтаётган, лекин кутилмаганда урушга киришиб кетганлардир. Улар ўз мамлакати уруш гирдобида қолганини кўриб, “мени юборинг”, деган миллионлаб аскарлардир, деган эди президент 2011 йил 11 сентбяр куни.

Ўтган 10 йил ичида Бейлс иккита урушда қатнашди, уни тўрт марта урушга сафарбар қилинди. Ҳозирда у Афғонистонда 16 тинч фуқарони ўлдирганлик айби билан АҚШ ҳарбий қамоғида сақланмоқда.

Душанба куни у ўз адвокати штаб-сержант Жон Ҳенри Браун билан Канзасдаги Форт Левенуорт қамоғида учрашди.

Адвокат Браун учрашувдан аввал “The Washington Post” газетасига берган интервьюсида ўз мижози ўтган йилнинг кузида Афғонистонга юборилаётган пайтда, у ерга боришни истамагани, бунга ундан аввал Ироқдаги урушда бошидан жароҳат олгани сабаб бўлганини маълум қилди.

Бейлс ҳикояси ва у амалга оширгани айтилаётган жиноят Америкада ўн йиллик урушнинг оқибатлари хусусидаги баҳсларни келтириб чиқарди. 2001 йилдан бери Ироқ ва Афғонистонга 2 миллиондан ортиқ АҚШ аскари юборилди, уларнинг баъзилари бир неча мартадан сафарбар қилинди.

Вьетнам уруши ветерани Фил Ландис бу мисли кўрилмаган ҳолатдир, дейди. Ландис ҳозирда Сан Диегода жойлашган оғир аҳволда қолган уруш ветеранларига кўмак кўрсатувчи марказга бошчилик қилади. Унинг ташкилотига мурожаат қилаётганлар саломатликлари ёмонлашгани, ишсизликдан ёхуд ичкиликдан қийин аҳволга тушиб қолган ветеранлардир.

- Мен урушда бир йил хизмат қилдим, мен учун бу керагидан ортиқ бўлди. Бу ёш йигит ва қизларнинг бир неча марта қайта-қайта сафарбар қилинишлари уларга қандай зиён етказишини тасаввур қилиш қийин. Руҳий жароҳат ўзидан ўзи йўқолмайди, у тўпланиб боради. Бу ёш йигит ва қизлар, Ироқ ёки Афғонистондаги урушда қатнашиб, 6,7 ёки 8 ой уйда бўлиб, яна урушга қайтиб кетади. Яъни уларнинг ҳаёти урушга айланади. Улар фавқулодда ҳолат ёки ҳарбий ҳаётдан узила олмайди. Бунинг оқибатлари жуда жиддий ва қўрқинчлидир, дейди Вьетнам уруши ветерани.

Бейлс Қандаҳордаги қишлоқда тинч аҳолига қарата ўт очишидан икки кун аввал сафдоши портлаш оқибатида оёғидан жудо бўлганигат гувоҳ бўлгани айтилмоқда. Ироқда олган бош жароҳатидан ташқари Бейлс оёғининг бир қисмини ҳам йўқотган.

АҚШ Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, 2001 йилдан бери Афғонистон ва Ироқдаги урушларда 40 мингга яқин аскар жароҳатланган.

Лейтенант Камерон Керр ана шундай аскарлардан биридир. У ўтган йилнинг февралида Қандаҳорда портловчи мосламани босиб, чап оёғидан ажраган. Ҳозирда у Вашингтондаги ҳарбий шифохонада даволанмоқда.

- Албатта, кўп ҳолларда жароҳатнинг жиддий руҳий оқибатлари ҳам бор. Бошдан кечирганларимни тилмаган бўлардим. Баъзиларнинг омади чопиб, хушидан кетиб қолади. Лекин кўпчилигимиз жароҳат олган пайтимизда хушимизда бўлганмиз, бу эса чидаб бўлмайдиган оғриқ деганидир. Кўпчилик йигитлар бир неча марта урушга сафарбар қилинди ва ҳеч ким кўрмаган нарсаларни кўриб қайтади. Уларнинг аксари 19 ёки 20 ёшдадир, дейди Афғонистонда жароҳат олган лейтенант.

Уруш ветеранларини 20 йилдан бери даволаб келаётган руҳшунос Шари Болтер жанг майдонида олинган руҳий жароҳатларни даволаш қийин, дейди.

- Уруш ветеранларнинг кўпчилиги катта руҳий синовларни бошдан кечиради. Бунга сафдошлари, деўстларининг ҳалок бўлиши, оёқ ёки қўлдан жудо сабаб бўлиши мумкин. Бунинг оқибатида уларнинг кўпчилиги ичкилик ёки гиёҳванликка берилиб кетади, дейди психотерапевт.

АҚШ Мудофаа вазирлигининг ўзини таништирмаган мулозими “The New York Times” газетасига сержант бейлс ҳодиса рўй беришидан бир неча соат аввал алкогол ичганини маълум қилди.

Ҳақиқатан алкогол урушдаги ҳарбийлар орасида руҳий оғриқлардан қутилишнинг кенг танрқалган воситаси ҳисобланади. Ироқ ва Афғонистонда алкогол ичимликлар тақиқланганига қармасадан, у ердаги америкалик аскралар бундан мустасно эмас, дейди мутахассислар. Кейинги 5 йил ичида уруш ветеранлари орасида, АҚШ Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, ичкиликка ружу қўйганлар сони икки баробардан кўпроққа ошган. 2010 йилнинг ўзида 13 мингга яқин аскар ичкиликбозликдан даволангани айтилади.
XS
SM
MD
LG