Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:53

Иркутскда ўзбекистонлик қоровул отиб кетилди


Иркутскда коттеж ҳовлиларидан бирини қўриқлаётган Ўзбекистон фуқароси отиб кетилди. Терговчилар бу қотилликни коттеж эгасининг тадбиркорлик фаолияти билан боғлашмоқда.


19 март куни Иркутск шаҳри атрофида жойлашган “Солнечный-2” коттеж қўрғонида жойлашган шахсий дала ҳовлиларидан бирида отиб кетилган 51 ёшли Ўзбекистон фуқароси мурдаси топилди.

Иркутск вилояти Тергов қўмитаси раҳбари муовини Владимир Саловаровнинг Озодликка билдиришича¸ тергов манфаатлари нуқтаи назаридан ҳозирча ўлдирилган шахс исм-шарифи ошкор этилмаëтир.

- Тергов тахминларига кўра, қотиллик 19 мартнинг эрталабки соат 9 ларда содир этилган. Номаълум жиноятчи ўзбекистонликка икки маротаба ўқ узиб жиноят жойидан ғойиб бўлган. Жароҳат олган шахс ўша ерда ҳалок бўлган. Қизиғи, унинг ëнида жуда катта миқдорда пул бўлган, лекин жиноятчи бу пулга тегмаган, дейди Владимир Саловаров.

Айтилишича¸ ҳозирда жиноят жойида Иркутск Тергов қўмитаси ва Ички ишлар бошқармаси оператив ходимлари тергов-текширув ишлари олиб бормоқда.

Қотиллик юзасидан Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 105-модда 2-қисми (қотиллик) асосида жиноий иш қўзғатилган.

Тергов қўмитаси расмийсига кўра, терговчилар ҳозирча Ўзбекистон фуқаросининг “Сайга” ов милтиғидан отиб кетилгани, бироқ пул олинмагани боис қотиллик сабаблари бўйича бирор изоҳ бера олмаслигини қўшимча қилди.

- У қоровул бўлиб ишлаган. Қўриқланаётган коттежда тадбиркорлар оиласи яшайди. Пулга тегилмаган, бу пулларни у оиласига Ўзбекистонга жўнатмоқчи бўлиб турган ўхшайди. 51 ёшли бу шахс коттежнинг ёнида жойлашган қоровулхонада яшаб келган. Шу сабабли биз буни оддий талончилик сифатида баҳоламаяпмиз, лекин бу тахминдан ҳам ҳозирча тўлиқ воз кечганимизча йўқ. Тергов давом этаяпти, дейди Тергов қўмитаси расмийси Владимир Саловаров.

Озодликнинг ўз манбаларига таяниб олган маълумотларига кўра, шу йилнинг 6 мартида бу коттеж эгасига суиқасд уюштирилган.

Айтилишича¸ иркутсклик бизнесмен ўз ҳайдовчиси билан ишдан қайтаётганида, корхонасидан чиқаверишда унинг машинасини давлат қайд рақамларисиз оқ иномарка тўсган. Машинадан тушган номаълум кимса тадбиркор машинасини ўққа тутган ва жиноят жойидан қочиб қолган.

Тадбиркорни зирҳли автомобили қутқариб қолган. Ҳодиса жойидан Калашников автомати гилзалари топилган.

Терговчилар бу жиноятни унинг тадбиркорлик фаолияти билан боғлашмоқда.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:35 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG